Нуқтайи назар | 14:49 / 23.02.2023
242974
4 дақиқада ўқилади

Ҳуқуқий давлатчилик мажбурияти

Ҳуқуқий давлатчилик – бу фақат ният ёки натижа эмас, балки жараён ҳамдир. Ўзбекистон, Конституцияга кўра, ҳуқуқий-демократик давлат. Шундай экан, ҳуқуқий-демократик давлатчилик ҳар бир ишда, ҳар бир қарорда ва ҳар бир қадамда сезилиб туриши керак. Ҳуқуқий давлатчиликни таъминлашда давлат ўзига ишониши ва бошқаларни ҳам ўзига ишонтира олиши зарур. Акс ҳолда, кутилмаган муаммолар юзага келиши мумкин.

Фото: Kun.uz

Ҳар бир давлатнинг ўз халқи ва дунё ҳамжамияти олдида олган мажбурияти, масъулияти бўлади. Унинг бу мажбуриятлари Бош қонун – Конституцияда, ёки тарихан шаклланган ҳужжатларда ифодаланган бўлади. Ўзбекистон, Конституцияга кўра – ҳуқуқий, демократик давлат.

Айнан Конституцияда, Ўзбекистоннинг фундаментал қадриятлари, давлат институтлари ва уларнинг ўзаро муносабатлари, жумладан, ҳокимиятнинг энг олий вазифаси – фақат ҳуқуқ доирасида халқнинг, ватандошларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, инсонларнинг ҳаётий лойиҳаларини амалга оширишда – хизмат қилиш эканлиги урғуланади.

Ҳуқуқий давлат бўлиш – бу нафақат ният, балки чуқур сиёсий тафаккур ва катта ҳаётий тажрибани ҳам назарда тутади. Яъни бирон бир давлат “бундан кейин ҳуқуқий бўламиз” деб ният қилса, бу етарли бўлмайди. Ҳуқуқий давлатчилик – бу барча давлат институтлари, уларнинг мулозимлари ва ходимларининг фақат ҳуқуқ доирасида фикрлаши ва ишлашини англатади.

Жумладан, катта сонли Ички ишлар вазирлиги ходимлари ҳам, ҳаттоки жиноятчилик билан курашаётганда ҳам ёки қонунбузарликда гумонланаётган шахслар билан муносабатларда ҳам, фақат ҳуқуқий доирада бўлишини англатади.

Агар эътибор берилса, энг демократик давлатларда ҳам, куч ишлатар тизимлар ходимлари ноқонуний фаолиятда айбланиб туришади, ўз ваколатларини ошириб юборганликлари маълум бўлади. Сабаби, бир томондан, инсон психологиясига бориб тақалади. Кимдир ўзини ёки қилаётган ишини ҳақ, тўғри, қонуний деб билса, ёки оппонент томонни ноқонуний ёки нотўғри деб билса, унга қарши куч ишлатишга мойил бўлиши ўрганилган.

Айтиш керакки, демократик давлатлардаги ноқонуний куч ишлатиш ҳолатлари, нодемократик давлатларга нисбатан ниҳоятда кам. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун, синчковлик билан ўйланган механизмлар жорий қилинган. Тергов жараёнлари, инсонларнинг психологик ҳолатлари, жамиятдаги вазиятларни инобатга олган ҳолда ташкиллаштирилган.

Нима учун энг бой ва тажрибали давлатлар ҳуқуқий давлатчиликни танлашган, ҳуқуқий давлатчиликни ҳимоя қилишади? Сабаби, ҳуқуқий бўлмаган давлат – ҳамма учун муаммо. Энг аввало, ноҳуқуқий бўлган давлатни бошқариб турган мулозимлар учун ҳам. Чунки ноҳуқуқий давлатда, ким кучли ва вазиятнинг хўжайини бўлса, у ҳақ. Бу – ўрмон қоидаси, вазиятни борган сари оғирлаштириб бориши яхши ўрганилган.

Ҳуқуқий давлатчилик – бу муттасил жараён. Ҳуқуқий давлатчиликнинг тамойиллари бу – рационаллик, вазминлик, очиқлик, шошилмаслик. Мисол учун, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида кимдир бировнинг фаолиятига нисбатан гумон пайдо бўлди. Қонунбузарликда айбланаётган одамни тергов қилишни сиёсий кампанияга ҳам айлантириб юбориш мумкин, ёки аксинча, халқаро тажрибада кузатилгани каби, вазминлик, очиқлик ва шошилмаслик орқали, жараённи ишонч билан ҳам олиб бориш мумкин. Давлат институтлари жамият билан мулоқот қилишни яхши ўзлаштириши, қонун тақозо қилганда эса, ҳуқуқий доирада вазиятни шарҳлай олиши ҳам керак.

Ҳар битта жамиятнинг ўз тарихи бўлади. Ўзбекистон яқин ўтмишда ашаддий этатизмни бошдан кечирган давлат сифатида, ҳокимият ҳали-бери жамиятнинг тўлиқ ишончига кириб улгургани йўқ. Шундай экан, давлат ўзининг ҳуқуқий йўналишидан оғишмаётганини халққа ва ташқи дунёга билдириб туриши, бунинг учун жамият тафаккурида пайдо бўлаётган саволларга тез ва тўлиқ жавоб бериш қобилиятини ошириб бориши муҳим.

Ижтимоий фикр – бу жонли ва динамик организм. Бу миллионлаб инсонларнинг тафаккурлари, қарашлари жамланган жойдир. Мана шу ижтимоий тафаккурда давлатга бўлган ишонч, глобаллашган дунёда пасаймаслиги, аксинча ўсиб бориши керак. Акс ҳолда, давлат олдида стратегик муаммолар пайдо бўлиб қолиши мумкин.

Камолиддин Раббимов,
сиёсий таҳлилчи

Мавзуга оид