Ўзбекистон | 10:00 / 24.12.2022
29942
4 дақиқада ўқилади

Қонун ва суддан устун бўлишга уринаётган вазир. Профессор нега лавозимига қайтарилмаяпти?

Жиноий иш қўзғатилиб, лавозимидан четлатилган профессор унга қўйилган айблов ва эҳтиёт чоралари бекор қилингач ҳам ишга тиклана олмаяпти. Соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев суднинг ишга тиклаш ҳақидаги қарорини 6 ойдан буён бажармай келади.    

Фото: Kun.uz

Таниқли онколог шифокор, профессор Ғолиб Ҳакимов қарийб 2 йил олдин суд ажрими асосида соғлиқни сақлаш вазирининг буйруғи билан Республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Тошкент шаҳар филиали бош шифокори лавозимидан четлатилган. Бунга профессор раҳбарлик қилаётган шифохонада бўлим бошлиғи бўлиб ишловчи Алишер Мингбоевнинг ижтимоий тармоқларга қилган чиқиши ортидан филиал мансабдор шахсларига жиноий иш қўзғатилгани сабаб бўлган. Ўшанда Алишер Мингбоев Ғолиб Ҳакимов бошчилигидаги бир гуруҳ шахсларни коррупцияда айблаган, қарши тараф эса бу туҳмат эканини айтганди

Алишер Мингбоевнинг ижтимоий тармоқлардаги чиқиши ортидан Чилонзор тумани прокуратураси 2021 йил 12 феврал куни Тошкент шаҳар онкология маркази мансабдорларига жиноий иш қўзғатади. Дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилиб, 2021 йил 22 феврал куни филиал бош шифокори Ғолиб Ҳакимовга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 2-қисми “г” банди билан айблов эълон қилинган ҳамда суднинг ажрими билан у лавозимидан четлаштирилган.

Жиноят иши 2022 йил 1 феврал куни ҳаракатдан тугатилиб, профессорга қўйилган айблов ва эҳтиёт чоралари бекор қилинган.

Ғолиб Ҳакимовга қўлланган эҳтиёт чоралари, жумладан жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани судининг ажримига асосан лавозимидан четлаштирилиши бекор қилингач, у ўз ишига қайтиши керак эди. Аммо бундай бўлмади: профессор лавозимига қайтиш йўлида кўплаб тўсиқларга учради. Соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев ишни чигаллаштиравергач, вазиятга Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги аралашган: вазир ўринбосари номидан Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари номига хат чиқарилиб, профессорни ўз лавозимига қайтариш сўралган. Лекин бундан ҳам натижа чиқмаган: профессорни ишга тиклаш ҳақидаги буйруқ вазир Бехзод Мусаевнинг иш столида имзо кутиб ётаверган. 

2022 йил 30 июнь куни Тошкент шаҳар Бандлик бош бошқармаси давлат меҳнат инспекцияси даъвоси билан фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур тумани суди ишни кўриб чиққан. Суднинг ҳал қилув қарори билан Соғлиқни сақлаш вазирлигига Ғолиб Ҳакимовни ўз лавозимига қайтариш мажбурияти юклатилган. Вазирликнинг апелляция шикояти асосида 2022 йил 11 октябр куни ишни қайта кўрган Тошкент шаҳар суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати биринчи инстанция суди қарорини ўз кучида қолдирган.

Суднинг қарорини бажармаётган бир пайтда МИБ томонидан қўзғатилган ижро иши тиббиёт вазирига “деворга кесак отилганича бўлмаган”.

17 та ишчи гуруҳ текширди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳар сафар бу текширувлар натижасини тан олмасди. Охири Бош прокурор қабулида бўлдим ва ҳеч кимга бўйсинмайдиган ишчи гуруҳ тузишни сўрадим. Шу тариқа барча текширилган нарсалар яна қайта текширилди. Агар улар арзимаган суммада камомад топишганида, мени қамаб юборишлари аниқ эди.Вазирлик суднинг қарорини очиқчасига бажармаяпти ва бу ошкора адолатсизлик ҳисобланади. Вазир нега бунақа йўл тутаётгани ва бунинг ортида нима борлиги мен учун ҳам қизиқ”, — демоқда Ғолиб Ҳакимов.

Бугунги кунда Ўзбекистонда 100 мингдан ортиқ онкологик касалга чалинган бемор бор ва уларнинг 30 фоиздан ортиғи оғир аҳволда. 100 минг беморнинг 10 мингга яқини эса 18 ёшга тўлмаган болалар. Шундай вазиятда Соғлиқни сақлаш вазири соҳанинг етук мутахассисига бу шаклда адолатсизлик қилиши тушунарсиз. Аслида, МДҲ давлатларида ҳам таниқли бўлган онколог шифокорнинг илми ва салоҳиятидан унумли фойдаланиш ўрнига унга бу тариқа босим ўтказиш Ўзбекистон тиббиётини орқага судраш билан тенгдир.

Руслан Сабуров,
Kun.uz мухбири

Мавзуга оид