Ўзбекистон | 15:12 / 25.02.2023
68801
2 дақиқада ўқилади

Пойтахтда 19 ёшли геймерга маъмурий иш очилди

Стример йигит учрашув ўтказиш мақсадида фан-клуби аъзоларини “Magic City”га чақирган. Учрашувга 140 нафарга яқин бола йиғилган. Ички ишлар органи геймерни қўлга олиб, оммавий йиғилиш ўтказиш тартибини бузганлик моддаси билан протокол тузди.

Фото: Тошкент шаҳар ИИББ

24 феврал куни ижтимоий тармоқларда юздан ортиқ вояга етмаганлар Чилонзор туманидаги кўчалардан бирида “Аслам сила”, дея бақириб кетаётгани акс этган видеолар тарқалди. Тошкент шаҳар ИИББ ҳолат юзасидан расмий муносабат берди.

Маълум қилинишича, 24 феврал куни ижтимоий тармоқларда ўзининг блогини юритувчи геймер, 2004 йилда туғилган, Жиззах вилоятида яшовчи Асламбек Баҳромов ўзининг фан-клуб аъзоларини “Magic City” кўнгилочар маскани яқинидаги автотураргоҳ олдига чақириб, улар билан учрашув ўтказмоқчи бўлган. У болаларга совға тарқатишини билдирган.

Учрашувга тахминан 130-140 нафар вояга етмаган болалар йиғилган ва улар жамоат тартибини бузиб, шовқин-сурон кўтарган. Ҳудудда хизмат олиб борувчи Миллий гвардия ва ички ишлар органлари ходимлари тартибсизликнинг олдини олиш ва тушунтириш ишларини олиб бориш мақсадида Асламбек Баҳромовни ички ишлар бўлимига олиб кетган. Ходимлар А.Баҳромовни олиб кетаётган вақтида шу ерга тўпланган болалар автомашинагача кузатиб боришган. Сўнг учрашувга йиғилганларнинг барчаси тарқалган.

Ҳолат юзасидан Чилонзор тумани ИИО ФМБ томонидан Асламбек Баҳромовга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 201-моддаси (йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартибини бузиш) билан маъмурий баённома расмийлаштирилган. Ҳужжатлар кўриб чиқиш учун туман судига тақдим этилган.

Мавзуга оид