Жаҳон | 13:13 / 12.01.2023
12334
2 дақиқада ўқилади

Россияда офицерни туртиб юборган оддий аскар 5,5 йилга қамалди

Ҳарбий хизматчи Александр Лешков командирни калтаклаганликда айбдор деб топилди. Сафарбар қилинган ҳарбий ва қўмондон ўртасидаги можаронинг видеоёзуви Россияда кенг резонансга сабаб бўлди.

Видеодан кадр

Одинцово гарнизони ҳарбий суди сафарбар этилган Александр Лешковни қўмондонни калтаклаганликда айбдор деб топиб, беш йил-у олти ойга қатъий режимли колонияга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилди, деб хабар берди Россия ОАВ 11 январь, чоршанба куни суд матбуот хизматига таяниб.

Жиноий иш қўзғатишга сабаб бўлган воқеа ҳақида ноябрь ойи ўрталарида, интернетда Москва яқинидаги "Патриот" боғидаги полигонда сафарбар қилинганлар ва уларнинг қўмондонлиги ўртасидаги можаро акс этган видео тарқалгач маълум бўлди. Кадрларда чақирилувчилар офицерларни ёмон тайёргарлик, сифатсиз жиҳозлар ва лоқайд муносабат учун қоралаши акс этган. Сафарбар қилинганлар номидан гапирган оддий аскар Лешков офицер билан жанжал пайтида уни туртиб юборган. Бу иш қўзғатилиши учун асос бўлиб хизмат қилди.

Алексей Лешков 15 ноябрь куни ҳибсга олинган. У бошлиқни калтаклаганликда ва ҳақорат қилганликда айбланган. Ишда таъкидланишича, «оддий аскар ҳақоратли шаклда беҳаё сўзларни ишлатиб, хизмат ташкил этилишидан норозилигини маълум қилган, шунингдек, офицернинг юзига сигарета тутунини атайлаб пуфлаган, шундан сўнг у мушти билан подполковникнинг кўкрагига урган».

Одинцово гарнизони ҳарбий судининг ҳукми устидан аллақачон шикоят қилинган. Шикоят 2-ғарбий округ ҳарбий суди томонидан кўриб чиқилади. Александр Лешковнинг ўзи айбини тан олмаяпти.

Россия Давлат думаси сафарбарлик бошланишидан олдин Жиноят кодексига бир қатор ўзгартишларни маъқуллаб, «сафарбарлик даврида ёки ҳарбий ҳолат даврида, уруш даврида» содир этилган жиноятлар учун жазони кучайтирди. Бу бошлиққа нисбатан зўравонлик ҳаракатлари ҳақидаги моддага ҳам таъсир қилди. Илгари бунинг учун энг кўп жазо - 5 йил, агар жиноят бир гуруҳ шахслар томонидан ёки қурол ишлатиш билан оғир оқибатларга олиб келган бўлса - 8 йил қамоқ жазоси эди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид