Ўзбекистон | 19:15 / 18.01.2023
35794
2 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятининг газ идораси раҳбари гаров эвазига озодликка чиқди

2022 йил декабр ойида, энергетика инқирози фонида қамоққа олинган мансабдор гаров эвазига қўйиб юборилган. Тергов давом этмоқда.

Фото: Тошкент вилояти прокуратураси

Kun.uz манбаларининг хабар беришича, 2022 йил декабрь ойида қамоққа олинган «Ҳудудгазтаъминот» АЖнинг Тошкент вилояти филиали директори Музаффар Алиев қўйиб юборилган. Тошкент вилояти прокуратураси матбуот хизмати ушбу маълумотни Kun.uz’га тасдиқлади.

Вилоят прокуратурасига кўра, гумондорга нисбатан жиноят ишининг тергови давом этмоқда. Шу билан бирга, унга нисбатан қўлланган қамоқ эҳтиёт чораси гаров эҳтиёт чорасига алмаштирилган.

2022 йил 11 декабрь куни Президент администрацияси раҳбари Сардор Умрзоқов раҳбарлигида ўтказилган йиғилишда бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев энергия ресурслари билан таъминлаш соҳасида қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан айрим маълумотларни очиқлаган эди.

Йўлдошев «Ҳудудгазтаъминот» АЖнинг Тошкент вилояти бўйича таркибий бўлинмаси бўлган «Ҳудудгаз Тошкент» филиали директори М.А.га нисбатан жиноят иши очилгани ҳамда эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинганини маълум қилган.

Шунингдек, ўша йиғилишда «Янгийўл тумангаз» раҳбари У. Т. ва «Гулистон туман электр тармоқлари корхонаси» собиқ раҳбари Ф. Ш.га ҳам жиноят иши очилиб, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олингани айтилган эди.

Эслатиб ўтамиз, ўша йиғилишда Сардор Умрзоқов айтган бир ҳолат бўйича кейинчалик бошқа ҳеч қанақа янгилик бўлмади: Умрзоқовга кўра, Тошкент вилояти прокурори Президент администрациясидан ноқонуний газга уланган заводни тармоқдан узмасликни сўраган. “Прокурорнинг манфаати борми бундай ноқонуний уланишга?” деганди администрация раҳбари.

Мавзуга оид