Украина бўйлаб ракета зарбаларининг янги серияси: асосий маълумотлар
Украина қуролли кучлари Бош штаби маълум қилишича, мамлакат ҳудудига кирган 69 та ракетадан 54 таси уриб туширилган. Худди шу вақтда Украина ҳам Россиянинг Энгельс шаҳридаги аэродромига бир ой ичида учинчи бор ҳужум қилган.
29 декабр куни тонгда Россия армияси яна бир бор Украина ҳудудларини ёппасига ўққа тутди. Мамлакатнинг бутун ҳудуди бўйлаб ҳаво тревогаси янграган. Ҳужум арафасида Украина президенти офиси маслаҳатчиси Алексей Арестович барча бир неча тўлқинда 100 га яқин ракета учиб келишига тайёрланаётганини айтганди. Кейинроқ унинг ҳамкасби Михайло Подоляк Украина ҳудудига 120 ракета ҳужум қилганини айтиб чиқди. Отишмалар якунлангач эса Украина қуролли кучлари Бош штаби ракеталар сони 69 та бўлганини маълум қилди. Миколайив области раҳбари Виталий Кимнинг сўзларига кўра, Украина ҳудудига ракеталардан ташқари Эрон дронлари ҳам ҳужум қилган. Украина ҳудуди бундан аввал охирги бор 16 декабр куни ёппасига ўққа тутилганди.
Киев, Лвив, Харкив, Одесса ва Ивано-Франковск областларида вайронгарчиликлар кузатилган. Киев маъмурияти маълумотига кўра, ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари уриб туширган ракета парчалари қулаши оқибатида иккита хусусий бино ҳамда уларнинг ёнидаги автомобил шикастланган, уч киши жароҳатланган (улар орасида 14 ёшли қиз ҳам бор). Шунингдек саноат корхонаси ва болалар майдончаси шикастланган.
Лвив мэри Андрей Садовойнинг маълум қилишича, ҳужумлардан кейин шаҳарнинг 90 фоиз қисми токсиз қолган, ичимлик суви таъминотида ҳам узилишлар кузатилиши мумкин. Харкив ва Одесса областларида критик инфратузилма объектларига зарбалар келиб тушган. Шунингдек, Одесса ва Ивано-Франковск областларида, Украина президенти офиси раҳбари ўринбосари Кирилл Тимошенконинг сўзларига кўра, ракета қолдиқлари турар жой бинолари устига тушган, талафот кўлами аниқлаштирилмоқда.
Украина ҳарбийлари ҳисоб беришича, учирилган 69 ракетадан 54 тасини уриб туширишга муваффақ бўлинган. Киев шаҳри мэри ва шаҳар маъмурияти маълумотига кўра, шаҳар томон учирилган 16 та ракетанинг барчаси ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари орқали тутиб қолинган. Шунга қарамай, отишмалардан кейин истеъмолчиларнинг 40 фоизи электр таъминотисиз қолган. «Бу ҳаво тревогалари чоғида энергетиклар томонидан қабул қилинган хавфсизлик чоралари», — дея изоҳ берган Киев раҳбари Виталий Кличко.
Украинанинг бошқа регионларида ҳам ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ишлаган. Хусусан, Миколайив областида бешта ракета, Одесса устида — 21 та ракета уриб туширилган, аммо ушбу областда энергетика инфратузилмаларига зарба келиб тушиши оқибатида электр энергиясини фавқулодда ўчириш чоралари кўрилган. Украина темирйўллари хабар қилишича, худди шу сабаб туфайли бир қанча областларда поездлар қатнови кечиктирилган. Бир қанча областларда йўқотишларни минималлаштириш мақсадида олдиндан электр энергиясини ўчириш ишлари амалга оширилган.
Шу куни Россиянинг ҳам бир қанча ҳудудларида ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ишга тушди. Хусусан, маҳаллий расмийлар маълумотига кўра, Брянск областининг Клинцовск районида, шунингдек Белгород шаҳри ва Белгород районларида ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ишлаган. Икки ҳудудда ҳам жабрланувчилар ва жиддий шикастланишлар йўқ.
Беларус ТИВ мамлакат ҳудудига украинлар ракетаси қулаши муносабати билан Украина элчисини чақиртириб, унга протест билдирди. Беларус давлат ахборот агентлиги БЕЛТА хабарига кўра, мамлакат ҳудудига соат «10:00 дан 11:00 гача бўлган вақт оралиғида» украинларнинг С-300 зенит-ракета комплексидан учирилган ракета келиб тушган. Беларус мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, ҳодиса Брест областининг Иваново қишлоғида рўй берган. «Ҳодисанинг икки асосий эҳтимолий сабаби кўриб чиқилмоқда - ёки Полшада бўлгани каби «бошқа томонга ўтиб кетган ракета келиб тушиши» ёки украинлар учирган ракета Беларус ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими томонидан уриб туширилиши», дея ёзади агентлик.
Брест области ҳарбий комиссари эса «вазият Полшада рўй берган воқеа такрори» эканини айтган. «Беларускі Гаюн» мониторинг гуруҳи қулаган ракета суратини эълон қилиб, Беларус ҳудудига С-300 зенит-ракета комплексидан учирилган ракета қолдиқлари тушганини тахмин қилганди.
Октябрдан буён давом этаётган зарбалар
Россия 10 октябрдан буён Украина энергетика инфратузилма объектларига ёппасига зарбалар бериб келмоқда. Украина ҳукумати ҳар сафар бир неча ўнтадан юзтагача ракеталар учирилгани ҳақида маълум қилади.
Украина бўйлаб сўнгги ёпирилма зарбалар 16 декабр куни кузатилганди. Украина қуролли кучлари Бош штаби ўшанда қарийб 100 ракета учиб келганини маълум қилганди. «Душман жами 98 ракета учирди ва баравар ўт очиш реактив тизимларидан 65 дан ортиқ ўқ узди», дейилганди баёнотда.
Украина бўйлаб зарбалар қуруқликдаги воситалардан ташқари, узоқ масофага ҳаракатланувчи авиация самолётларидан ҳам учирилмоқда, уларнинг бир қисми Саратов областининг Энгельс аэродромидан ҳавога кўтарилади. Декабрда бу авиабазага икки бор ҳужум уюштирилди - Россия мудофаа вазирлиги ҳужумлар украин дронлари орқали амалга оширилганини маълум қилган. 26 декабр куни рўй берган навбатдаги ҳужум оқибатида уч нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлганди.
Пайшанба куни Энгельс шаҳри аҳолиси ҳарбий аэродром ҳудудида портлашлар рўй берганини хабар қилди.
Саратов губернатори Роман Бусаргин Энгельс районида ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими «номаълум объектни йўқ қилгани» тўғрисида хабар берган. Унинг маълумотига кўра, дрон парчалари қулаши оқибатида уйлардан бирининг девори, автомобил ва гараж шикастланган, жароҳатланганлар йўқ.
Мавзуга оид
00:28
АҚШ Украинани ҳарбий хизматга чақирув ёшини 18 га туширишга чақирмоқда
21:58 / 27.11.2024
Кипр ҳукумати россиялик ва украиналик миллиардерларнинг «олтин» паспортларини олиб қўйди
21:03 / 27.11.2024
Учинчи жаҳон урушидан қўрққан подкастер Жо Роган Зеленскийни сўкди. Унга Кличко ва бошқа украинлар жавоб қайтарди
20:08 / 27.11.2024