Ўзбекистон | 13:32 / 11.01.2023
18081
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон делегацияси «Ҳаж – 2023» мавсумига тайёргарлик ишларини бориб кўрди

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Kun.uz'га маълум қилишича, 2023 йилдаги Ҳаж сафарлари ҳам ҳукумат қарорига кўра, Мусулмонлар идораси ва Дин ишлари бўйича қўмита томонидан ташкил қилиниши назарда тутилган.

Фото: muslim.uz

10 январь куни Ўзбекистон делегацияси «Ҳаж – 2023» мавсумига тайёргарлик доирасида Саудия Арабистонидаги меҳмонхоналар ва зиёратчиларга хизмат кўрсатиш нуқталарини бориб кўрди. Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизматига кўра, делегация сафида президент маслаҳатчиси Музаффар Комилов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров ва қўмита раиси Содиқ Тошбоевлар бор.

«Макка шаҳрида жойлашган бир неча меҳмонхоналарни кўздан кечириш чоғида делегация аъзолари уларнинг кириш фойелари кенглиги, хоналардаги шароитлар, айниқса, ўринлар сони, санузел ҳолати, ошхона сиғими, ишчи ва тиббиёт гуруҳлари хизмат кўрсатишлари учун ажратилган жойлар билан яқиндан танишди», - дейилади қўмита хабарида. Шунингдек, мутасаддилар ошхоналар ва ҳожиларга хизмат кўрсатувчи транспортларга ҳам эътибор қилишган.

Маълум бўлишича, Мадина ва Макка ҳамда Макка ва Жидда йўналишларида зиёратчилар учун автобуслар ажратилади.

Мусулмонлар идораси матбуот хизматининг Kun.uz'га маълум қилишича, 2023 йилдаги Ҳаж сафарлари ҳам Вазирлар Маҳкамасининг 364-сонли «Ҳаж ва умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига кўра, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Дин ишлари бўйича қўмита томонидан ташкил қилинади.

Аввалроқ, Жидда шаҳрида бўлиб ўтаётган Ҳаж ва умра хизматлари конференциясида Саудия томони пандемия чекловлари олиб ташланганини, жумладан 65 ёшдан ошганлар учун ҳам 2023 йилда ҳаж қилишга рухсат берилишини маълум қилди.

2022 йил сентябрь ойида президент Шавкат Мирзиёев ва Саудия Арабистони делегацияси ўртасидаги учрашувида ўзбекистонликлар учун йиллик ҳаж квотаси 24 минг нафаргача оширилиши ҳақида келишувга эришилган эди.

Маълумот учун, 2023 йилдаги Ҳаж мавсуми июнь ойининг охирги ҳафтасига тўғри келиши кутилмоқда.

Мавзуга оид