Жаҳон | 10:57 / 06.03.2023
6209
2 дақиқада ўқилади

Хитой ҳарбий харажатларини оширади

Хитой Давлат кенгаши бош вазири Ли Кэцян «ҳозирда Хитойни бостириш ва уни тийиб туришга ташқи уринишлар кучайиб бораётганини» айтди. У ҳар томонлама ва барча соҳаларда ҳарбий фаолликни оширишга чақирди.

Фото: AP

Хитой мудофаа харажатларини ўтган йилга нисбатан 7,2 фоизга оширади. «Ҳозирда ташқаридан Хитойни бостириш ва тийиб туришга уринишлар кучаймоқда», деди Хитой Давлат кенгаши бош вазири Ли Кэцян 5 март, якшанба куни Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши делегатларига ХХР бюджети лойиҳасини тақдим этар экан.

Лининг сўзларига кўра, 1,55 триллион юан (210 миллиард евро) ажратилиши билан Хитой қуролли кучлари «барча соҳаларда ҳарбий тайёргарлик ва таълимни кучайтириши, аскарларни жанговар шароитларда тайёрлашга кўпроқ саъй-ҳаракатларни амалга ошириши, шунингдек, ҳарбий соҳада ҳарбий фаолликни ошириши керак».

Ўтган йили Пекиннинг ҳарбий харажатлари 7,1 фоизга ошиб, тахминан 200 миллиард еврони ташкил қилган. Ҳарбий харажатлар бўйича Хитой дунёда иккинчи ўринда туради, аммо у 751 миллиард евролик ҳарбий бюджетни режалаштирган АҚШдан анча орқада. Шу билан бирга, экспертларнинг фикрича, ҳақиқатда Хитой армияга расман эълон қилганидан ҳам кўпроқ маблағ сарфлайди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид