Leopard, Abrams ва Challenger. Украинага берилаётган танкларнинг устунлик ва камчиликлари ҳақида
Ғарбнинг асосий жанговар танкларини Украинага етказиб бериш сўнгги дақиқагача интригани сақлаб қолди. Ва ниҳоят 25 январ куни Германия ҳукумати ва АҚШ президенти Жо Байден Украина Ғарб типидаги танкларни олишини расман эълон қилди.
Германия узоқ вақт давомида Украинага ўзининг Leopard танкларини юбориш борасида бир қарорга кела олмади. Бунга биринчи сабаб, ушбу қадам Берлинни амалда можаронинг иштирокчисига айлантиради деган қўрқув эди. Ва бу қўрқув ушбу танкларни нафақат Германиядан етказиб беришга, балки бошқа мамлакатлардаги немис танкларини реэкспорт қилишга расмий рухсат беришга ҳам тегишли эди. Берлиннинг розилигисиз Leopard’ларни Украинага юбориб бўлмасди.
Ушбу қийин сиёсий масала ечими Буюк Британия ва АҚШ томонидан Киевга танклар юборилишини эълон қилиш бўлди — шундан кейин Германия бундай ёрдамни амалга оширадиган ягона давлат бўлиб қолмади.
Европа ва АҚШ Германияни Leopard’ларни юборишга рухсат беришга кўндирар экан, Украина Leopard 2’дан ташқари Abrams ва Challenger 2 танкларини ҳам қўлга киритди. Шу сабаб Украина тарафдорлари ижтимоий тармоқларда Германия канцлери Олаф Шолцга қатъиятсизлиги учун ҳазил билан миннатдорчилик билдирди.
Украина қанча танк олиши мумкин?
Умумий ҳисобда қанча танк етказиб берилиши номаълум. Катта эҳтимол билан эълон қилинган миқдорлар якуний бўлмайди.
Ҳозирча Британиядан 14 та Challenger 2, Германиядан 14 та Leopard 2 танки ваъда қилинган, Полша ҳам, эҳтимол, яна 14 та танк беради.
АҚШ Украинага 31 та танк етказиб беради. Байденнинг сўзларига кўра, етказиб бериш кўп вақт талаб этади, бироқ АҚШ тез орада украиналик ҳарбийларни ўқитишни бошлайди.
«Ушбу танкларни жанг майдонига етказиш вақт талаб этади. Биз бу вақтдан украиналиклар Abrams танкларини ўз мудофаасига қўшишга тўлиқ тайёр бўлишини таъминлаш учун фойдаланамиз», деган АҚШ президенти.
Америка матбуотининг хабар беришича, Киевга жўнатиладиган Abrams танклари «Украина хавфсизлигига кўмаклашиш ташаббуси» (Ukraine Security Assistance Initiative) дастурининг бир қисми сифатида буюртма қилиниши керак, бу эса танклар Украинага АҚШ армиясининг захираларидан эмас, балки ишлаб чиқарувчидан юборилишини англатади. Бу эса қурол пакети етказиб берилишини сезиларли даражада кечиктиради.
Буюк Британия, 2021 йилда хизматдаги 225 та Challenger 2 танкидан 77 тасини фойдаланишдан чиқаришга қарор қилганди. Шунинг учун уларни тезда Украинага юбориш мумкин.
Немис Leopard’лари масаласида эса, Spiegel нашрига хабарига кўра, Бундесверда турли моделдаги 212 та Leopard мавжуд. 2022 йил ёз фасли бошидаги ҳолатга кўра яна 100 га яқин танк таъмирда бўлган.
ABC News нашри Украинанинг юқори мартабали мулозимига таяниб, хабар беришича, Рамштейн авиабазасидаги музокаралар чоғида 12 давлат Берлин рухсат бериши биланоқ Киевга жами 100 га яқин Leopard 2 танкларини етказиб беришга тайёрлигини билдирган.
Leopard танкларини Украинага етказиб бериш нияти ҳақидаги оммавий баёнотлар ҳозирча Полша ва Финландия томонидан янгради, аммо ОАВда Норвегия, Испания ва Нидерландия ҳам таъминот дастурига қўшилиши мумкинлиги ёзилди.
Украина қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужний аввалроқ Украинага урушда ғалаба қозониш учун Ғарбнинг 300 та танки кераклигини айтганди.
Қандай танклар етказиб берилади?
Бу муҳим савол, чунки юқорида номи қайд этилган Ғарб танкларининг ҳар бири модернизациядан ўтган. Натижада, бир хил моделдаги танкнинг баъзи версиялари бир-биридан сезиларли даражада фарқ қилади ва улардан қайси бири Украина қуролли кучлари хизматига кириши ҳақида аниқ маълумот йўқ.
Масалан, Leopard 2 танкларининг камида учта асосий модели мавжуд. Асосий модификациядан ташқари, 1985 йилдан 1992 йилгача ишлаб чиқарилган Leopard 2А4, шунингдек, Leopard 2А5 / 2А6 моделлари ҳам бор.
Буларга қўшимча равишда, оралиқ ва хорижий мижозлар учун яратилган бошқа кўплаб версиялар ҳам бор. Сотиб олувчилар ҳар сафар Германиядан янги танк сотиб олаётганда, ўз талабларини қўяди ва жанговар машинани ўзи учун мослаштиради.
Шунинг учун, «ўрмонда қарағайга» сиёсати, эҳтимол, турли хил тизимларни бирлаштиришни талаб этади. Акс ҳолда, бу танкчиларни ўқитиш (барчани битта машинада ўқитиш осонроқ) ва техник таъминотда қийинчиликларга олиб келарди.
Spiegel нашри ўз манбаларига таяниб ёзишича, Берлин Киевга Leopard 2А6 танклари ротасини (14 дона) топшириши мумкин. Бу Leopard танкининг кенг кўламда ишлаб чиқарилган моделларидан энг замонавийси. Ушбу модел олдинги версиялардан фарқли равишда зирҳларни тешиб ўтиш салоҳияти юқорироқ, узунроқ L/55 тўпи билан қуролланган.
Июн ойи бошида Испаниянинг El Pais газетаси мамлакат ҳукумати Украинага армия захираларида бўлган Leopard 2А4 танкларининг бир партиясини юбориш имкониятини кўриб чиқаётгани ҳақида мақола чоп этганди. Испания Leopard 2А6 моделини лицензия асосида ўзида ишлаб чиқаришни бошлашдан олдин, Германиядан 108 та Leopard 2А4 моделини сотиб олган.
Leopard’нинг ушбу версияси, эҳтимол, янгиланишга муҳтож. 1980-йиллар охирларида 2А4 мутлақо замонавий танк эди, аммо 30 йил ичида танкка қарши қуроллар анча ривожланди ва кейинги модификациядаги танклар яхши ҳимояга эга бўлди. Бундан ташқари, кейинги версияларда янада ривожланган ўт очишни бошқариш, кузатув, алоқа ва бошқа тизимлар мавжуд.
Бу AQSHнинг М1 Abrams танкларига ҳам тааллуқли. Ҳозирга қадар 10 мингдан ошиқ шу турдаги танклар (асосан учта версияда) ишлаб чиқарилган. Версиялар орасида кўплаб кичик янгиланишлар амалга оширилган, улар янада ривожланган ҳимоя, ўт очишни бошқариш, кузатув ва алоқа тизимлари билан бир-биридан ажралиб туради. Abrams’нинг айнан қайси версияси Украинага юборилиши ҳозирча номаълум.
Украинага қўшни Полша аллақачон 250 та янгиланган М1А2 Abrams танкларини сотиб олган ва январ ойи бошида 116 та М1А1 модели учун ҳам шартнома имзолаган. Агар Украина танкларни «заводдан» олса, бу Abrams танкининг замонавийроқ версияси — М1А2 + бўлишини тахмин қилиш мумкин.
FV4034 Challenger 2 Украинага ваъда қилинган юқоридаги икки танкдан фарқ қилади. Биринчидан, у Leopard 2 ва М1 Abrams’дан кейинроқ яратилган. Америка ва немис танклари совуқ уруш авжига чиққан даврдаги муҳандислар меҳнати натижасидир, уларнинг ишлаб чиқарилиши мос равишда 1980 ва 1979 йилларда бошланган. Британия танки эса 1990-йилларда яратилган ва ўн йиллик охирида фойдаланишга топширилган.
Шу сабабли, танкнинг экспорт учун яратилган фақатгина битта версияси (уни фақат Уммон сотиб олган), шунингдек, Challenger 3 деб номланган чуқур модификациялаган модели мавжуд.
Ғарб танкларининг қандай камчиликлари бор?
Танкларни тактик-техник хусусиятларига кўра солиштириш қийин. Биринчидан, танклар камдан кам ҳолларда ўзаро дуэлга чиқади, улар кўпинча истеҳкомларга, бошпаналарга, енгилроқ ва кенг тарқалган зирҳли транспорт воситаларига ҳамда пиёдаларга қарши ҳаракат қилади.
Иккинчидан, замонавий танк — бу бошқариш жуда қийин бўлган жанговар восита, шунинг учун муваффақият ва муваффақиятсизлик кўпинча унинг имкониятларидан 100 фоиз фойдалана олмасликка боғлиқ. Бироқ, бу танклар мутахассисларга маълум бўлган баъзи афзаллик ва камчиликларга эга.
Агар Ғарб танкларининг камчиликлари ҳақида гап кетса, унда учала танкда ҳам камида битта умумий муаммо бор — бу вазн.
М1 Abrams М1А1’нинг сўнгги версиясининг жанговар оғирлиги 66 тоннадан ошади. Энг замонавий Leopard 2А7’нинг оғирлиги ҳам тахминан шунча. Challenger 2’нинг жанговар оғирлиги қўшимча ҳимоя билан биргаликда 75 тоннага етади.
Бу танкларнинг барчаси, шу жумладан нисбатан ёш Challenger ҳам ўз эволюцияси жараёнида «семириб кетган». Танкларнинг ривожланиши танкка қарши қуроллар ривожланиши билан параллел кечади ва уларни модернизация қилиш, асосан, хавфсизликни оширишга қаратилади. Ва янги жиҳозлар ўрнатилиши уларнинг жанговар оғирлигини оширади.
Таққослаш учун, Россиянинг Т-80У танки жанговар оғирлиги 46 тонна, Т-72Б3 ва Т-90 танклариники эса 46,5 тонна.
Вазн жуда муҳим нарса. Чунки бу танкларнинг логистикаси билан боғлиқ қийинчиликларга сабаб бўлиши мумкин, чунки танклар узоқ масофага мустақил равишда ҳаракат қила олмайди, уларни тиркамали бақувват машиналарда ташиш керак. Шунингдек, бу танкларни кўприклардан олиб ўтишда ҳам мустаҳкам тиргаклар ўрнатиш лозим.
Зирҳли техника соҳасидаги украиналик мутахассис Андрей Тарасенконинг BBC нашрига айтишича, танк учун вазн эмас, балки ердаги солиштирма босим муҳим.
«Ҳақиқатдан ҳам бу танкларнинг барчасининг вазни оғир. Бироқ улар олти каткали (катка — танкнинг гусеницасидаги «ғилдираклар») Т-90, Т-72 ва Т-80 танкларидан фарқли ўлароқ, етти каткали занжирда ҳаракатланади. Шу сабаб уларда таянилувчи ер юзаси каттароқ. Шу боис улардаги тупроқнинг бир квадрат сантиметрига босим, совет намунасидаги танкларники билан деярли бир хил», дея тушунтирган Тарасенко.
Challenger 2 ҳар икки томонда олтита каткага эга, аммо унинг ердаги босими М1 Abrams ва Т-72’ники билан бир хил, лекин Leopard 2, Т-90 ва Т-80 босимидан бироз кўпроқ.
Ғарб танкларнинг иккинчи камчилиги — экипажни махсус тайёрлаш зарурати. Замонавий танкларни бошқариш жуда қийин, улар рақамли ўт очишни бошқариш, кузатув ва алоқа тизимлари билан жиҳозланган.
Шу сабаб экипажнинг ҳар бир аъзоси техникани бенуқсон бошқариши ва танк ҳаракатлари автоматлаштирилган даражада бўлиши лозим — чунки, жангда кўпинча бир сония ҳам ҳал қилувчи рол ўйнайди.
Танк экипажлари махсус ўқув майдончаларида ўқитилади, бу ерда улар ҳақиқий техникада ҳам, симуляторларда ҳам машқ қилади. Шу сабабли, янги технологияни ўрганиб чиқиш, ҳатто тажрибали танкчилар учун ҳам вақт талаб этади.
Ниҳоят, янги танклар учун таъминот тизимини яратиш керак бўлади. Украина учта турли хил танкларни олади, уларнинг ҳар бирига ўзига хос эҳтиёт қисмлари ва ёнилғи керак бўлади.
Агар Leopard ва Abrams бир хил турдаги ўқ-дорилардан фойдаланса (чунки улар бир хил силлиқ тўп билан қуролланган), Challenger учун алоҳида снарядларни етказиб бериш лозим. Challenger НАТOнинг стандарт танк ўқ-дориларига мос келмайдиган тўп билан жиҳозланган
Бундан ташқари, Abrams танкларига ҳам кўпроқ ёнилғи етказиб бериш керак бўлади. Чунки бу танк двигател сифатида дизел двигателидан фойдаланмайди, балки ёнилғисини алоҳида юбориш керак бўлган турбинали двигател ишлатади.
Турбинанинг «очкўзлиги» универсаллик билан қопланади — Abrams’ни реактив двигател ёнилғиси, бензин, дизел ва ҳатто кема дизел ёнилғиси билан ҳам тўлдириш мумкин. Аммо мутахассиснинг тушунтиришича, ушбу турдаги ёнилғиларнинг истеъмоли янада кўпроқ бўлади.
Логистика билан боғлиқ муаммолар Abrams ва Leopard’лар учун Полшада аллақачон базалар мавжудлиги билан маълум даражада қопланади. Бу ерда уларга техник хизмат кўрсатиш учун база мавжуд ҳамда эҳтиёт қисмлари ва бошқа зарур материалларни етказиб бериш тизими аллақачон йўлга қўйилган.
Ғарб танкларининг афзалликлари
Совет танкларининг машҳур, битта муҳим камчилиги бор — ўқ-дорилар биринчи навбатда «арғимчоқ» деб аталувчи қисмда, танкнинг жанговар бўлинмасининг пастки қисмидаги барабанда жойлашади. Бу танкнинг жангда омон қолиш қобилиятини пасайтиради, чунки снаряд келиб урилганда ўқ-дорилар ёниб кетиши мумкин.
Украинага етказиб бериладиган ғарб типидаги уч танкдан фақат АҚШ танки бу камчиликдан бутунлай холи. Унинг барча ўқ-дорилар тўплами минора ташқарисига, танкнинг орқа қисмидаги ўринга жойлаштирилган. Бу жой минорадан ёнғинга чидамли зирҳли эшиклар билан ажратилган ва ўқ-дориларга снаряд келиб урилган тақдирда портлаш энергияси тепага кўтарилади. Тепага эса босим остида очилувчи панеллар ўрнатилган.
Ҳар хил (модификациясига қараб) қўшимча материаллар ва кўп қатламли зирҳ билан биргаликда бу қобилияти Abrams’ни дунёдаги энг яхши ҳимояланган танклардан бирига айлантиради.
Унинг инглиз ва немис турдошлари ҳам кўп қатламли зирҳлар билан жиҳозланган, аммо мутахассислар фикрига кўра, уларнинг ҳимояси Abrams’никига қараганда пастроқ. Бундан ташқари, уларда ҳам ўқ-дориларнинг бир қисми жанговар бўлимга жойлаштирилади. Бу танклар парчалар (осколкалар) урилишидан қўшимча равишда ҳимояланган, бироқ уларда экипаж барибир снарядлар ва зарядлар билан бир ўринда жойлашади.
Abrams’нинг камчилиги, яъни унинг «очкўз» турбинаси, бу бир вақтнинг ўзида танкнинг афзаллиги ҳамдир. Бундай двигател жойдан тезда қўзғалишга, ҳаракатланаётганда тезликни оширишга имкон беради. Ва бу оғир танк шосседа 60 км/соатгача, ноқулай жойларда эса 40 км/соатгача тезликда юриши мумкин. Унинг бу тезлиги худди шундай двигател ишлатувчи Россиянинг Т-80 танки тезлигидан пастроқ. Россия танки шосседа 70 км/соат, йўлсиз жойларда эса 60 км/соат тезликда ҳаракатланади.
Leopard 42А4’нинг автомагистрал ва ноқулай ерлардаги тезлиги мос равишда 70 ва 60 км/соатни ташкил қилади, яъни унинг дизел двигатели турбинадан ёмонроқ ишламайди. Немис танкининг кўплаб мутахассислар томонидан эътироф этадиган яна бир афзаллиги бор — у орқага қараб ҳам жуда тез ҳаракатлана олади.
Бу жуда муҳим жиҳат. Чунки жанговар шароитларда танклар нишонни ўққа тутиш учун бошпаналардан чиқади ва орқага қайтиб беркинади. Танк буни қанчалик тез амалга оширса, душманда уни нишонга олиш учун шунча камроқ вақт бўлади.
