Ўзбекистон | 19:43 / 12.01.2023
8258
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ТИВ совуқ кунларда Қозоғистон бўйлаб ҳаракатланишдан воз кечишни тавсия қилди

Қозоғистоннинг барча ҳудудларида ноқулай об-ҳаво кузатилаётгани боис автотрассаларда кучли совуқ туфайли қийин вазиятга тушиб қолаётган фуқаролардан мурожаатлар тез-тез келиб тушмоқда.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги фуқароларга об-ҳаво шароити барқарорлашгунга қадар Қозоғистон ҳудуди бўйлаб автомобилларда ва автобусларда ҳаракатланишдан воз кечишларини тавсия қилди.

«Ўзбекистон Республикасининг Қозоғистон Республикасидаги дипломатик ваколатхоналари маълумотларига кўра, ушбу мамлакатнинг барча ҳудудларида ноқулай об-ҳаво кузатилаётгани боис автотрассаларда кучли совуқ туфайли қийин вазиятга тушиб қолаётган фуқаролардан мурожаатлар тез-тез келиб тушмоқда.

Дипломатик ваколатхоналаримиз Қозоғистон Республикасидаги ватандошларимиз ҳамда ушбу мамлакат тегишли идоралари билан доимий алоқада бўлиб турибди. Фуқароларга зарур консуллик, ҳуқуқий ва амалий ёрдам кўрсатилмоқда.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон фуқароларига об-ҳаво шароити барқарорлашгунга қадар Қозоғистон ҳудуди бўйлаб автотранспорт воситалари ва автобус қатнови орқали ҳаракатланишдан воз кечишларини тавсия қиламиз.

Қозоғистонда бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари Остона шаҳридаги мамлакатимиз Элчихонасига (+717 2954252), Олма-ота (+7273902616) ва Актау (+77292777117) шаҳарларидаги Бош консулхоналарига мурожаат қилишлари мумкин», дейилади вазирлик хабарида.

Бундан олдинроқ Ўзбекистоннинг Оқтов шаҳридаги Бош консуллиги фуқаролардан совуқ ҳавода Қозоғистон орқали автотранспортда ҳаракатланмасликни сўраганди.

Эслатиб ўтамиз, 11 январ куни Қозоғистоннинг Ақтўбе области ҳудудида, «Самара—Чимкент» автомобил йўлида Ўзбекистоннинг жами 69 нафар фуқароси бўлган икки автобус ноқулай об-ҳаво туфайли йўлда қолиб кетди. Улар эвакуация қилиниб, мактаб ва масжид биноларига жойлаштирилган. Шунингдек, Чимкент вилояти ҳудудида «Тошкент-Алмати» йўналишида ҳаракатланаётган йўловчи автобуси бузилиб қолди ва ундаги 34 нафар Ўзбекистон фуқаросига ёрдам кўрсатилиб, улар меҳмонхонага жойлаштирилган.

Мавзуга оид