Жаҳон | 20:11 / 20.01.2023
12029
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Марказий разведка бошқармаси директори Киевга яширинча борди – WP  

Уилям Бёрнс Украинада президент Володимир Зеленский ва Украина разведка хизмати вакиллари билан учрашди.

Фото: Jabin Botsford/The Washington Post

АҚШ Марказий разведка бошқармаси директори Уилям Бёрнс ўтган ҳафтада Киевга яширин ташриф буюрди ва у ерда Украина президенти Володимир Зеленский ва Украина разведка хизмати вакиллари билан учрашди. Бу ҳақда The Washington Post ўз манбаларига таяниб хабар берди. 

Нашрнинг ёзишича, учрашув чоғида Бёрнс Зеленскийга Россиянинг «яқин ҳафталар ва ойлардаги ҳарбий режалари» ҳақидаги тахминлари ҳақида маълумот берган. 

Ўз навбатида, Зеленский ва Украина разведкаси вакиллари учун учрашувнинг асосий масаласи республикачилар АҚШ Вакиллар палатасида кўпчиликни қўлга киритганидан кейин Украина АҚШ ва Ғарб ҳарбий ёрдамига қанча вақт умид қилиши мумкинлиги бўлган. 

The Washington Post манбаларига кўра, Бёрнс жанг майдонидаги имкониятларнинг долзарблигини таъкидлаган, шунингдек, қайсидир лаҳзада ёрдам олиш қийинроқ бўлишини тан олган. 

Учрашувдан сўнг Зеленский ва унинг ёрдамчилари АҚШ президенти Жо Байден маъмуриятининг Киевга ёрдами ҳамон кучли ва Украинани молиялаштириш камида июл ёки августгача етарлича экани ҳақида таассуротга эга бўлган. 

Нашр манбаларига кўра, ҳозирда Киев АҚШ Конгресси Украинага яна бир кўп миллиардли қўшимча ҳарбий ёрдам пакетини ажратишига ишончи камроқ. 

Декабр охирида АҚШ президенти Жо Байден 2023-молия йили учун 1,7 триллион долларлик бюджет лойиҳасини имзолади. Шу билан бирга, уларнинг 44,9 миллиард доллари Украина ва НАТО давлатларига ёрдам бериш учун ажратилади. 

Мавзуга оид