Ўзбекистон | 10:10 / 26.02.2023
31901
16 дақиқада ўқилади

Урушнинг 1 йиллиги, ёпиқликни истовчилар ва триллион сўмлик имтиёз — ҳафта дайжести

Иккинчи уриниш: Ўзбекистонда дрон ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Имтиёзлар кимни бойитган: қазилма бойликлардан бюджетга тушумлар 2 трлн сўмга камайди. Президент интернетни кузатишини айтди: ундан сўз эркинлигини тугатишни сўровчилар кўп. Ўтган ҳафтанинг асосий хабарлари – Kun.uz дайжестида.

24 феврал куни Россиянинг Украинага бостириб кирганига, украин халқининг эркинлик ва ватан озодлиги учун курашга чиққанига бир йил тўлди. Бир йил олдин айни мана шу кунларда дунё жамоатчилиги Украина мудофааси яна неча соат туриб бера олиши ҳақида ўйлаётган, ҳужумга учраган пойтахт Киев ва бошқа ўнлаб шаҳарлардан келаётган хабарлар оқимини катта ҳадик билан кузатиб бораётган эди.

Украина эса туриб бера олди. Ҳозир ортга назар ташлаб айтиш мумкинки, айнан дастлабки соатлар – урушнинг ҳал қилувчи палласи эди. Шимол, шарқ ва жанубдан бир вақтнинг ўзида ҳужумга ўтилган, бутун мамлакат бўйлаб ракеталар ёғилаётган, сафарбарлик эндигина эълон қилинган, ҳали ғарбнинг қуроллари етиб келмаган илк кунлар – Киевдаги ҳокимиятнинг ағдарилишига энг катта таҳдид палласи эди.

Кутилганидан каррасига кўп йўқотишларга учраган Россия армияси ўтган бир йил давомида Украина давлатчилигини қулатиш даражасидаги бундай таҳдидни бошқа ярата олмади. Қўшнисини яшин тезлигида таслим қилишига ишонган Путин, урушнинг иккинчи кунидаёқ украин мудофаачиларига мурожаат қилиб, улардан ҳокимиятни ўзлари ағдариб беришни сўрашга мажбур бўлди. Шу тариқа, бу уруш автократ раҳбарлар ва уларнинг атрофидагилар реал воқеликдан узилиб қолиши, мавжуд вазиятга, ўзининг ва бошқаларнинг имкониятларига нореал баҳо беришини яна бир марта тасдиқлади.

Биз Украина воқеаларини умуминсоний қадриятлар ва Ўзбекистоннинг миллий манфаатлари нуқтайи назаридан ёритиб боряпмиз. Бу уруш, қандай якун топишидан қатъи назар, постсовет минтақасининг келгуси ўн йилликлардаги кун тартибига жиддий таъсир ўтказади. Шу ҳафта Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел айтганидек, Россия истилоси Европа ва Марказий Осиё учун ҳаддан ташқари қарамликдан қочиш кераклигини кўрсатиб берди. Яъни Россияга энергоресурслар бўйича қарам бўлиб қолгани учун катта товон тўлаган Европа худди шу хатони қилаётган Марказий Осиёни огоҳлантиряпти. Боррел ўз баёнотида Россия пропагандасининг минтақамиздаги таъсир кучига алоҳида урғу бериб ўтган. Охирги пайтларда Молдовада россияпарастлик ҳаракати кучаяётгани ҳам айни шу пропаганда омили билан бевосита боғлиқ.

Ўзбекистон Украинанинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашини эълон қилган бўлса-да, урушга нисбатан расман бетарафлик позициясини танлаган. Шу ҳафта, 23 феврал куни БМТ Бош ассамблеясида Россияни Украинадан зудлик билан чиқиб кетишга чақирувчи резолюяцияга Ўзбекистон овоз бермади. Резолюция 141 та давлатнинг қўллаб-қувватлаши билан халқаро чақириқ сифатида қабул қилинди. 7 та давлат қарши чиқди, 32 та давлат овоз беришда қатнашмади. Позиция билдирмаганлар орасида МДҲнинг деярли ҳамма аъзолари, Хитой ва Ҳиндистон ҳам бор.

