Ўзбекистон | 13:59 / 23.01.2023
7533
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда йил охиригача 170 та контейнерда тиббиёт пунктлари ташкил этилади

Ҳозиргача ташкил этилган 40 та тиббиёт пунктини таъмирлаш, жиҳозлаш ва коммуникация тизимларига улаш учун маҳаллий бюджетдан 900 млн сўм ажратилди.

Фото: Халқ сўзи

Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Бахтиёр Раҳмонов маҳаллаларда тиббиёт пунктларини ташкил этиш тўғрисидаги қарорни имзолади. Қарор билан ҳозиргача ташкил этилган бундай турдаги тиббиёт пунктларини таъмирлаш, коммуникация тизимларига улаш ва жиҳозлаш учун 900 млн сўм маблағ ажратилмоқда.

Ҳужжатда таъкидланишича, контейнерларда ташкил қилинадиган мазкур турдаги тиббиёт пунктлари сони шаҳарда йил охиригача 170 тага етказилади. Жумладан, Бектемир туманида 10 та, Миробод туманида 7 та, Мирзо Улуғбек туманида 17 та, Олмазор туманида 27 та, Сергели туманида 15 та, Учтепа туманида 11 та, Чилонзор туманида 12 та, Шайхонтоҳур туманида 26 та, Юнусобод туманида 19 та, Яккасарой туманида 7 та, Яшнобод туманида 13 та ҳамда Янгиҳаёт туманида 6 та тиббиёт пункти бўлади.

Шунингдек, ҳозиргача ташкил қилинган 40 та тиббиёт пунктида таъмирлаш, жиҳозлаш ва коммуникация тизимларига улаш ишлари якунига етказилади. Бунинг учун уларнинг ҳар бирига шаҳар маҳаллий бюджетининг захира маблағлари ҳисобидан ўртача 23 млн сўм, жами 900 млн сўм маблағ ажратилган.     

Руслан Сабуров
Тайёрлаган Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид