Ўзбекистон | 10:00 / 05.01.2023
10312
2 дақиқада ўқилади

Навоийда кучли шамол 43 та симёғочни қулатди

4 та маҳалладаги 550 та хонадон бир сутка давомида электр энергиясиз қолган. Ҳозирда ҳолат тўлиқ бартараф этилгани айтилмоқда.

Фото: Ҳудудий электр тармоқлари

3 январ куни кечга яқин Нурота туманида кузатилган кучли шамол ҳудуддаги 3 та маҳалла бир сутка давомида электр энергиясиз қолишига сабаб бўлди. Шамол оқибатида туманнинг Сентоб, Каттасой ва Кичиксой маҳаллаларини электр энергияси билан таъминловчи 10 кВли “Сентоб” ҳаво электр узатиш тармоғидаги 43 та таянч қулаган.   

 “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Навоий ҳудудий филиали матбуот хизмати раҳбари Бакитбек Кизилбаевнинг Kun.uz’га маълум қилишича, ҳолатни бартараф этиш учун 35 нафар мутахассис ходимлардан иборат 8 та гуруҳ тузилган, 12 та махсус техника, 3 та ямабур ва 3 та темир бетон таянч ташувчи юк машиналари жалб этилган.

Кучли шамол битта симёғочни қулатган, у эса қолганларини тортиб кетган. Қулаган таянчларнинг аксарият қисми оралиқ таянчлар бўлиб, уларга тиргак сифатида қўшимча таянчлар ўрнатилди”, — дея ҳолатга изоҳ берди Бакитбек Кизилбаев. 

Ҳозирда ҳолат тўлиқ бартараф этилган ва маҳаллаларда электр энергияси таъминоти тикланган.

Мавзуга оид