Келаси ҳафта Ўзбекистонга АҚШ давлат котиби Энтони Блинкеннинг ташрифи кутиляпти. Блинкен 28 феврал куни аввал Остонада бўлиб, С5+1 форматидаги Марказий Осиё – АҚШ ташқи ишлар вазирлари учрашувида иштирок этади. Кейин Тошкентга келиб, ўзбек расмийлари билан мулоқот қилади. Американинг бош дипломати 1 март куни “катта йигирматалик” ташқи ишлар вазирлари учрашувида қатнашиш учун Тошкентдан Ҳиндистон пойтахти Деҳлига учиб кетади.

2-уриниш: Ўзбекистон дрон ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчи

Украинадаги уруш замонавий ҳарбий ҳаракатларда дронларнинг аҳамияти қанчалик ортиб кетганини ҳаммага кўрсатиб қўйди. Украина мудофаа вазири Олексий Резников шу ҳафта эълон қилинган интервюсида айтишича, Россиянинг Бучадаги ҳарбий колоннасини йўқ қилган йигитлар дрон – сафарбарликка чақирилишидан олдин компютер ўйинларини кўп ўйнаган ва дрон бошқаришни ўрганган ёш йигитлар бўлган. Умуман, дрон учиришни биладиган украин ёшларининг урушдаги роли қанчалик муҳим бўлаётгани ҳақида аввал ҳам кўпгина маълумотлар пайдо бўлган эди.

Ўзбекистонда эса ваколатли органлардан ташқари, фуқароларга дронлар ва уларнинг қисмларини четдан олиб кириш, сотиш, сақлаш ва учириш жиноят деб белгиланган. 2019 йилда бу ҳаракатлар учун 3 йилгача қамоқ жазоси белгиланган эди. 2023 йилги давлат дастурига асосан, бу ҳаракатларни биринчи марта содир этганлик учун жиноий эмас, маъмурий жавобгарлик белгиланиши кутиляпти.

24 феврал куни президент Қарши шаҳридаги Олий ҳарбий авиация билим юртига ташрифи вақтида тажриба тариқасида дронлар йиғишни йўлга қўйиш бўйича топшириқ берди. Шавкат Мирзиёевнинг сўзларига кўра, дунёда кузатилаётган хавф-хатарлар ҳаво мудофаасини янги даражага кўтариш кераклигини кўрсатяпти.

Эътиборлиси, Ўзбекистонда учувчисиз учиш аппаратларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилгани ҳақида бундан бир йил олдин Мудофаа саноати давлат қўмитаси хабар берган эди. Хабарда “Лочин” деб аталган миллий дронлар халқаро талабларга тўлиқ жавоб бериши, кўп функцияли экани айтилганди. Лекин ўтган вақт давомида бу борада бошқа янгилик бўлмади, лойиҳанинг ҳозирги ҳолати номаълум. Нима бўлганда ҳам, замонавий армия ихтиёрида дронлар албатта бўлиши керак эканига шубҳа йўқ ва бу борадаги ишлар фаоллашиши керак. Фуқароларнинг учувчисиз учиш аппаратлари борасидаги ҳуқуқларини кенгайтириш масаласи миллий хавфсизлик нуқтайи назаридан қайта кўриб чиқилса ёмон бўлмасди.

“Ҳамма ёпиб қўй дейди, йўқ, ёпмайман” — президент ОАВ ҳақида

Олий Мажлисда Конституцияни янгилаш бўйича муҳокамалар жараёни тикланди. Маълум бўлишича, ўтган йили эълон қилинган лойиҳага айрим қўшимчалар қўшилган. Масалан, маҳаллий кенгашларга ҳокимлар раислик қилиши мумкин эмаслиги ҳақидаги аниқ қоида киритиляпти. Конституция ўзгарганидан кейин, ҳокимлар маҳаллий депутатлик кенгашлари раислигидан кетади ва кенгаш аъзолари орасидан янги раис сайланади. Шу билан бирга, маҳаллий бюджетни шакллантириш ваколати ҳокимда қолади, кенгаш бюджетни ҳоким тақдимига биноан тасдиқлайди. Ҳокимлар сайлови эса бўлмайди.

Конституция лойиҳасидаги янгиликлардан яна бири – ҳукумат зиммасига очиқлик ва самарадорликни таъминлаш вазифаси юклатилади. Яъни вазирлик ва идоралар очиқ, шаффоф, қонуний ва эффектив ишлаши кераклиги конституциявий талабга айланади. Бундан ташқари, журналистлар фаолиятига тўсқинлик қилганлар ва аралашганлар жавобгарликка тортилиши ҳам асосий қонунда ёзиб қўйилади.

Очиқлик ва ошкоралик Конституцияга киритилаётган бир пайтда, яна ёпиқликка қайтишни истаётганлар ҳам кўп. Буни шу ҳафта Қаршига ташрифи вақтида президент Шавкат Мирзиёев ҳам айтиб ўтди.

“Ёпиқ давлат бўлиб, оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватламаганимиз учун халқнинг овозини эшитмадик. Эркинлик нафаси ёқадими? Менга ёқади. Тўғри, менга бундай ишлаш қийинроқ. Ҳамма айтади, э, ёпиб қўй, дейди. Йўқ, ёпмайман. Яна олдингидек, прокурор, СНБ, текширувчи бўлаверсинми? Биз ниятимизга етдикми? Биримиз икки бўлдими?

Шунинг учун, эркинлик нафасини, оммавий ахборот воситаларини дўст биламиз. Гапирсин, адолатли гапирсин. Танқид қилсин, тўғри танқид бўлсин. Шу қишлоққа, мактабга, таълимга фойдаси бўлса, нур устига нур. Мен ҳар куни ўқийман, интернетни ҳам ўқийман. Ким қандай гапирганини вақтим борича, қўлимга қалам олиб, ўзимга ёзиб оламан. Барибир 10 та фикрдан 9 таси тўғри бўлиб чиқади. Бу тўғри йўналишми? Агар бизда [ОАВ] ёпиқ бўлса, сизларни ҳам ҳеч ким эшитмайди”, – деди президент мактаб жамоаси билан мулоқотда.

Олий таълим: Мақтовли коммент ёз, талабаларни гуруҳларга бўл...

Таълим янгиликлари. Олий таълим вазири лавозимини эгаллаган Иброҳим Абдураҳмонов бири-биридан ғалати топшириқлари билан бир қатор фаолларнинг олий таълим ривожига бўлган бор умидларни ҳам сўндиряпти. У аввалига битирувчилари етарлича ишга кирмаган хусусий университетларни ёпиб юбориш билан таҳдид қилди. Бунақа талаб, аниқки, давлат олийгоҳларидаги битирувчиларнинг ишга кириши бўйича сохта бюрократияни хусусий университетларга ҳам кўчиради. Оддий қилиб айтганда, ишга кирганинг ҳақида маълумотнома олиб келмасанг, дипломингни ололмайсан, ҳатто университетинг хусусий бўлса ҳам.

Бу баёнотдан кўп ўтмай Абдураҳмонов энди талабаларнинг одоб-аҳлоқи билан шуғуллана бошлади. Бу борада ҳамма ректорларга шошилинч топшириқ жўнатилди. Ҳозир олийгоҳлар ўз талабалари орасидан учта гуруҳни ажратиб олиш билан шуғулланяпти: жиноятчиликка мойил, ёт ғоялар таъсирига тушиш арафасидаги ва тартиббузарлар. Талабаларни тоифаларга бўлиш мезонлари ҳозирча йўқ. Масалан, калта пайпоқ кийганлар қайси гуруҳга мансуб бўлиши номаълум.

Топшириқ фақат шундан иборат эмас. Олий таълимда ишлайдиганлар ходимлардан интернетда ёзилган мақола ва постларга “тизим шаънини ҳимоя қиладиган” комментлар ёзиш талаб қилиняпти. Бундан ташқари, олийгоҳлар ёшлар ўртасида пайдо бўлаётган ёмон иллатлардан огоҳ қилиш мақсадида таъсирчан қисқа ҳикояларни нашр қилиши керак. Шунингдек, юз минглаб талабаларнинг ҳар бирига ижтимоий-психологик паспорт тузиляпти.

Халқ таълимида ҳам айрим баҳсли янгиликлар йўқ эмас. Навоий шаҳри ҳокими Муродхон Эгамқулов шаҳардаги мактаблар фаолиятини ўрганиш бўйича ишчи гуруҳ тузди. Оддий қилиб айтганда, мактабларга ҳокимиятдан комиссия келяпти. Бунинг нимаси янгилик дейишингиз мумкин. Гап шундаки, бу хабарни, аниқроғи бу ҳолат ОАВда танқид қилинганини эшитган ҳокимлар ўзларига қизиқ бир янгиликни кашф қилишган бўлса ажаб эмас: ҳокимларнинг мактаблар фаолиятини текширишга ҳаққи йўқ.

2019 йилдаги ҳукумат қарорига асосан, мактаблар фаолиятини текшириш ваколатига эга давлат органлари рўйхати тасдиқланган. Бу рўйхатда ҳокимликлар йўқ. “Таълим тўғрисида”ги қонунда ҳам ҳокимларга бунақа ваколат берилмаган. Шунга қарамай, биз билан гаплашган соҳа вакилига кўра, Навоий шаҳар ҳокимлигининг ишчи гуруҳи аъзолари мактаб директорларига босим ҳам ўтказяпти.

Эслатиб ўтамиз, президент шу ой бошида Андижонга ташрифи вақтида мактаб директорларига эркинлик бериш ҳақида гапирган эди.

“Биз директорни қўлсиз, оёқсиз, кўзсиз қилиб қўйганмиз. “Районо”нинг мудири йўталса, йўталади, йўталмаса, йўталмайди – тўғриси шу энди. Мана шу нарсани йўқ қилиш керак. Ҳамма нарса мактабда.

Назоратини қилсин сизнинг тизимингиз, лекин уларга ҳам эркинлик бериш керак. Талаб кучли бўлиши керак, шу билан бирга ваколатлари ҳам юқори бўлиши керак. Битта одамни бўшатишга ҳам “районо”га бориш керак, қанақаси бу?”деганди Шавкат Мирзиёев халқ таълими вазирига қарата.

Бемисл солиқ имтиёзларига қарамай, газ қазиб олиш камайяпти

Ёдингизда бўлса, ўтган йили Ўзбекистонда ерости бойликлари бўйича солиқлар анчагина пасайтирилган эди. Хусусий компаниялар учун табиий газ бўйича солиқ ставкаси 3 бараварга, нефт ва газ конденсати бўйича 2 бараварга камайган эди. Бундан мақсад – хусусий компанияларни инвестиция киритишга рағбатлантириш экани айтилганди. Амалда эса унақа бўлаётганга ўхшамаяпти.

Гап шундаки, 2022 йилда ер қаъридан фойдаланувчилар бир йил олдингига қараганда салкам 2 трлн сўм ёки 12 фоиз кам солиқ тўлади. Бу йўналишдаги 14 трлн сўмлик тушумнинг асосий қисми хусусий эмас, давлат корхоналарига тўғри келади. Бир қатор турдаги солиқлар прогноздан ошириб бажарилган бўлса, қазилма бойликларни ўзлаштирувчилар тўлаган солиқ миқдори прогноз қилинган даражадан 538 млрд сўмга кам бўлган.

Эътиборлиси, имтиёзлар сабабли солиқ тушуми 12 фоизга камайган бўлса ҳам, газ қазиб чиқариш 4 фоизга тушиб кетган. Газ конденсати қазиб олиш 3 фоизга камайган. Нефт қазиб олиш эса атиги 2 фоизга ошган. Расмий статистикага қараганда, бундай тенденция 2023 йил январ ойида ҳам давом этган.

Берилаётган катта-катта солиқ имтиёзлари қанақа натижа келтиргани таҳлил қилинадими ўзи? Kun.uz 2021 йилда масъулларга шундай савол бериб, “ҳозирча йўқ” деган жавобни олганди. Шундан кейин ҳам бирор бир солиқ имтиёзининг қанақа фойда келтиргани ҳақида таҳлиллар эълон қилингани йўқ. Ва бунақа таҳлилларсиз ҳам кўриниб турибдики, ҳамма имтиёзлар ҳам фойда бераётгани йўқ, бюджетга тушум камайиб, натижада бунинг оғирлиги имтиёзи йўқларга тушяпти.

Тошкент: Транспортда янги тарифлар ва автотураргоҳлар

Тошкентда жамоат транспорти тарифлари қимматлашиши кутиляпти. Ҳозирги ягона 1400 сўмлик тариф 1 майдан бошлаб нақд шаклда 2000 сўм, электрон шаклда 1800 сўм, ATTO картаси орқали тўлаганда эса 1600 сўм бўлади.

Бир соат ичида битта автобусдан тушиб иккинчисига чиқсангиз, тариф 70 фоизга арзонлашади, учинчи автобусга чиққанингизда эса йўлкира бепул бўлади. Бир соат ичида автобусдан метрога ёки метродан автобусга ўтсангиз, иккинчи йўлкира 30 фоизга арзонроқ бўлади. Жамоат транспортида кўп юрадиганлар кунига 6 минг сўм тўлаб, чекловсиз тарифни сотиб олиши мумкин.

Тирбандликларни камайтиришнинг яна бир чораси сифатида шаҳарда кўп қаватли автотураргоҳлар қурилади. Бунинг учун алоҳида давлат ташкилоти тузилади. Интернетда “стоянка вазирлиги” деб таърифланган ташкилотга ер майдонлари ажратилади. Ташкилот бу ерда бюджет ҳисобидан ёки давлат-хусусий шериклик асосида бир неча қаватли автотураргоҳлар қуради. Кейин қурилган объект тайёр бизнес сифатида тадбиркорларга сотилади. Бунда автотураргоҳни олган тадбиркор унинг профилини ўзгартирмаслик мажбуриятини олади.

Пойтахтга оид яна бир хабар. Шаҳарда 7 та вилоят – Андижон, Наманган, Фарғона, Сирдарё, Самарқанд, Бухоро ва Сурхондарё вилоятлари ҳокимликларига 32 сотихдан ер ажратиладиган бўлди. Ерлар Мирзо Улуғбек туманининг Чингелди маҳалласидаги аҳоли пунктлари ерларидан ажратилади. Бу борада ҳозирча расмий изоҳ бўлмади. Вилоятлар Чингелдида 2025 йилги ёшлар ўртасидаги Осиё ўйинлари учун меҳмонхоналар қуриши мумкинлиги тахмин қилиняпти.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

Ўзбекистон Сурияга инсонпарварлик ёрдами юборди. Зилзила оқибатлари билан курашаётган мамлакатга 50 тоннага яқин ёрдам юки етказиб берилди. Охирги маълумотларга кўра, Сурия ва Туркияда жами қурбонлар сони 50 мингдан ошган. Шанба куни ўзбекистонлик қутқарувчилар отряди Туркиядан қайтди. Улар 18 кун давомида 18 кишини тирик ҳолда қутқариб олди, вайроналар остидан 200 га яқин жасадни олиб чиқди.

Тошкентда қўлга олинган стримернинг тарафдорлари унинг қўйиб юборилишини талаб қилиб, кўча юришини ўтказди. Энг қизиғи, акция иштирокчилари – болалар. Воқеа YouTube'да 380 минг обуначига эга стример – Aslamboi тахаллусли PUBG ўйинчиси ўз мухлислари билан Magic City'да учрашув ўтказганидан бошланган. Ички ишлар ва миллий гвардия ходимлари 19 ёшли йигитни идорага олиб кетган. Учрашувга йиғилган 140га яқин бола эса унинг қўйиб юборилишини сўраб, ҳайқириқлар билан кўча юришини ўтказди. Воқеа якунида Асламбойга кўча юришлари тартибини бузиш моддаси билан баённома расмийлаштирилди.

Янги автомобил сотиб олганда уни онлайн тарзда давлат рўйхатидан ўтказиш ва рақам олиш мумкин бўлади. Бунда йўл ҳаракати идорасига бориб ўтириш шарт бўлмайди. Чоршанба куни президент селекторида шу ҳақда топшириқ берилди. Йиғилишда рақамлаштириш бўйича қатор вазифалар белгиланди. IMEI масаласида янгилик бўлмади.

Мавзуга оид