Жаҳон | 14:12 / 28.01.2023
10009
2 дақиқада ўқилади

Ҳиндистонда иккита қирувчи самолёт ҳалокатга учради

Учувчилардан бири ҳалок бўлди, дея хабар қилган Ҳиндистон ҳарбий-ҳаво кучлари. Ҳиндистон ҳарбий-ҳаво кучларининг Су-30 ва Mirage қирувчи самолётлари ўқув парвози вақтида ҳавода тўқнашгани тахмин қилинмоқда.

Фото: twitter.com/Live_Hindustan

Ҳиндистон ҳарбий-ҳаво кучларининг иккита самолёти 28 январь, шанба куни мамлакат пойтахти Нью-Деҳлидан 300 километр узоқликда ҳалокатга учради, деб хабар бермоқда AFP ва Reuters агентликлари маҳаллий полицияга таяниб. AFP суҳбатдошларига кўра, ушбу самолётларнинг машғулотлар вақтида ҳавода тўқнашиб кетиши ҳодисага сабаб бўлган бўлиши мумкин.

Полиция вакилининг таъкидлашича, самолётлардан бирининг қолдиқлари жойлашуви аллақачон аниқланган, жароҳатланган учувчи эса Ҳиндистоннинг марказий қисмидаги Мадхя-Прадеш штати Паҳадгарх қишлоғи яқинидаги ўрмонда топилган. Иккинчи самолёт қолдиқларини қидириш давом этмоқда.

Айни пайтда, Ҳиндистон ҳарбий-ҳаво кучлари матбуот хизмати Гвалиор шаҳри яқинида икки қирувчи билан боғлиқ ҳодиса ҳақида хабар берди. Уч учувчидан бири ҳалок бўлган.

The Hindustan Times газетасининг ёзишича, ҳарбий-ҳаво кучлари текширув бошлаган ва жанговар самолётларнинг ҳавода тўқнашуви версиясини текширмоқда. Мадхя-Прадеш штати расмийларига кўра, гап Су-30 ва Mirage қирувчилари ҳақида кетмоқда. Улардан биринчиси бортда икки учувчи, кейингиси бортида бир учувчи бор эди. Mirage самолёти ҳалокатга учраган жойдан олинган видеони Gwalior Diaries янгиликлар портали эълон қилди.

Бу Ҳиндистон ҳарбий-ҳаво кучлари билан боғлиқ сўнгги пайтларда содир бўлган биринчи авиаҳалокат эмас, дея хабар беради AFP. 2022 йил октябр ойида Хитой билан чегарада жойлашган Аруначал-Прадеш штатида вертолёт қулаши оқибатида беш аскар ҳалок бўлган эди. Ундан бир неча ҳафта олдин худди шу штатда Таванг шаҳри яқинида яна бир ҳарбий вертолёт қулаб, учувчиси ҳалок бўлган.

2021 йил декабрь ойида мамлакат жанубидаги Тамилнаду штатида Россияда ишлаб чиқарилган Ми-17 вертолётининг қулаши натижасида Ҳиндистон Мудофаа штабининг ўша пайтдаги раҳбари генерал Бипин Рават ва яна 12 киши шу жумладан, унинг хотини ҳам ҳалок бўлган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид