Ўзбекистон | 15:36 / 11.02.2023
14778
1 дақиқада ўқилади

Қаршида ҳам Туркия учун ёрдам йиғилмоқда

Туркияда содир бўлган зилзиладан жабр кўрган қардош миллат вакилларига Ўзбекистоннинг кўплаб ҳудудларида ёрдам юклари йиғилди. Хусусан, Қашқадарё вилоятида ҳам турк халқига инсонпарварлик ёрдами тўпланмоқда.

Ушбу ташаббусга Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва “Ёшлар – келажагимиз” жамғармаси бош бўлмоқда. Шунингдек, Ўзбекистондаги икки давлат ишбилармонлари UTID, DEIK, MUSIAD номидан инсонпарварлик ёрдами юбориш режалаштирилган.

Қаршидаги ёрдам марказида асосан қишки кийимлар, қуруқ озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда консервалар, чодир, ётоқ буюмлари, ёпинчиқлар, генератор, чироқ ва иситгич печлари каби зарурий жиҳозлар воҳа аҳли томонидан тақдим этилмоқда.

Ҳуманитар ёрдам ҳар куни, соат 09:00 дан 20:00 га қадар Қарши шаҳридаги Савдо-саноат палатаси биносида (эски мебелллар уйи) қабул қилиняпти. Йиғилган маҳсулотлар 11 феврал куни Тошкент шаҳрига, у ердан эса Туркияга жўнатилиши кўзда тутилган.

Мавзуга оид