Жаҳон | 11:30 / 07.02.2023
9537
2 дақиқада ўқилади

БМТ: Шимолий Корея ядровий дастурни кибер-ўғриликлар билан молиялаштиряпти

2022 йилда ҳукумат назорати остидаги Шимолий Корея ҳакерлари 1 миллиард долларгача виртуал активларни ўғирлашди. Бу пуллар КХДРнинг ҳарбий харажатларига кетган. 

Фото: AP

2022 йилда Шимолий Корея расмийларига алоқадор ҳакерлар турли ҳисоб-китобларга кўра, 630 миллион доллардан 1 миллиард долларгача бўлган виртуал активлар ва кибервалюталарни ўғирлаган. Бу ҳақда БМТнинг махсус ҳисоботида айтилади, деб хабар берди Reuters 6 февраль, душанба куни. 

«Сўнгги ойларда криптовалюта қийматининг ўзгариши бу тахминларга таъсир қилган бўлиши мумкин, бироқ иккала ҳисоб-китоб ҳам 2022 йил Шимолий Корея томонидан виртуал активлар ўғирланиши бўйича рекорд йил бўлганини кўрсатади», — дейилади БМТ ҳисоботида. 

Ҳисобот муаллифларига кўра, сўнгги бир йилда КХДР кибержиноятчилари қўллаган усуллар «мукаммалроқ» бўлиб, ўғирланган маблағларни кузатишни қийинлаштирган. Киберҳужумларнинг аксарияти Шимолий Кореянинг бош разведка агентлиги назорати остидаги гуруҳлар томонидан амалга оширилган. Охирги олти йил ичида давлат назорати остидаги КХДР ҳакерлари жами 1,2 миллиард долларга яқин онлайн активларни эгаллаб олди. 

Маблағлар кўпинча аноним тарзда криптовалюталарга инвестиция қилинган, сўнгра Шимолий Кореянинг ядровий ва ракета дастурларини молиялаштириш учун фойдаланилган, дейилади ҳисоботда. Шимолий Корея 2022 йилда 73 та баллистик ракета учирди ва БМТ маълумотларига кўра, ядровий қурол билан таҳдид қилишни тобора кучайтириб бормоқда. 

Июнь ойида АҚШнинг Шимолий Корея бўйича махсус вакили Сон Ким, разведка маълумотларига кўра, КХДР «исталган вақтда» навбатдаги - еттинчи ядро синовини ўтказиши мумкин эканини айтди. Шимолий Корея охирги марта термоядровий зарядга эга ядровий каллак синовини 2017 йилда ўтказган эди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид