Ўзбекистон | 13:49 / 28.12.2022
22762
10 дақиқада ўқилади

«Қачон тинасан, тақ-туқ?»  – қурилиш-таъмирлашлар шовқинидан азият чекаётган аҳоли

Кўпқават уй қуриб, эгасига топшириб, унинг ёнидан яна уй қуриш бизнесменга фойда келтириши мумкин. Бироқ бу шаҳарлар аҳолисига қимматга тушяпти. Қурилиш давом этаётган ҳудудларда яшайдиган аҳоли шовқиндан доимий норози бўлиб келади.

Фото: KUN.UZ

Катта шаҳарларда қурилаётган объектлар, айниқса кўпқават уйлар сони сезиларли даражада ошган. Бу қурилишлардан чиқадиган чанг бир муаммога айланган бўлса, энди қурилиш ва таъмирлаш ишлари натижасида ҳосил бўладиган шовқинлар ҳам аҳолини безовта қилиб қўймоқда. Буни пойтахт мисолида ҳам кўриш мумкин.

“Усталар билан жанжал ҳам қилгандим”

Kun.uz Тошкент шаҳрининг қурилиш давом этаётган турли туманларида яшовчи аҳоли билан суҳбатлашди. Уларнинг аксари қурувчилар тунги уйқу вақтларида ҳам ишлашларини айтишди.

Яккасарой тумани, Шота Руставели кўчаси

Яккасарой тумани Бошлиқ мавзесида яшовчи фуқаро шовқин аҳолининг иш, ўқиш унумдорлигига таъсир қилиши ҳақида гапирди:

Ёнимизда уй қуриляпти. Исталган вақтда тақирлатишни бошлайди, бу ёқимсиз овозлар кечаси ҳам безовта қилиб қолиши мумкин. Нафақат яшаш жойимда, балки ўқиш жойимда ҳам дарсда ўтирганимизда дрел овози эшитилади, халал беради. Одатда кундуз куни ёки тушда безовталанамиз. Унча тез-тез эмас, лекин ўша безовта бўлган вақтимиз бутун кунга етарли бўлади. Асаб бузилади, фикрни жамлай олмайман, шахсан мен. Ўқишим борлигини ҳисобга олсак, уйда мана шу қурилишни деб дарс қилолмайман, хайрият кечаси улар ҳам дам олади, лекин мен дам олмайман, кундузи қилолмаган дарсларимни ёзиб чиқаман.

Яккасарой тумани, Шота Руставели кўчаси

Аҳоли гавжум ва зич яшайдиган ҳудудларда қурилиш қилишларига қаршиман. Агар қилишса ҳам, қурилиш бўлаётган жой атрофи овоз ўтказмайдиган тўсиқлар билан ўралиши керак. Ёки қурилиш бўладиган соатлардан аҳолини огоҳлантириш керак.

Янгиҳаёт тумани, Ўзар маҳалласи

Янгиҳаёт туманидаги Янги Чоштепа 70-уйда яшовчи фуқаро қурилиш қилиш олдидан ҳеч ким уларни огоҳлантирмаслигидан нолиди:

Мен Янгиҳаёт туманидаги Янги Чоштепа мавзесида яшайман. Бу ерда ҳали уйлар қурилиши давом этяпти. Деразани қачон очсак ҳам қурилиш шовқини эшитилиб туради. Бу ерда тун бўйи ҳам қурилиш қилишади. Эрталабдан яна қурилиш давом этади. Бир марта ухлолмай чиқиб, усталар билан жанжал ҳам қилгандим. Биз яшаётган уйдан 30 метр масофада қурилиш қилишаётган эди, шовқини жуда баланд эшитилади. Яна бир муаммо нафақат қурилиш давомида, умуман қўшинларимиз ҳам уйида таъмирлаш ишларини қилса, бошқаларни огоҳлантирмайди. Бу эса келишмовчиликларни келтириб чиқаради.

Юнусобод тумани, Осиё кўчаси

Тошкент шаҳар Юнусобод тумани Осиё кўчасида яшовчи талаба қурилишлар 3 йилдан бери дарсларга халал беришидан норози:

Масалан, мен талабаман, ётоқхонамиз жойлашган ҳудуд атрофида жуда кўп қурилиш бўлади. Ҳозир 4-босқичда ўқийман. Қурилиш шовқини эса 1-босқичда ўқийдиган вақтимдан бери давом этяпти. Айниқса дарс вақти тақир-туқурлар овози жуда халақит беради. Шунинг учун қурилиш соатларини ҳудудга қараб алоҳида белгилаш тўғри бўлиши мумкин. Масалан, мактаб, университетлар ҳудудида кечки пайт қурилиш қилган маъқул, чунки бошқа пайт илм олувчиларга халақит бериш мумкин. Кўпқават уйлар ёнида эса кун ёруғида қурилиш қилса тўғри, сабаби бундай жойларда аҳоли кундузи ишда бўлиб, уйга кеч 6-8ларда қайтади.

Бектемир тумани Сувсоз даҳасида яшовчи фуқаро таъмирлаш қиладиган қўшнилар ҳам бир-бирини огоҳлантирмай қўйганини айтади:

Уйимизнинг ёнгинасида қад ростлаётган кўпқават уйда қор ёғган кунлари ҳам қурилиш давом этди. Қишин-ёзин шовқин. Кечқурун тинмайди овоз. Тушунамиз, қурувчи компания ҳам тезроқ битказиш учун тез-тез ҳаракат қилиши керак. Ҳатто 2-сменада усталар олиб келиб ишлатганлари ҳам бўлади. Шовқинга кўникиб ҳам қолдик. Қурилиш компаниясидан нолимай ҳам қўйдик, ахир таъмирлаш қиладиган қўшнилар ҳам бир-бирини огоҳлантирмайди-ку.

Сирғали тумани Меҳригиё кўчаси истиқоматчиси чақалоғи қурилиш шовқини сабаб яхши ухлолмаслигидан шикоят қилди:

Дрел ва турли шовқинлар сабаб чақалоқларнинг уйқуси бузилади. Мени болам энди ухлаганда дрил овози эшитилиб қолади (ҳар куни кундузги уйқуни 11:00 атрофида ухлайди), учиб тушадиган бўлиб қолди. Қўрқиб уйғониб кетади. Бир девор нарида эшитилгани учун овози жуда баланд. Болам шу ердаман деб бағримга босиб овутаман. Аввал ухлаганда ишларимни битириб олаётгандим. Энди ухлаганда учиб тушмасин деб тургунича ёнидан кетмаяпман. Бу ёш болаларнинг психологиясига жуда ёмон таъсир қилади. Ҳатто катта одам чўчиб уйғонса, қандай ёмон бўлади. Ёш болани тасаввур қилаверинг.

Яккасарой тумани, Бобур кўчаси

“4 йилдан бери тақ-туқ тинмайди”

Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг кўплаб ҳудудларида қурилиш ишлари кетаётгани сабаб бундай манзара бошқа вилоятларида ҳам топилади. Буни Facebook’даги Maslahat.uz гуруҳида қурилиш шовқинидан азият чекаётган фуқаро постига қолдирилган изоҳлар ҳам кўрсатяпти. 

«Биз 3 йилдан бери шу аҳволда яшаймиз. Ҳеч ким ва ҳеч қандай ҳаракатнинг фойдаси йўқ. Кўникиб қолдик», – деган Самарқанд вилоятида яшовчи Нафиса Қаҳҳорова.

«Ҳа, энди қутулдик, 2 йилда биз ҳам», – деган Андижон вилоятида яшовчи фуқаро Гавҳарой Ҳамдамова.

«Ҳозир ҳамма жойда шу аҳвол, янги уй олдик, кўчиб ўтдик, ёнимизда катта қурилиш. Тун-у кун тақ-туқ, чанг-тўзон, катта 4та “дом” тушяпти. Илож йўқ, юракни кенг қилинг, ойнани ёпинг, ёзда кондиционер қўйинг, ҳаммаси ўткинчи», – деб ёзган Шоҳиста Исроилова.

«Шу яшаётган уйимизга кўчиб келганимизга салкам 4 йил бўлган бўлса тарақ-туруқ умуман тўхтаган эмас! Икки ёнимиздан ҳам. “Cити”лар қурилиб кетди кўз олдимизда. “Cити”ларнинг олдида биз ким бўлибмиз, додимизни ким эшитарди?» – дейди Малика Б.Т.

«5 ёки 6 йилдан бери шунақа аҳвол», – дея изоҳ қолдирган Ҳалима Тожибоева.

«Биздаям шу аҳвол, эрталабдан кечгача, сиз сиқилманг, сиз ёлғиз эмассиз», – деган Исмоил Иноятов.

«Бизда 4 йилдан бери шу аҳвол. Янги таъмир қилган уйларимизнинг деворлари ёрилиб кетяпти. Эрталабдан тарақ-туруқни бошлайди, ишлайдиган одам шу якшанбани кутиб дам оламан дейди, лекин аҳвол чатоқ. Ўзи чет элда уйлар шаҳардан четда бўлади-ку. Бора-бора шунақа бўлади шекилли», – дейди Самира Дилобар Исматова.

«Бизнинг ёнимизда боғча қурилди. Ёзда умуман ойна очмадик. Чанг, тарақ-туруқ. Бир томонда янги уйлар тушиб кетяпти. Мажбурмиз, яшаяпмиз. Ойнани очмаймиз», – деб ёзади Қодирова Шаҳноза.

Ярим тунда ҳам чироғи ўчмаган кранлар

Шаҳарни айланиб, юрарканмиз, соат 23:00дан ўтганда ҳам қурилиш бўлаётган жойлардаги кранлар чироғи ўчмагани аҳоли фикрини тасдиқлайди.

Янги ҳаёт тумани, Жун ариғи ҳудуди

Шундай бўлса-да, бир нечта қурувчи компаниялар билан гаплашиб, улардан қурилиш-монтаж ишларини куннинг айнан қайси вақтларида ташкил қилаётгани ҳақида сўраб кўришга ҳаракат қилдик. Аммо аниқ жавоб ололмадик. Биз гаплашган 3та компаниядан 1таси улар ишни эрталаб 9-6гача давом эттиришини айтган бўлса, яна бири кун-у тун ишлашини маълум қилди.

Миробод тумани, Шаҳрисабз кўчаси

«Белгиланган вақтгача бинони битириб, уйларни эгаларига топширишимиз керак. Шу сабаб тун-у кун ишлашга тўғри келади», – деди қурувчи компания вакилларидан бири. Айрим компаниялар бу маълумотни айтишни истамади.

Қурилиш қилиш учун белгиланган соатлар бор

Қурилиш қилиш вақтлари ҳақида шаҳарсозлик бўйича мутахассис Искандар Солиев билан гаплашдик. Унинг айтишича, бундай чеклов дунёнинг кўп давлатлари қатори, Ўзбекистонда ҳам белгиланган.

Аҳоли зич яшайдиган ҳудудларда шаҳарни 23:00дан соат 7:00гача шовқинсиз қилиш қоидаси бор. Бу Қурилиш вазирлигининг «Шовқиндан ҳимоя» қоидалар тўпламида ёзилган. 

Шаҳарсоз умуман қурилиш жойларида баланд шовқин чиқармаслик учун хорижий давлатларда қандай усуллардан фойдаланиши ҳақида ҳам маълумот берди.

«Ва бундан ташқари шундай ҳолатларда катта шовқинли қурилиш вақтида атрофдаги аҳоли билан ҳам келишилади ёки кўплаб давлатларда яшаш ҳудудларида катта юк машиналари деярли киритилмайди.

Яккасарой тумани, Қушбеги кўчаси

Яна бир томони ортиқча шовқин келиб чиқмаслиги учун қурилиш материаллари заводда ёки омборда тайёрланиб, кейин олиб келиб ўрнатилади. Агар катта йўллар атрофида бўлса одатда йўлга экран қўйилади, дарахтлар экилади ва ҳимоя бинолари қурилади», – дейди у.

Айрим жанжаллар қўшинлар таъмирлаш ишлари ҳақида огоҳлантирмаганидан ҳам келиб чиқади. Искандар Солиев бу бўйича қандай ечим борлигига ҳам тўхталди. Унга кўра, кўплаб давлатларда уйлар қурилганда эгасига тайёр ҳолатда топширилади. Ва бу ўз навбатида хонадон ичидаги шовқинларнинг олдини олади.

«Агар бирор уй эгаси таъмирлаш ишларини олиб борадиган бўлса,  бу ҳақда барча қўшниларни хабардор қилади, бу билан кўплаб жанжалларнинг олди олинади», – деди Искандар Солиев.  

Зуҳра Абдуҳалимова, журналист

Мавзуга оид