Ўзбекистон | 12:01 / 13.01.2023
7537
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда тўхтаб қолган автобусдан Ўзбекистоннинг яна 31 фуқароси эвакуация қилинди

Ақтўбе областида автобусда қолиб кетган яна 31 нафар ўзбекистонлик эвакуация қилинди. Транспорт воситаси йўлда қолиб кетишига кучли совуқ туфайли дизел ёнилғиси музлаб қолгани сабаб бўлган.

Фото: Orda.kz

12 январ куни Қозоғистондаги «Самара-Чимкент» автомобил йўлининг 819-километрида «Краснодар-Сариоғоч» йўналишида ҳаракатланган, ичида Ўзбекистоннинг 31 нафар фуқароси бўлган автобус тўхтаб қолди.

«Дунё» ахборот агентлиги хабарига кўра, тўхташ сабаби — кучли совуқ туфайли дизел ёнилғисининг музлаши бўлган.

Ақтўбе области Хромтау райони қутқарувчилари йўловчиларни Хромтау шаҳридаги Шерхон кемпингига жойлаштиришган.

Фото: Orda.kz

Жабрланганлар йўқ, йўловчиларнинг иссиқлик таъминоти назоратга олинган.

Айни вақтда автобусдаги носозликни бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда. Ўзбекистоннинг Ақтаудаги Бош консуллиги вазиятни назоратга олган.

12 январ куни Polisia.kz сайти хабар беришича, Қозоғистоннинг Қўстанай областидаги йўлда яна бир ўзбекистонликка ёрдам кўрсатилган.

Ушбу эркак Россиядан Ўзбекистонга қайтаётган бўлган,  «Қўстанай-Қорабутоқ» автойўлининг 304-километрида машина ариққа тушиб кетган. Йўл бир неча кун давомида тозаланган.

«Мен йўлда беш кун турдим. Кўчада кучли совуқ эди, бизни турар жой ва озиқ-овқат билан таъминлашди. Полиция ходимларига улкан миннатдорчилигимни билдираман», — деган ҳайдовчи.

  • 11 январ куни Қозоғистоннинг Ақтўбе области ҳудудида, «Самара—Чимкент» автомобил йўлида Ўзбекистоннинг жами 69 нафар фуқароси бўлган икки автобус ноқулай об-ҳаво туфайли йўлда қолиб кетди. Улар эвакуация қилиниб, мактаб ва масжид биноларига жойлаштирилган.
  • Шунингдек, Чимкент вилояти ҳудудида «Тошкент-Алмати» йўналишида ҳаракатланаётган йўловчи автобуси бузилиб қолди ва ундаги 34 нафар Ўзбекистон фуқаросига ёрдам кўрсатилиб, улар меҳмонхонага жойлаштирилган.
  • Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Қозоғистон ҳудудида ноқулай об-ҳаво кунларида қийин аҳволга тушиб қолган ватандошлар мамлакатнинг Остонадаги элчихонаси (+717 2954252), Олмаота (+7273902616) ва Ақтау (+77292777117)даги бош консулликларига мурожаат қилишларини эслатиб ўтган.

Мавзуга оид