Curiosity марсюрари Марсда сув манбаларини топди
Катта ҳажмдаги опал конлари сув манбаи бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Curiosity марсюрари томонидан 10 йил давомида Марсни ўрганиш натижасида тўпланган маълумотлар Қизил сайёрада катта ҳажмдаги опал конлари борлигини аниқлаш имконини берди. Келажакдаги колонистлар учун опал заргарлик буюми сифатида эмас, балки кафолатланган сув манбаи сифатида қизиқарли. Бу Марсдаги келажак базаси тақдири учун муҳим кашфиёт.
Марсда опал конлари борлиги 2008 йилда Reconnaissance Orbiter аппарати томонидан аниқланган эди. Зонд Қизил сайёранинг бир қанча ҳудудларида кремний диоксиди конлари билан боғлиқ бўлган катта доғларни топди. Кремний диоксиди гидрати айнан опал бўлиб, у кремнийга бой жинсларнинг сув билан парчаланиши жараёнида ҳосил бўлади. Эритма ёриқлар ва бўшлиқларга киради ва қаттиқлашиб, миллионлаб йиллар давомида қимматбаҳо минералга айланади.
Опал таркибидаги сув кристаллга айланмайди, балки минерални майдалаш ва иситиш жараёнида яна суюқлик ҳолатига келади. Curiosity маълумотлари таҳлилига кўра, узунлиги 1 м ва чуқурлиги 30 см бўлган коннинг ҳажми 5,7 литргача сувни ўз ичига олиши мумкин. Марсюрар йўналиши бўйлаб бундай конлар жуда кўп миқдорда аниқланган. Бу Марсни колонизация қилиш режалари учун яхши янгилик.
Curiosity марсюрари 2012 йилда NASA томонидан Қизил сайёра юзасига қўндирилган ва 10 йил давомида 28 км масофага юрган. Унинг ёрдамида Марснинг фотосуратлари, геологик таркиби, атмосфераси ҳақидаги илмий маълумотлар Ерга узатилмоқда.
Мавзуга оид
20:10 / 10.11.2024
ХКСда қолган астронавт кескин вазн йўқотмоқда
20:08 / 10.11.2024
Хитойга тегишли марсоход Марсда қадимий океан изларини топди
11:30 / 07.11.2024
NASA Юпитернинг энг тиниқ суратларини эълон қилди
10:56 / 07.11.2024