Жаҳон | 11:04 / 16.01.2023
6910
3 дақиқада ўқилади

ОАВ: Эрон баҳорда Россиядан Су-35 қирувчи самолётларини олади

Агентлик маълумотларига кўра, Теҳрон Москвадан мудофаа тизимлари, ракеталар ва вертолётлар буюртма қилган. Агентликнинг хабар беришича, Су-35 қирувчи самолётлари 21 март кунига яқин етиб келиши керак.

Фото: defencenews

Теҳрон 21 март куни арафасида Россиядан бир нечта Су-35 кўп мақсадли юқори манёврли қирувчи самолётларини олади. Бу ҳақда 15 январь, якшанба куни Эроннинг Tasnim агентлиги хабар берди. Унда Эрон Мажлисининг (бир палатали парламент) Миллий хавфсизлик ва ташқи сиёсат комиссияси аъзоси Шахриёр Ҳайдарийнинг сўзларидан иқтибос келтирилган. «Биз Россияга мудофаа тизимлари, ракеталар ва вертолётлар учун буюртмалар юбордик ва бу қуролларнинг аксарияти тез орада мамлакатга киради», деди Ҳайдарий.

Эрон ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондони, бригада генерали Ҳамид Воҳидий 2022 йил сентябрида Москвадан Су-35 сотиб олиш масаласи кун тартибида эканини таъкидлаган эди.

2022 йил 24 декабрь куни Исроилнинг i24news телеканали Москва ва Теҳрон ўртасидаги ҳарбий келишувларни кузатувчи разведка манбаларига таяниб, Россия тез орада Эронга қирувчи самолётлар эскадрильясини етказиб беришини хабар қилди.

Катта эҳтимол билан, гап дастлаб Миср учун мўлжалланган 24 та Су-35 қирувчиси ҳақида кетган, деб хабар берди телеканал. Разведка маълумотларига кўра, эронлик учувчилар аллақачон ушбу самолётларда машғулотлар олиб борган. Бундан ташқари, Теҳрон Москвадан ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини олиши керак эди, дея таъкидлади телеканал.

Унинг маълумотларига кўра, Эрон, ўз навбатида, Россияга етказиб берилган 1700 та дрондан ташқари яна 300 та Shahed-136 камикадзе дронларининг партиясини юбориши керак эди. Москва Украинага зарба бериш учун Эрон қуролидан фойдаланганини рад этяпти. Теҳрон Россияга учувчисиз учоқлар юборганини тан олди, лекин бу Украинага бостириб киришдан олдин ҳамда кичик партияда бўлганини билдирди.

Исроилнинг "Моссад" разведкаси директори Давид Барнеа аввалроқ Эрон Россияга замонавий қурол етказиб беришни кўпайтиришни режалаштираётганини айтган эди.

2022 йил декабрида Американинг NBC телеканали Оқ уйдаги манбаларига таяниб, Россия Теҳроннинг Украинадаги уруш учун қурол-яроғ етказиб бериши эвазига Эронга «мисли кўрилмаган даражада» ҳарбий ва техник ёрдам бераётгани ҳақида хабар берганди. NBC манбалари, хусусан, қирувчи самолётларнинг Теҳронга топширилиши мумкинлиги ҳақида гапирган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид