Жамият | 18:54 / 30.01.2023
34937
4 дақиқада ўқилади

28 марта операция бўлган ҳунарманд аёл

Шифокорлардан кўзлари кўрмай қолишини эшитгач, чуқур депрессияга тушган аёл ўзини овутиш учун ҳунари – интерьер дизайнерлик билан жиддий шуғуллана бошлаган. 28 марта жарроҳлик амалиётини бошидан ўтказган Наргиза Қаршиева ҳозирда минглаб шогирдларнинг устози.

Наргиза Қаршиева ҳозирда турли ҳунармандлик ва эсдалик буюмларини ясайди. Бунда у янги, ўзига хос, ноодатий усуллардан фойдаланади. Хусусан, яқин йиллар ичида суюқ елим (эпокси қатрони)дан буюмлар тайёрлашни йўлга қўйган. Ҳунарманднинг устахонасида бўлиб, у билан суҳбатлашдик.

“Чиройли нарсаларни кўрсам, ўша нарсаларнинг ҳар бирини ўзим ясаб кўргим келади. Бошида бу нарсани интернетда кўриб, ясашга уринганман, лекин эплай олмаганман. Уч-тўрт марта ҳаракат қилганимда ҳам уддалай олмадим. Кейин эса эронлик устадан онлайн дарс олганман, шундан сўнг эсдалик буюмлари ясашга киришиб кетдим”, – дейди ҳунарманд.

Ўзбекистонда бу санъат икки йилдан бери оммалашди. Наргиза Қаршиеванинг айтишича, суюқ елимдан буюмлар ясаш жараёнида турли ранглар билан ишлаш инсонни руҳан тинчлантиради. Шунинг учун кўпчилик бу ҳунарни қизиқиб ўрганади.

“Психологларнинг тавсияси билан келган шогирдларим ҳам бор. Чунки бу санъат билан шуғулланиш кишини депрессия ҳолатидан чиқаради. Бир неча йил илгари ўзим ҳам кўзимнинг биттаси кўрмай қолгач, иккинчи кўзинг ҳам кўрмай қолиши мумкин, дейишганида 8 ой мобайнида депрессияга тушиб қолганман. Шу ҳолатдан чиқиб кетиш учун фойда берган бу иш”, – дейди қаҳрамонимиз янги буюм ясаш жараёнида.

Кўз нурини сақлаб қолиш учун йиллар давомида курашган аёл ҳунарини ҳам ташлаб қўймади. Саломатлигини бироз йўқотган бўлса-да, борига шукр қилади.

“Қисматимда бор экан, бундан қочиб қутулолмайсиз. 28 марта операция бўлганман. Кўз қорачиғининг томирлари ёрилишидан азият чекканман. Худога беҳисоб шукр, яхши докторлар бор экан, бир кўзимни асраб қолишди. Бундан баттари ҳам бўлиши мумкин эди. 2018 йилда ўғлим «Талант» шоусида қатнашган. Ўшанда ўғлимдан «220 миллионни ютсанг, нима қиласан?» деб сўрашганида, у «Онамнинг кўзларини даволатаман», деган. Саҳна ортида эдим, ўғлимдан бундай жавоб кутмагандим. Йиғлаб юборганман”, – дея хотирлайди у.

Наргиза Қаршиева 18 йилдан буён ҳунарини бошқаларга ўргатиб келади. Ўзининг айтишича, шу вақтгача мингдан ортиқ шогирдлар етиштирган.

“Жуда кўп жойдан келишади ўрганиш учун. Ҳатто Қозоғистоннинг Олмаота шаҳридан 64 ёшли аёл келиб келин кўйлак тикишни ўрганиб кетган. Баъзида ҳунарга қизиққан шогирдларимга маблағи бўлмаса текин ўргатган пайтларим ҳам бўлади.

Бу ҳунар мен учун нафақат даромад манбаи, ҳам соғлиғим учун фойдали, ҳунарим ортидан атрофимда шогирдларим кўп – шундан хурсанд бўламан. Менга энг кўп завқ берадигани – турмуш ўтроғимнинг қўллаб-қувватлаши. Чунки кимдир сизга ишонса, фақат олдинга ҳаракат қиласиз”, – дейди Наргиза Қаршиева.

Илк ишини тикувчиликдан бошлаган қаҳрамонимиз бугунги кунда ўнга яқин ҳунар ўзлаштирган. Энг муҳими, у ўрганишдан тўхтамайди. Келгусида ўз ҳунарини атрофдагиларга кўпроқ улашиш мақсадида ўқув маркази очишни мақсад қилган.

Мақсуда Абдуқаюмова тайёрлади.

Мавзуга оид