Жаҳон | 15:13 / 15.02.2023
8575
2 дақиқада ўқилади

WP: АҚШда уриб туширилган шар Хитойнинг Хайнан провинциясидан учирилган

Америкаликлар бу объектни бир ҳафта давомида кузатиб боришди. Таҳлилчилар ҳаво шари тасодифан АҚШ ҳаво ҳудудига кириб қолган бўлиши мумкинлигини истисно қилмаяпти, деб ёзади The Washington Post (WP). 

Фото: AP

АҚШ ҳарбийлари уриб туширилган Хитой ҳаво шари йўналишини у учирилганидан бери кузатиб борган, деб ёзади The Washington Post (WP) 15 февраль, чоршанба куни ўзини таништирмасликни сўраган бир неча АҚШ расмийларига таяниб. Нашр суҳбатдошларига кўра, ҳаво шари январь ойи охирида АҚШ ҳаво ҳудудига киришидан олдин тахминан бир ҳафта давомида кузатилган. Ҳаво шари Хитой жанубидаги Хайнан оролидаги базадан ҳавога кўтарилган.

Манбаларнинг таъкидлашича, дастлаб объект АҚШнинг бир неча ҳарбий базалари жойлашган Гуам оролига қараб кетаётгандек бўлган, аммо кейин бирдан шимолга қараб ҳаракатланган. Кейинроқ у Алеут ороллари устидан учиб ўтиб, Канада устидан парвоз қилган ҳамда у ердан кучли шамол таъсирида АҚШ ҳаво ҳудудига кириб қолган. WP нашрига кўра, таҳлилчилар Хитой ўзининг «разведка аппарати» билан АҚШ қитъа ҳудудига атайлаб тасодифан кириб қолган бўлиши мумкинлигини истисно қилмаяпти.

АҚШ ҳарбий самолёти 4 февраль куни Жанубий Каролина қирғоқларида Хитой ҳаво шарини уриб туширди. Хитой АҚШнинг жосуслик ҳақидаги айбловларини рад этиб, «тадқиқот шари форс-мажор ҳолатлари туфайли йўналишидан четга чиқиб кетган», деб баёнот берди. Ҳаво шари билан боғлиқ ҳодиса АҚШ ва Хитой ўртасидаги кескинлашган муносабатларни янада кучайтирди. 

Мавзуга оид