Challenger 2 анча секин танк бўлиб, у шосседа 56 км/соат тезликда ҳаракатлана олади ва йўлдан ташқарида эса 40 км/соат тезликда юради. Бироқ, бу мос равишда 65 ва 35 км/соат тезликда ҳаракатланувчи Россиянинг Т-72 ва Т-90 танклари параметрлари билан деярли бир хил.
Challenger 2’нинг милтиқли тўпи кўпинча танқид қилинади. Бу милтиқли тўп силлиқ тўп билан жиҳозланган Россия ва Ғарб танклари фонида ҳақиқатан ҳам эскилик намунаси бўлиб кўринади. Силлиқ тўп стволдаги катта газ босими ҳисобига снарядни юқори тезликда отади. Бундай снаряд билан анча қалин ҳимояни ҳам тешиб ўтиш мумкин.
Бироқ, милтиқли қурол анча юқори аниқликка эга. Душман танкларига қарши кураш оғир танкларнинг асосий «мутахассислиги» эмаслигини ҳисобга олган ҳолда, бу камчиликни ҳам афзаллик деб ҳисоблаш мумкин.
Ва ниҳоят Тарасенконинг таъкидлашича, Ғарб танкларида энг ёрқин бўлмаса ҳам, аммо муҳим устунлик бор. Бу уларнинг тўпларининг оғиш бурчаги Россия танклариникига қараганда каттароқлигидир.
Бу жуда катта ҳажмли транспорт воситаларига тоғ ёнбағирлари орқасига яшириниб, миноранинг фақат юқори қисмини очиқ қолдириш имконини беради.
Универсал қурол
Танк — замонавий қуруқликдаги жангларнинг асосидир. У кенг кўламли вазифаларни бажаради, танк универсал восита бўлиб, уни ҳеч нарса билан алмаштириб бўлмайди. Шу сабабли, Валерий Залужний ва Украина раҳбарияти Ғарбнинг асосий жанговар танкларини олишни жуда хоҳлади.
Бироқ, замонавий танкларнинг қобилиятларидан, ҳатто жуда баланд бўлса ҳам, фақатгина яхши ўқитилган экипажлар улардан унумли фойдалана олиши мумкин.
«Ҳатто ушбу танклар ҳам ўқув мажмуалари, ўқув парки, услубий материаллар билан тегишли тайёргарликсиз ўзининг 60-70 фоиз имкониятларидан фойдаланмайди», дейди мутахассис.
«1989 йилда ўтказилган тадқиқотларга кўра, экипаж тайёргарлиги даражасининг 25 фоизга ўсиши жанговар машиналар ва танклар паркининг 60 фоизга кўпайишига тенг», дея қўшимча қилади Андрей Тарасенко.
Бироқ, ҳатто яхши тайёрланган экипажлар ҳам умумқўшин жангларининг бошқа таркибий қисмлари — пиёдалар, муҳандислик бўлинмалари, разведка билан жанговар мувофиқлаштиришга муҳтож. Украина ҳарбийлари ҳозирда хориждаги армия ўқув марказларида бу борада фаол машғулотлар ўтказмоқда.
Замонавий умумқўшин жанглари учун алоқа ҳам муҳим аҳамиятга эга ва пиёдалар билан яқин ҳамкорликда ишлайдиган танклар билан алоқани таъминлаш айниқса долзарбдир. Украина қуролли кучларида, ҳатто россиялик «ҳарбий мухбирлар»нинг шарҳларига кўра ҳам, алоқа жуда яхши йўлга қўйилган ва бу Украина армиясининг кучли томонларидан бири.
Аммо танклар ўз-ўзидан, ҳатто жуда самарали бўлса ҳам, ҳар қандай урушда «кумуш ўқ» бўлмайди — улар ҳали янада яхшироқ бошқаришни ўрганиш керак бўлган восита холос.
Мавзуга оид
21:05 / 10.11.2024
Фронтдаги вазият: Россия ҳарбийлари Курск областида қарши ҳужумга тайёрланмоқда
20:11 / 10.11.2024
Россия Курск областига ҳужум учун 50 минг кишилик қўшин тўплади — NYT
19:02 / 10.11.2024
The Guardian: Буюк Британия ҳукумат алмашганидан кейин Украинага ракеталар етказишни тўхтатди
13:30 / 10.11.2024