Жаҳон | 11:39 / 21.02.2023
7995
1 дақиқада ўқилади

Европа Иттифоқи Арманистонда фуқаролик миссиясини бошлади

Европа Иттифоқининг Арманистоннинг чегарадош вилоятларида икки йиллик фуқаролик миссияси ишга туширилди. У 100 кишидан иборат бўлиб, улардан 50 нафари кузатувчи. Миссия Қорабоғ можаросидан жабр кўрган ҳудудлардаги вазиятни барқарорлаштиришга чақирилган.

Фото: APA

Европа Иттифоқининг Арманистондаги фуқаролик миссияси (EUMA) 20 февраль, душанба куни расман иш бошлади. Унинг ходимларининг умумий сони, Брюсселда таъкидланганидек, тахминан 100 киши, шу жумладан 50 га яқин қуролсиз кузатувчилар бўлади. Европа Иттифоқи Кенгаши баёнотида айтилишича, EUMA нейтрал ва ижро функцияларига эга бўлмаган миссиядир.

У Арманистоннинг чегарадош ҳудудларида барқарорликни таъминлаш, Қорабоғ можаросидан жабр кўрган ҳудудларда ишонч ва хавфсизликни мустаҳкамлаш, шунингдек, Арманистон ва Озарбойжон ўртасидаги муносабатларни нормаллаштиришга ҳисса қўшиш мақсадида икки йилга мўлжалланган.

EUMA оператив штаби Вайоцдзор вилоятининг Ехегнадзор шаҳрида жойлашган. Миссия фақат Арманистон ҳудудида ишлайди. Европа Иттифоқи ташқи ҳаракатлар хизматининг фуқаролик режалаштириш бўйича директори Стефано Томат фуқаролик операциялари қўмондони вазифасини бажаради, Штутгартдаги Германия Федерал полиция бошқармаси собиқ раҳбари Маркус Риттер эса Миссия раҳбари этиб тайинланди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид