Жаҳон | 19:54 / 20.02.2023
41834
3 дақиқада ўқилади

Оқ уй Россияни Байденнинг Киевга ташрифи тўғрисида огоҳлантирган

АҚШ маъмурияти кутилмаган ташриф арафасида икки ядровий давлат ўртасида тўғридан тўғри можаро келиб чиқишининг олдини олиш учун Россия билан алоқага чиққан.

Фото: The White House

АҚШ президенти Жо Байденнинг Киевга ташрифи арафасида Америка ҳукумати «икки ядровий давлат ўртасида тўғридан тўғри тўқнашувга олиб келиши мумкин бўлган ҳар қандай хатоликнинг олдини олиш» учун Россия томони билан боғланган. Бу ҳақда Associated Press агентлиги хабар бермоқда.

Нашрнинг Оқ уйдаги мухбири Зик Миллернинг сўзларига кўра, Байден маъмуриятидагилар «руслар билан тегишли мулоқот ўтказилгани»ни хабар қилган. У бошқа тафсилотларни келтирмаган.

AP маълумотига кўра, Байден Киевда бўлиб турганида шаҳар устидаги ҳаво кенглиги Полша ҳудудида турган Америка разведкачи самолётлари томонидан кузатиб турилган.

AP ва CNN Байденнинг Украинага ташрифининг бошқа тафсилотларини ҳам келтирди. Унга кўра, АҚШ президенти 19 феврал куни эрталабки соат 4 дан ўтганда Вашингтон яқинидаги Эндрюс авиабазасидан учган. У Украинага йўл олишидан олдин Германиядаги Рамштейн авиабазасида тўхтаган. Байден Киевга 20 феврал куни эрталаб соат 8 атрофида келган ва Украина пойтахтида беш соатдан ортиқроқ вақт ўтказган.

AP ва CNN хабарига кўра, Байденнинг Киевга бориш режасидан Оқ уйнинг тор доирадаги ходимларигина хабардор бўлишган. У билан бирга миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан, Оқ уй аппарати раҳбари ўринбосари Жен ОʼМэлли Диллон, шахсий ёрдамчи Энни Томасини ва икки журналист учишган, уларга самолёт бортига ёзиб олувчи мосламаларини олиб чиқиш тақиқланган.

Киевда Жо Байден украинлар етакчиси Володимир Зеленский билан музокаралар ўтказди. АҚШ президенти Украинага 500 миллион доллар миқдоридаги янги ҳарбий ёрдам пакети ҳақида эълон қилди ва Россия президенти Владимир Путин босқин аввалида «Украинани заиф, Ғарбни эса бўлинган» деб ўйлаб, «қаттиқ хато қилгани»ни айтиб ўтди.

Зеленский Байден билан музокараларни «самарали» ва «жуда муҳим» деб атади. «Бу ташриф натижалари албатта кўзга ташланади, бу ташриф ҳудудларимизни озод қилишда жанг майдонидаги вазиятга ўз таъсирини ўтказиши шубҳасиз», — деди украинлар президенти.

Байденнинг ташрифи АҚШ президенти сўнгги 15 йил ичида илк бор ушбу мамлакатга келиши бўлди. Киевга 2008 йилда кичик Жорж Буш келганди. Шу билан бирга, Байденнинг ўзи муқаддам Барак Обама маъмуриятида вице-президент эканида Киевга олти бор келган.

2022 йил декабрида Володимир Зеленский кенг кўламли босқин бошланганидан буён илк хорижий сафарини АҚШга амалга оширганди. Вашингтонда Зеленский Байден билан учрашган ва Конгресс қаршисида чиқиш қилганди.

Мавзуга оид