Жамият | 17:58 / 25.02.2023
27948
8 дақиқада ўқилади

Зилзила вайрон қилган шаҳар – Умаршайх Мирзо пойтахт қилган Ахсикент ҳақида

Ўтмишдаги шаҳарларнинг ҳаммасини ҳам урушлар йўқ қилиб юбормаган. 2,5 минг йиллар олдин пайдо бўлган қадимги Фарғона пойтахти Ахсикент вайрон бўлишига кучли ер қимирлаши сабаб бўлган. «Ахси вилоятида шундай бир офат юз бердики, Сирдарёдан чайқалиб чиққан сув дарё четидаги далаларни босиб кетди. Улкан дарахтлар илдизи билан қўпорилиб, ерга тушди», – деб ёзган зилзилага гувоҳ бўлган тарихчилардан бири.

Бир пайтлар темурийлар пойтахт қилган Ахсикентни яқин-яқингача мўғуллар вайрон қилган деб ёзишарди. Аслида, бу шаҳар XVII асргача мавжуд бўлиб, 1621 йилдаги даҳшатли зилзила туфайли ер билан яксон бўлган.

Ахсикент қолдиқлари 

Ахсикент ҳақида нималар маълум?

Фарғона тарихини Ахсикент, Ахси маданияти, Ахси қўрғони номларисиз ўрганиш имконсиз. Чунки Ахсикент эрамиздан аввалги III асрларда ўша пайтдаги Довон — ҳозирги Фарғона вилоятининг пойтахти, гуллаб яшнаган шаҳар бўлган. Бу жой ҳозир Сирдарёнинг ўнг соҳилида Шаҳанд қишлоғига тўғри келади. Қишлоқ эса Наманганнинг Тўрақўрғон туманига қарайди. Ахсикент эрамиздан олдинги III асрда қурилган бўлиб, унда шишасозлик, кулолчилик, темирчилик, қуролсозлик каби ҳунармандчилик турлари ривожланган. Буюк Ипак йўли ўтган ҳудудлардан бири бўлган.

Ахсикент қолдиқлари

Бу жойга «Бобурнома»да қовунларининг ўхшаши йўқ, овланадиган қушлари кўп, оқ кийиклари бор деб таъриф берилади.

«Сайхун сувининг шимолий тарафидаги шаҳарлардан бири Ахсидир. Китобларда Ахсикат деб ёзадилар. Чунончи Асириддин шоирни Асириддини Ахсикатий дейдилар. Фарғонада Андижондан кейин бундан йирикроқ шаҳар йўқ.

Ахси Андижондан ғарб сари тўққиз йиғочлик йўлда. Умаршайх мирзо буни пойтахт қилган эди. Сайхун дарёси қўрғонининг пастидан оқади. Қўрғони баланд жар устида жойлашган. Хандақ ўрнида чуқур жарлар бор. Буни пойтахт қилган Умаршайх мирзо бир-икки маротаба ташқарироқдан яна жарлар қаздирди. Фарғонада бунчалик мустаҳкам қўрғон йўқ. Маҳаллалари қўрғондан бир шаръий йироқроқда жойлашган. «Қишлоқ қаерда-ю, дарахтлар қаерда?» мақолини афтидан Ахси учун айтганлар», – дейди Заҳириддин Муҳаммад Бобур Ахсикент ҳақида.  

Мўғуллар вайрон қилган деган хато қараш

Ахсикентнинг бутунлай вайрон бўлиб кетиши ҳақида 2 хил фикр бор. Бу ҳақда Турон халқаро университети доценти, тарих фанлари номзоди Тоҳиржон Қозоқов Ахсикентнинг вайрон бўлиши номли туркум мақолаларида батафсил тўхталган.

Уларда айтилишича, Ахсикентни мўғуллар вайрон қилган деган фаразни Наманган ўлкашунослик музейи ходими бўлган Ю.Чуланов ўтган асрнинг 50-йиллари охирларида ўйлаб топган. Чунки яқин-яқингача Ахсикент тарихи фақат археологик маълумотларга таяниб ўрганилган. Тарихий манбалардан эса Ахсикентни мўғуллар эмас, зилзила вайрон қилгани ойдинлашади.

«Фақатгина кам сонли рисола ва мақолалардагина Ахсикентда ҳаёт 1621 йилгача давом этиб, шаҳар зилзила сабабли вайрон бўлганлиги, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳам тасвирлаган ХV-ХVI аср Ахси қалъаси билан IX-XII асрлардаги Ахсикент шаҳри бир макон эканига эътибор қаратилди, холос. Бунинг оқибатида Ахсикентнинг 400 йиллик тарихи йўққа чиқарилди. Ахсикатий олимларнинг номлари унутилди», – деб ёзади Қозоқов.

Маълум бўлишича, 1332 йилда тарихчи Абул Фидо томонидан ёзилган «Тақвим ал-Булдон» асарида Ахсикатни Фарғонанинг қасабаси — қадимий пойтахти сифатида таърифлаган, XIII ўрталарида эса бу ердан мусулмон оламида машҳур бўлган Ахсикатий тахаллусли фақиҳ олимлар етишиб чиққан.

 «Асириддин Ахсикатий XII асрда яшаб ўтган бўлиб, мўғуллар босқини эса XIII аср бошларида содир бўлган эди. Бобур Мирзо эътироф этганидек, айнан ўша ХII асрда Асириддин Ахсикатий яшаб ўтган шаҳарни унинг отаси (XV аср — Т.Қ.) пойтахт қилганини ёзган бўлса, қандай қилиб уни муғуллар вайрон қилган бўлади? Аслида манбадаги шу фикрнинг ўзиёқ мўғул босқини ҳақидаги барча тахминларни йўққа чиқарар эди», – деган тарихчи.

 Янги Ахсининг пайдо бўлиши

Тарихда Эски Ахси зилзиладан бузилиб кетганидан кейин, тирик қолган одамлар вайрон бўлган шаҳарга яқин жойда шаҳар тиклаб, яшай бошлаганлар. Шу жой эса «Янги Ахси» номи билан аталган. 

Тоҳиржон Қозоқовнинг ёзишича, Исҳоқхон Ибрат Эски ва Янги Ахси атамалари темурийлар даврида мавжуд бўлмаганини, Ахсикент зилзиласидан кейин пайдо бўлганини ёзиб қолдирган. Яъни 1621 йилги зилзиладан омон қолган кишилар шимолий томонларга кўчиб бориб ўрнашиб, янги қишлоқлар бунёд этганларини ва ўша қишлоқлар бир сўз билан «Янги Ахси», харобазорга айланган шаҳар ўрни эса, «Эски Ахси», деб аталишини ёзиб қолдирган.

Аввало, Фарғона водийси умуман хоразмшоҳлар давлати таркибига кирмаган. Қорахонийлар давлати Сулаймон Арслонхон-Сулаймон бинни Юсуф (1032-1040) замонасида иккига бўлингач, Фарғона водийси, Қошғар ҳамда Хўтан вилоятлари, Еттисув, Или водийси Шарқий Қорахонийлар давлати деб аталиб, Боласоғундан бошқарилган. Мовароуннаҳр эса, Ғарбий Қорахонийлар таркибига киритилиб, Самарқанд пойтахт саналган, дея тушунтиради Қозоқов мўғулларнинг Ахсини босиб олиши мантиқан ҳам тўғри эмаслиги ҳақида.

 9 баллдан юқори ер қимирлаши

ХХ асрнинг 60-70 йилларидаги сейсмолог олимларнинг тадқиқотларига кўра, 1621 йилда Ахсикентда бўлган ер қимирлаши 9 баллдан юқори бўлган.

«Ер қимирлашининг бу даражада содир бўлиши натижасида деярли ҳамма иморатлар қулаб, ер массалари қўзғалиб, ҳатто тоғларнинг ҳам силжиши кузатилишини мутахассислар баён қилишган. Яъни бунинг учун зилзиланинг тебраниш кучи 9 баллдан юқори бўлиши керак», – дейди Қозоқов.

Эски Ахси ёдгорлигини ўрганган олим И.А.Кастане зилзила тафсилотлари ёзилган Муҳаммад Тоҳир ибн Абулқосимнинг «Ажойиб ат-табоқот» номли географик асаридан парчалар келтиради. Унда муаллиф ўз кўзи билан кўрган воқеаларни ҳикоя қилади.

«...1030 ҳижрий (1620-1621 милодий) йилда Ахси вилоятида шундай бир офат юз берди. Шундай ер қимирлаши содир бўлдики, Сирдарёдан чайқалиб чиққан сув дарё четидаги далаларни босиб кетди, сув билан чиқариб ташланган балиқлар типирчилади ва ўлди. Улкан дарахтлар илдизи билан қўпорилиб, ерга тушди. Кучли ва тез-тез ер қимирлашидан иморатлар вайрон бўлиб, кўп одам қулаган биноларнинг остида қолиб ўлди. Кўп одамларнинг қўл-оёқлари синди, ҳайвонлар қўрқинчдан далаларга қараб қочди. Бу воқеаларни кўрган покиза эътиқодли кишилар ва оддий халқ орасида «қиёмат куни» ҳақидаги тахминий тасаввурлар ҳосил бўлди. Ҳар бир инсон ўз гуноҳлари учун тавба қилиб, Буюк Парвардигордан уни кечиришини сўрай бошлади. Олти ойгача зилзила шундай бўлиб турди. Масалан, биринчи куни зилзила 70 мартагача бориб етди. Шуниси қизиқки, энг қаттиқ зилзила Ахси қўрғонининг ичида бўлиб, атроф қишлоқларда унча қаттиқ сезилмади. Шаҳардан бир фарсах (6-8 км.) масофада эса ҳатто, ҳеч қандай товуш ҳам эшитилмади», – дейилади китобда.

Бугунги Ахсикент

Фото: ЎзА

Ҳозир Фарғонада Ахсикент харобаларининг 60 гектарга яқин қисми сақланиб қолган. Бу жой Фарғона водийсидаги энг катта археологик ёдгорлик ҳамдир. Харобалардан археологлар томонидан темирчилар устахонаси, X–XIII асрларга оид ҳаммом қолдиқлари, аскарлар хоналари, жоме масжиди, мудофаа деворлари, ерости ирригация тармоқлари, ҳунармандлар маҳалласи, ҳукмдор қароргоҳи – Арк қазиб ўрганилган. Ахсикент ёдгорлиги ЮНЕСКО Бутунжаҳон маданий мероси объекти ҳисобланади. Наманган вилояти ҳокимлиги бу ҳудудда Ахсикент мажмуаси қурилиб, туристик жойга айланиши ҳақида ёзмоқда. Шунингдек, бу ерда музей ташкил этилиб, Ахсикентнинг қадимий довруғини тиклаш мақсадида рамзий дарвоза қурилиши,сайёҳлар учун Сирдарё бўйлаб қайиқларда сайр қилиш, туяда кўҳна шаҳарни томоша қилиш имконияти ҳам яратилиши режа қилинган.

Мавзуга оид