Жаҳон | 13:41 / 23.01.2023
4620
3 дақиқада ўқилади

Бразилия ва Аргентина ягона валюта бўйича музокараларни тиклади

Ягона валюта лойиҳаси Буэнос-Айресдаги саммитда муҳокама қилинади, бошқа Лотин Америкаси давлатлари унда иштирок этишга таклиф қилинади.

Фото: Andre Penner/AP/picture alliance

Бразилия ва Аргентина расмийлари умумий валюта яратиш устида иш бошлайди, деб хабар берди икки мамлакат президентлари Луис Инасиу Лула да Силва ва Алберто Фернандес Аргентинанинг Perfil ҳафталик нашрида 22 январь, якшанба куни чоп этилган қўшма мақоласида.

"Биз умумий Жанубий Америка валютаси ғояси бўйича мунозараларни давом эттиришга қарор қилдик, у ҳам молиявий, ҳам тижорат операциялари учун ишлатилиши мумкин, харажатларни ва ташқи қарамлигимизни камайтиради. Биз ягона Жанубий Америка валютасини муҳокама қилишни давом эттирамиз", дейилади икки давлат раҳбарларининг уч йилда илк маротаба ўтказиладиган учрашуви олдидан ёзилган мақола.

The Financial Times газетаси биринчи бўлиб Жанубий Америкадаги икки йирик иқтисодиётнинг режалари ҳақида хабар берди. Ягона валюта лойиҳаси Буэнос-Айрес саммитида муҳокама қилинади ва бошқа Лотин Америкаси давлатлари иштирок этишга таклиф қилинади, деб ёзади нашр. "Мен ёлғон умидлар яратишни хоҳламайман. Бу Лотин Америкаси босиб ўтиши керак бўлган узоқ йўлнинг биринчи қадамидир", - дея огоҳлантирди Аргентина иқтисодиёт вазири Серхио Масса. Унинг сўзларига кўра, лойиҳани амалга ошириш узоқ йиллар давом этиши мумкин. Масса еврони яратиш учун Европага 35 йил вақт кетганини эслатди. Бразилия валютани "сур" (испанчада "жануб") деб номлашни таклиф қилмоқда.

Дастлабки режалардан келиб чиқадики, гап Бразилия реали ва Аргентина песоси билан параллел равишда муомалага кирадиган янги валютани яратиш ҳақида кетмоқда. Агар Жанубий Американинг қолган қисми лойиҳага қўшилса, валюта иттифоқи глобал ялпи ички маҳсулотнинг қарийб 5 фоизини қоплайди ва бу уни ҳажм бўйича дунёдаги иккинчи энг катта валюта иттифоқига айлантиради, деб ҳисоблайди FT. Дунёнинг энг йирик валюта иттифоқи - евро ҳудуди жаҳон ялпи ички маҳсулотининг қарийб 14 фоизини ташкил қилади.

Бразилия ва Аргентина расмийлари сўнгги бир неча йил давомида умумий валютани муҳокама қилиб келаётганди, бироқ Бразилия марказий банкининг бу ғояга қаршилиги туфайли музокаралар тўхтаб қолди, деди мунозараларга яқин бўлган расмий FT'га. Ҳозир ҳар икки давлатда ҳам сўл қанот етакчилар ҳокимият тепасида экан, бу ғоя сиёсий жиҳатдан кўпроқ қўллаб-қувватланмоқда, дея қайд этади газета.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид