Ўзбекистон | 13:45 / 15.01.2023
15093
2 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳрида савдо марказлари иш вақти чекланди

Озиқ-овқат дўконлари ҳамда кафе ва ресторанлар одатий режимда ишлашда давом этади.

Фото: Kun.uz

Тошкент шаҳрида барча савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари, кўнгилочар савдо марказлари ва истироҳат боғлари соат 17:00 дан ёпилади. Бу ҳақда Тошкент шаҳри ҳокимлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

«Тошкент шаҳрида ҳаво-ҳароратининг кескин пасайши даврида аҳоли хонадонларига электр ва газ таъминотини узлуксиз етказиш мақсадида, шаҳардаги озиқ-овқат дўконлари ва умумовқатланиш корхоналаридан ташқари барча савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари, кўнгилочар савдо марказлари ва истироҳат боғлари қисқартирилган иш режимига ўтказилади. 

Шу боис, барча савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари, кўнгилочар савдо марказлари ва истироҳат боғлари иш фаолиятини эрталаб соат 10:00 дан 17:00 га қадар амалга ошириши лозим. 

Иш вақтидан сўнг, барча электр асбоблари, иситиш ускуналарини ўчирган ҳолда электр ва газ истеъмолини тўхтатиш талаб этилади», дейилган хабарда.

Бундан олдинроқ Тошкент шаҳри ҳокимлиги электр тизимига юкламани пасайтириш ҳамда марказлашган иссиқлик тизимида ҳароратни кўтариш мақсадида, энг камида, уч кун давомида кўп қаватли уйларнинг иссиқ сув таъминотида ҳароратни вақтинча пасайтиришга мажбур бўлишини маълум қилганди. 

Мавзуга оид