Ўзбекистон | 18:25 / 15.02.2023
7167
2 дақиқада ўқилади

Хитой компанияси Ўзбекистонда бир неча қуёш фотоэлектр станцияларини қуради

Хитойнинг CEEC давлат корпорацияси билан Қашқадарё, Бухоро ва Самарқанд вилоятларида умумий қуввати 2 минг MW бўлган қуёш фотоэлектр станцияларини қуриш бўйича меморандум имзоланди. Компания қанча нарх таклиф этгани маълум эмас. Аввалроқ қуёш станцияларини тезроқ қуриш учун лойиҳалар тендерсиз танланиши маълум қилинганди.

Фото: Энергетика вазирлиги

Энергетика вазири бошчилигидаги делегация аъзоларининг Хитой Халқ Республикасига амалий ташрифи доирасида Қашқадарё, Бухоро ва Самарқанд вилоятларида умумий қуввати 2000 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станцияларини қуриш бўйича CEEC Energy China компанияси билан англашув меморандуми имзоланди.

Вазирлик хабарига кўра, Хитой компанияси Ўзбекистонга 2 млрд доллар миқдорида тўғридан тўғри инвестиция киритади.

“Ушбу қуёш фотоэлектр станциялари 2023 йил якунига қадар ишга туширилиши режалаштирилган бўлиб, 2024 йилдан тўлиқ қувват билан ишлай бошлайди. Бунинг натижасида йилига 5,2 млрд кВт⋅соат электр энергияси ишлаб чиқарилиб, 1,4 млрд куб метр табиий газ тежалишига эришилади”, дейилади расмий ахборотда.

Мазкур лойиҳалар бўйича тендер ўтказилгани ёки йўқлиги маълум эмас. Шунингдек, станциялар ишлаб чиқарган электр энергтиясини давлат қанча нархда кафолатли сотиб олиши ҳам очиқланмади.

Аввалроқ энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов қуёш фотоэлектр станцияларини тезроқ қуриш учун лойиҳалар тендерсиз танланишини айтганди. Бунда инвесторларга электр энергияси давлат томонидан фақат охирги тендерлардаги нархлардан (2,8 цент) оширилмаган нархларда сотиб олиниши шарти қўйилади, деганди у.

Эслатиб ўтамиз, декабр ойида Наманганда қуввати 150 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станциясини қуриш бўйича Хитойнинг GD Power – Powerchina компанияси тендер ғолиби деб топилганди. Мазкур компания ҳар бир киловатт-соат электрни 4,828 центдан етказиб бериш бўйича таклиф билдирган. Энергетика вазирлиги таклифни жуда қиммат деб ҳисоблаб, нархни пасайтириш чоралари кўрилишини маълум қилганди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид