Жамият | 15:25 / 15.01.2023
29341
11 дақиқада ўқилади

«Қизларимни кексайиб қолган отам узатди» – ёлғиз аёлнинг кечинмалари ҳақида ҳаётий ҳикоя

«Кенжа қизимни узатганимизда отам 70 ёшдан ошганди ва у тўй ўтгунча кира қилди. Ўшангача отамнинг тенгдошларидан айримлари дунёдан ўтиб кетган, бошқалари қариб, ўзини ўзи эплай олмай қолганди. Отамнинг кексайиб қолганда ҳам кира қилиб юрганини кўрганимда Аллоҳ инсоннинг ҳаракатига қараб куч-қувват берар экан-да, деб Ўзига ҳамд айтардим»

Фото: KUN.UZ

Электрон почтамга келган навбатдаги мактуб ҳам ҳаётда қийналган аёлдан экан. Мактубда жамиятимизнинг азалий муаммоси, қайнонанинг келинга ўтказган зуғумлари тилга олинган.

Аёлнинг ёзишича учта қиз фарзанди борлигига қарамасдан бир пайтлар қайнонаси унинг оиласини бузиб юборган экан. «Қизларимга отам қаради. Кексайганига қарамасдан кира қилиб уларни боқди, тарбиялаб узатди», деб ёзади аёл.

«Мактабни битирганимдан сўнг отамнинг бошқа маҳаллада яшовчи ошнаси мени келин қилиш учун совчи бўлиб келди. Ота-онам синашта оила деб рози бўлишди.

Кўп ўтмай тўйимиз бўлди. Келин бўлиб тушгач билдимки, бу оиланинг хўжайини қайнонам экан. Қайнотам қайнонамнинг чизган чизиғидан чиқа олмасди.

Эрим оиланинг тўнғич фарзанди эди. Яна уч нафар қайним бўлиб, улар ҳали мактабда ўқишарди. Қайнонамнинг характери оғирроқ, сал нарсага ҳам жанжал чиқарарди.

Қайнонамнинг зуғумлари камдай қайниларим ҳам бажарган ишларимдан, пиширган овқатларимдан айб топиб гапиришарди. Шу тахлит 7-8 йил яшадик ва бирин кетин қизларимиз туғилди.

Ҳар гал ўғил эмас, қиз туғилавергани қанонамга ёқмас, у шуни ҳам тез-тез юзимга соларди. Ҳатто учинчи фарзандимга ҳомиладор бўлганимда у болани олдириб ташлашимни айтди. Аммо мен кўнмадим.

Қайнонам ҳар гал ўғил набираси йўқлигини бетимга солганда унга «Худонинг бергани шу, шукр қилайлик, бефарзанд ўтаётганлар қанча» дердим ва баттар балога қолардим.

Бу орада қайниларимдан бирини уйлантирдик. Шундан сўнг рўзғор ишларини овсиним билан биргалашиб қила бошладик ва менга сал енгилроқ бўлди.

Аммо энди бошқа муаммо пайдо бўлди. Уч қизим, эрим ва мен беш кишимиз, қайним уйланган. Шундай ҳолатда ҳовли катта оилага торлик қила бошлади.

Шундан сўнг эримга қишлоқ четидаги еримизда уй тиклаб, алоҳида бўлиб чиқиш ҳақида гапирдим. Эрим менга индамади. Аммо олдимдан чиқиб бу ҳақда қайнонамга айтибди. Эрим қайнонамга менинг гапларимни қай тарзда айтган билмадим-у, барча келишмовчилик шундан кейин бошланди.

Эрталаб нонушта қилаётганимизда қайнонам кескинроқ оҳангда гап бошлади:

«Ҳа келин, алоҳида бўлгингиз келиб қолдими? Чучварани хом санабсиз. Сиз ҳали-бери чиқмайсиз. Эрингиз барча укаларини уйлантиради, уларни уйли-жойли қилади, ана ундан кейин тўрт томонингиз қибла. Унгача эса бу мавзуда қайта оғиз очманг. Ўғлим билан сиз алоҳида бўлиб чиқиб кетсангиз қайниларингизни ким уйлантиради? Ким уйли-жойли қилади? Бу ишлар катта ўғлимнинг вазифаси, тушундингизми?»

Қайнонамнинг гапларини эшитиб, «Биз алоҳида чиқсак узоқлашиб кетмаймиз-ку! Ўғлингиз қайниларимга ёрдам бераверадилар» деганимни биламан, қайнонамнинг асаби баттар бузилди. Менга шу пайтгача доим сиз деб муомала қилган аёл сенсираб ҳақорат қилиб ташлади. Индамай туриб кетишга мажбур бўлдим.

Шундан сўнг қайнонам мен билан гаплашмай қўйди ва бу анча кун давом этди. Кейин эса менга эшиттириб эримга «хотинингни қўйворасан, сени бошқа қизга уйлантираман» дейишга ўтди.

Эрим унинг гапларини эшитиб индамас, тўғрироғи у онасига қарши чиқа олмасди. Қолаверса, уч қиз туғилганига эрим ҳам зимдан мени айбларди.

Эрим бир марта қайнонамга «Уч қизим бор, қанақа қилиб ажрашаман?» деганди, балога қолди. «Сен хотин қули бўлдинг, уни деб мендан ҳам кечасан. Сенга берган сутимга рози эмасман», деб у роса кўзёш тўкиб олди.

Охири бориб ҳаммасини онамга айтиб бердим. У отамга таъна қилди: «Рўзғорини биламан, яхши оила деган эдингиз. Мана энди қизим  кўряпти, қанақа яхши оила эканини».

Шундан сўнг отам келиб қайнотам ва қайнонам билан гаплашди. Уларга катта ўғлини алоҳида қилиб чиқаришса яхши бўлишини, муаммо камайиб, қайниларимни ҳам уйлантиришга бемалол шароит бўлиши ҳақида гапирди. Гапининг охирида «Алоҳида қилиб чиқарсанглар мен ҳам қараб турмайман, баҳоли қудрат ёрдам бераман», деди.

Қайнотам отамнинг гапларини эшитиб «тўғри, тўғри» деб турар, қайнонам эса индамасди. Аммо бу бўрондан олдинги сукунат экан. Отам кетгач қайнонамдан эшитмаган гапим қолмади:

«Сенга ану куни қанча гапирган эдим. Бориб отангга шикоят қилдингми? Охирги кунларда ўғлимни бошқага уйлантираман деганимга афсусланиб фикримдан қайтаёзган эдим. Шу тобда бир қарорга келдим, ўғлимни сендан ажратиб онаси ўпмаган қизга уйлантираман. Энди эса тур, йўқол. Қизларингни ол-да, отангникига жўна».

Отамникига кетишни хоҳламасдим, аммо мажбур қилишди. Қизларимни олиб, отамникига кетдим.

Ҳодисадан хабар топган эримнинг қариндошлари – тоғалари, амакилари ўртага тушиб, қайнонамга оила бузиш ва болаларни тирик етим қилиш ёмонлигини тушунтиришга уринишди.

Ота-онам ҳам бир неча марта бориб, қайнонам билан гаплашиб кўришди. Аммо уни ҳеч қанақасига кўндириб бўлмади. Шундан сўнг ажрашиб кетдим.

Мен ажрашган пайтда отамнинг ёши 50 дан ошганди. Ўша пайтда укам ҳали мактабда ўқирди. Шундан сўнг отамнинг икки боласи беш нафар бўлди.

Ота ҳовлимда яшар эканман, бир неча жойдан хотини ўлган, оиласи билан ажрашган эркаклардан совчи келди. Уларнинг барчаси қизларимни ота-онамга ташлаб кетишимни талаб қиларди. Мен бундай талабларга кўнмадим ва ҳаётимни қизларимга бағишладим. Аммо уларни ҳар қанақасига боқа олмасдим.

Отам бечора қариган чоғида аввал эски «Москвич» машинаси билан кира қилиб бизларни боқа бошлади. Кейинроқ пулини ишлаб узишга эскироқ «Дамас» олди.

У эрталаб бомдодга масжидга чиқар, сўнг уйга қайтмай кира қилишни бошларди. Уйга кеч бўлганда келарди. «Дамас» билан кира қилишни бошлаганда ёши қарийб 60 га етганди.

Бу орада укам ҳам мактабни битирди ва отамдан «Дамас»ни сўради. Мақсади отамнинг қўлидан юмушни олиб, унга ёрдам бериш эди. Аммо отам кўнмади:

«Ҳозир сенга машинани бериб дам олсам, ҳисобимизни йўқотиб қўямиз. 4-5 йилда опангнинг қизлари улғайиб қолади, сен уйланишинг керак, ҳали кўп пул керак бўлади. Шунга сен ижарага бошқа машина топ ва ишлаган пулингни йиғиб қўявер. Эртага уйланишингда асқатади. Менга эса индама, куч-қувватим етгунча кира қилавераман».

Шундан сўнг укам ўзига алоҳида машина топди ва отам айтгандай ишлаган пулларини йиғиб қўяверди. Рўзғор юки отамнинг зиммасида қолаверди.

Отам кечки пайт ишдан қайтаётиб қизларимга нимадир ширинлик кўтариб келар ва уларни хурсанд қилар эди. Қизларим отамни бобо эмас, менга ўхшаб ота деб чақиришарди.

Орадан йиллар ўтди. Бу орада укамни уйлантирдик. Шундан сўнг отам ҳовлини иккига бўлиб, унинг рўзғорини алоҳида қилиб қўйди.

Бир куни «Ота, нега унақа қилдингиз? Рўзғоримиз битта бўлса ҳам бизга малоллик жойи йўқ эди», десам у ибратли жавоб берди:

«Қизим, биламан, рўзғордаги барча юмуш сен ва қизларингдан ортмайди. Шундай бўлса-да, келин гапирмаса ҳам унинг онаси ёки опалари «катта рўзғор қизимизнинг зиммасида қолиб кетди» деб ўйлаши ва гапириши мумкин. Рўзғордаги келишмовчиликлар ана шунақа майда-чуйда гаплардан бошланади. Уларнинг рўзғорини алоҳида қилиб қўйдим, энди ўша гап-сўзларга ўрин қолмади. Уканг билан битта жойда яшаяпмиз, ўғиллик бурчини унутиб юбормаса, ёрдам қилаверади».

Отамнинг гаплари ўринли эди. Рўзғор алоҳида бўлгани билан укам ва унинг хотини биздан зинҳор узоқлашиб кетмади. Аксинча, барака топишсин, иккаласи ҳам қизларимни узатаётганимда кўп хизмат қилди.

Отамникига қайтиб келгач, ўзим ҳам бекор ўтирмай деб чопон тикдим, бошқа ишларни қилдим. Аммо аёл кишининг топган пули нима бўлар эди.

Қизларим улғайгач улар ҳам чопон тикишни ўрганиб менга ёрдамчи бўлишди. Аммо барибир рўзғорнинг юки отамнинг гарданида қолаверди.

Ўша пайтларда қизларим мактабни битирса ўқитаман, деб орзу қилардим, аммо бунга шароит бўлмади.

Ўтган йиллар давомида эрим бирон марта ҳам қизларидан хабар олмади, йўқлаб келмади. У ҳақдаги гаплар менга ҳам етиб келар, ҳаёти кейин ҳам яхши бўлмаган.

Қайнонам уни яна икки марта уйлантирибди. Иккинчи хотинини ҳам қайнонам бир қизчаси билан қувиб юборган экан. Ҳозир учинчиси билан яшаяпти.

Қайнонамнинг зуғумларига чидай олмаган қайнотам ота уйимга қайтганимдан сўнг кўп ўтмай юрак касали билан вафот этди. Билишимча, ҳозир қайнонам бирорта ўғлини ҳам алоҳида қилиб чиқара олмай, битта ҳовлида сиқилишиб яшашяпти.

Отам 65 ёшга кирганида катта қизимни, кейин навбати билан бошқаларини ҳам узатдик. Қизларим яхши оилаларга келин бўлиб тушган. Уларнинг келажагидан хавотирим йўқ. Энди укамнинг болалари овунчоғимга айланган.

Кенжа қизимни узатганимизда отам 70 ёшдан ошган эди ва у тўй ўтгунча кира қилди. Ўшангача отамнинг тенгдошларидан айримлари дунёдан ўтиб кетган, бошқалари қариб, ўзини ўзи эплай олмай қолганди.

Отамнинг кексайиб қолганда ҳам кира қилиб юрганини кўрганимда Аллоҳ инсоннинг ҳаракатига қараб куч-қувват берар экан-да, деб Ўзига ҳамд айтардим.

Тўйдан сўнг отам кира қилишни тўхтатди. Машинани бошқа бир ҳайдовчига ижарага бериб юборди. Ҳозир ойма-ой ижара пулини олади. Буёқда пенсияси бор. Энди оёғини бемалол узатиб дам оляпти».

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид