Жаҳон | 01:01 / 30.12.2022
13363
2 дақиқада ўқилади

Евгений Пригожин «Уюшган жиноятчилик ва коррупция» номинациясида «Йил одами» деб топилди

Фото: ТАСС

Коррупция ва уюшган жиноятчиликни ўрганиш маркази (OCCRP) «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси асосчиси Евгений Пригожинни «Уюшган жиноятчилик ва коррупция» номинациясида «Йил одами» деб эълон қилди.

«Евгений Пригожин бу йил Россиядаги энг даҳшатли воқеаларнинг тирик рамзига айланди. Ифлос пуллар, ибтидоий зўравонлик, сурбетлик ва ҳатто қонун олдида жазосиз қолиш - давлат томонидан маъқулланаётган коррупциянинг барча ҳосилалари унинг сиймосида бирлашди», дейилади OCCRP ҳисоботида.

OCCRP бош муҳаррири ва ҳаммуассиси Дрю Салливан сўзларига кўра, Пригожин бу мукофотга «Россиянинг шафқатсиз ва коррупцион таъсирини кенгайтиришга қаратилган фаолияти, Владимир Путин учун талон-тарож қилиш ва мухолифларни жазолашга тайёрлиги» учун сазовор бўлган.

Марказ ҳисоботида Пригожин томонидан асос солинган «Вагнер» ХҲК алоҳида эътибор остига олинган бўлиб, у «дунё бўйлаб можаро зоналарида қолдирган қонли излари билан танилгани» айтилган. 

«Вагнер» жангчилари қаерга бормасин, албатта инсон ҳуқуқлари бузилиши кузатилади. Суриядан Камерунгача, Сомалидан Малига қадар улар зўрлаш, талончилик, қотиллик ва қийноқларда айбланмоқда», дейилади OCCRP ҳисоботида.

OCCRP 2012 йилдан бери уюшган жиноятчилик ва коррупция бўйича «Йил одами» мукофотини «бериб келади». 2014 йилда марказ ушбу мукофотни Россия президенти Владимир Путинга, 2021 йилда эса Александр Лукашенкога «топширган».

Мавзуга оид