Жаҳон | 14:31 / 17.02.2023
8939
3 дақиқада ўқилади

Хитой раҳбарияти ковид устидан ғалаба қозонганини эълон қилди

Мамлакат ноябрь ойидан бери пандемиядан нормал ҳолатга мукаммал ўтди, дейилади расмийлар баёнотида. 200 миллиондан ортиқ касалликни юқтирган одам тиббий ёрдамдан фойдаланди.

Фото: AP

Хитой раҳбарияти коронавирусга қарши курашда «буюк ва ҳал қилувчи ғалаба»ни эълон қилди. 17 февраль, жума куни ХКП Марказий Қўмитаси Сиёсий бюроси Доимий қўмитаси йиғилишидан сўнг эълон қилинган баёнотда айтилишича, Хитой ноябрь ойидан бошлаб нисбатан қисқа вақт ичида пандемиядан нормал ҳаётга «бенуқсон ўтишни амалга оширди». Амалиёт шуни кўрсатдики, Марказий қўмита пандемия билан боғлиқ вазиятни баҳолашда тўғри қарорлар қабул қилган ва стратегик тузатишлар киритган, дейилади ҳужжатда. Йиғилишга ХХР раиси Си Жинпинг раислик қилди.

Хитойдаги давлат матбуотига кўра, коронавирус пандемияси даврида мамлакатда 200 миллиондан ортиқ касалланган одам тиббий ёрдамдан фойдаланган, 800 мингга яқин оғир беморлар тузалиб кетган, айни пайтда «Хитойда COVID-19’дан ўлим даражаси дунёдаги энг паст кўрсаткичдир». «Хитой инсоният тарихида мўъжиза яратди», деб эълон қилди «Синхуа» агентлиги. Таъкидланишича, Хитойдаги вазият яхшилангани сайин вирус дунёнинг бошқа минтақаларида тарқалиш ва мутация қилишда давом этмоқда.

Шу билан бирга, Сиёсий бюро Хитойнинг 1,4 миллиард аҳолисини ҳушёр бўлишга чақирди. Маҳаллий органлар соғлиқни сақлаш тизимини мустаҳкамлаш ва «қийинчилик билан эришилган ютуқлар»га асосланишлари керак. Сиёсий бюро, шунингдек, кекса аҳолини эмлашни тезлаштиришга қарор қилди. 

Хитойда ковид билан боғлиқ вазиятнинг аниқ ва объектив таҳлили йўқ. Декабрь ойи бошида Хитой ҳукумати кутилмаганда локдаунлар, мажбурий карантинлар ва аҳолини оммавий тестдан ўтказиш билан коронавирусга нисбатан қатъий ноль бардошлик сиёсатини бекор қилди. Соғлиқни сақлаш ходимларининг ҳисоб-китобларига кўра, ўшандан бери бир миллиарддан ортиқ одам вирусни юқтирган. 

Ўлим ҳақидаги маълумотлар энди эълон қилинмаяпти, крематорийлар эса ўликларнинг жасадларини ёқиш жараёнига бардош бера олмаяпти. Расмий ташвиқот ҳам вазиятнинг жиддийлигини пасайтиряпти. Расмий маълумотларга кўра, декабрь ойининг бошидан февраль ойининг бошигача шифохоналарда 83 150 та ўлим қайд этилган. Маълумотларга кўра, шифокорлар ўлим сабаби сифатида ковидни кўрсатмасликка мажбур бўлмоқда. 

Мавзуга оид