Қуролли Кучлар қошидаги тайёрлов марказининг янги биноси фойдаланишга топширилди
Мудофаа вазирлигига қарашли Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари тайёрлов маркази учун янги бино фойдаланишга топширилди.
12 январ куни замонавий тайёрлов маркази биносининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Қуролли Кучлар қошидаги тайёрлов маркази қарийб 20 йил аввал ташкил этилган. Аммо марказ алоҳида ўқув биноси, ётоқхона, ошхона билан таъминланмаган эди. Эндиликда марказда бу шароитларнинг ҳаммаси мавжуд. Янги бино қурилиши Golden House компанияси томонидан 2021 йилнинг ноябрь ойида бошланди ва жорий йил бошида мазкур бино фойдаланишга топширилди.
Марказда НАТОнинг махсус дастурларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ва ҳамкор давлатлар ҳарбий хизматчиларини хорижий тилларга ўқитиш, НАТО стандартлари асосида ҳарбий кадрларни тайёрлаш иши йўлга қўйилади. Бу ерда бир вақтнинг ўзида 300 нафар тингловчини 8 та хорижий тилларда ўқитиш мумкин.
Шунингдек, алоҳида батальонгача бўлган бўлинма ҳарбий хизматчиларига хорижий тилларни онлайн тарзда ўқитиш имконияти ҳам яратилган.
Марказнинг ўқув биносида 34 та ўқув синфи, 8 та мультимедиа лаборатория хонаси ва 3 та ахборот-ресурс марказлари халқаро стандартлар асосида замонавий ўқув-моддий база билан жиҳозланган.
1-қаватда музокаралар ва меҳмонларни кутиб олиш хоналари жойлашган бўлиб, хорижий ҳамкор армиялар билан ҳарбий ҳамкорлик тадбирлари ушбу жойда ўтказилиши режалаштирилган.
Марказ тарихида илк маротаба видеоконференцалоқа тизими орқали хорижий давлатлар билан онлайн машғулотлар, учрашувлар, конференция ва семинарлар ўтказиш имконияти пайдо бўлди.
Ҳарбий хизматчилар учун барча керакли спорт анжомлари билан жиҳозланган замонавий тренажёр зали бор ва бу ерда бир вақтнинг ўзида 50 кишидан ортиқ тингловчи шуғулланиши мумкин. Марказ ошхонаси аутсорсинг асосида фаолият олиб боради.
Мавзуга оид
23:01 / 26.02.2024
Қўшинларни бошқаришнинг автоматлаштирилган тизимлари жорий этилади
20:16 / 13.01.2024
Президент Қуролли Кучлар ташкил этилганининг 32 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан табрик йўллади
19:56 / 02.01.2024
Шавкат Мирзиёев Қуролли Кучларни ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди
23:31 / 01.12.2023