«Ароқ туфайли навқирон бир йигитнинг умрига зомин бўлганман» – собиқ маҳбус изтироблари
«Ароқ ичиб юрар эканман, кейинчалик бир ёмон одатга ўргандим. Ўтирган даврамда кимдир ичмаса бу руҳиятимга ёмон таъсир қилар, нима қилиб бўлса ҳам ўша одамни ичиришга уринардим. Бу ишимни билган айримлар ароқ узатганимда индамай олиб ичар, ичишни хоҳламаган бошқалари эса даврадан туриб кетарди. Бироқ охири ҳодиса аянчли тугади».
Электрон почтамга келган навбатдаги мактуб «заҳри қотил» ароқнинг ортидан қотилга айланган ва бир бегуноҳ йигитнинг бевақт ўлимига сабаб бўлиб, қамалиб чиққан одамдан экан.
Унинг ёзишича «пешонаси деворга бориб уриб» қамалиб чиққач ақлини йиғиб олган ва шундан сўнг соғлом ҳаёт кечирган.
«Қамоқда ўтириб ўтган умримни сарҳисоб қилдим. Ўйлаб кўрсам ўзимнинг маишатим ортидан яқинларимга, атрофимдагиларга кўп озор берган эканман. Ўшанда «қамоқдан чиқсам маст қилувчи ичимликларни оғзимга олмайман», деб ўзимга ўзим сўз бердим. Мана, панжара ортидан чиққанимга ўн йил бўлиб қолди, ўша сўзимда турибман», деб ёзганди мактуб соҳиби.
Мактубни ўқир эканман инсон ақлини йиғиб олмаса исталган ёмонликни, жиноятни содир этиши мумкинлигига яна бир бор амин бўлдим. Мактуб кимларгадир ибрат бўлар, деган умидда уни сизларга ҳам ҳавола қилишга қарор қилдим.
«Ароқни илк бор татиб кўрганимда 17 ёшда эдим. 1990 йилларнинг боши, энди мустақил бўлган пайтимиз эди. Ўша пайтда мактабнинг юқори синфида ўқирдим. Қўшнимизнинг ўғли уйланди. Шу тўйда тасодифан куёвжўралар билан бир жойда ўтириб қолдим.
Қарасам даврада ароқ кўринмаяпти. Ҳайрон қолдим. Одатда бунақа тўйлар ароқсиз ўтмасди. Ҳатто ароқ қўйилмайдиган тўйларда ҳам куёвжўралар кўчадаги дўкондан келтириб ичишарди.
Даврада салқин ичимликлар орасида ранги сариқ, пластик идишга қадоқланган ичимликка кўзим тушди. Лимонаднинг янгисини чиқаришибди-да деб ҳайрон бўлдим.
Бир пайт куёвжўралардан бири ўша ичимликни очиб, пиёлаларга қуйди ва навбати билан менга ҳам узатди. Иккиланиб тургандим, «бу оддий лимонад» деди. Олиб ичиб юбордим. Ичимлик жуда тахир, сассиқ ҳиди ҳам бор экан. Унинг лимонад эмаслиги аниқ эди.
Шу пайт куёвжўралар яша ўғил бола, деб кулиб юборишди. Маълум бўлишича, сариқ ичимлик лимонад эмас, ароқ бўлиб, у Хитойдан келтирилган экан. Ароқни биринчи татиб кўришим шу тарзда бошланганди.
Бир йилдан кейин мактабни битирдик. Синфдош йигитлар бирин кетин уйлана бошлашди. Биринчи марта ичганимда аччиқ таъм ва сассиқ ҳид димоғимга ўрнашиб қолгани учун аввалига қанча қисташса ҳам ароқ ичмадим. Бироқ синфдошларнинг тўйида яна ичиришди.
«Нима, сен менинг бахтли бўлишимни хоҳламайсанми? Менинг яхши кунимда дўстлар тилак билдираяпти, сен қўшилмайсанми, деган саволлар билан эзиб ташлашди. Охири ичадиган бўлдим.
Кейинчалик ароқ доимий ҳамроҳимга айланди. Аввалига маҳалладаги тўй-маъракаларда ичиб юрган бўлсам, кейинчалик тушлигим ҳам ароқсиз ўтмайдиган бўлди.
Бу орада уйландим, хотиним, ота-онам мени ароқдан қайтариш учун нималар қилишмади, барибир ичишни ташламадим.
Энди ўтириб эсласам ароқ мени енгмаганига сабаб у “заҳри қотил”ни бўкиб ичмас эканман. Чунки ароқ ичиб бирон марта ўзимни билмайдиган, оғзимдан чиқаётган гапни англай олмайдиган даражага тушмаганман.
Бироқ, кўза кунда эмас, кунида синади, дейилгандай бир кун келиб ароқ ҳаётимни барбод қилди: мени қотилга, навқирон бир йигитни эса марҳумга айлантирди.
Ароқ ичиб юрар эканман, кейинчалик бир ёмон одатга ўргандим. Ўтирган даврамда кимдир ичмаса бу руҳиятимга ёмон таъсир қилар, нима қилиб бўлса ҳам ўша одамни ичиришга уринардим.
Бундай пайтларда мақсадим ичмайдиган одамни охиригача ичириш бўлмасди. У мен билан бир марта уриштириб ичса бўлди, бошқа безовта қилмасдим.
Бу одатимни билган айримлар ароқ узатганимда индамай олиб ичар, ичишни хоҳламаган бошқалари эса даврадан туриб кетарди. Вазият шу даражага бордики, турли маъракаларда мен ўтирган даврага бошқалар ўтиргиси келмай қолди. Мабодо қайсидир даврага ўзим бориб ўтирсам, у ердагилар афтини буриштирарди.
Туман марказидаги ошхоналарга овқатлангани кирганимизда улфатлар билан тинчгина еб-ичиб чиқиб кетардик. Бироқ охири ҳодиса аянчли тугади.
Кунлардан бир кун иккита улфатим билан туман марказидаги ошхоналардан бирига кирдик. Одам кўп экан, амаллаб жой топдик. Овқат ва ароқ буюрдик. Шу пайт олдимизга ёши йигирмаларда бўлган бир йигит келиб «Ёнларингга ўтирсам бўладими?», деди. Бош ирғадик. Йигит бўш стулга ўтирди ва нимадир овқат буюрди.
Ўша пайтда йигит ўзини қандай тақдир кутаётганини билганида бу ошхонага умуман кирмасди. Ёки ўтирган заҳоти туриб кетарди. Аммо инсон бир сониядан кейин ўзи билан нима содир бўлишини билмайди.
Овқатимиз келгунча йигит билан у ёқ-бу ёқдан гаплашдик. Қаердан, кимнинг фарзанди экани билан қизиқдик. У отасининг номини айтганди танидик. Йигитнинг отаси кўпчиликка нафи теккан, яхши одам бўлиб, бир неча йил аввал ўлиб кетганди.
Йигит вилоят марказидаги қайсидир институтда ўқир, таътилда уйга қайтган экан. Йигитнинг тарбияли экани билиниб турарди. У даврамизга қўшилганидан «Чойни мен қуяй», дея чойнакни олдига олди. Савол берсак жавоб берди, бошқа пайт бетгачопарлик қилмай жим ўтирди.
Шу аснода аввал ароқ, кейин овқатларимизни олиб келишди. Йигит ароқнинг шишасига бир қаради-ю, индамай овқатини тановул қила бошлади.
Мен ароқни очдим ва тўртта пиёлага қуйдим. Йигит ҳатти-ҳаракатларимга зимдан қараб қўяр, бироқ индамас эди. Афтидан у ўзига ҳам ароқ қуйганимни фаҳмлаб турганди.
Ароқ қуйилган пиёлаларни аввал шерикларимга, охирида йигитга узатдим. Йигит узр сўради ва ҳаётида умуман ичмаганини айтиб, қўлимни қайтарди.
Ўша пайтда хаёлимга бир зумга «Э қўй, нима қиласан мажбурлаб» деган ўй ҳам келди. Бироқ ўрлигим енгиб чиқди. Йигитга насиҳат қилишни бошладим:
«Ука, бу ҳаётга бир марта келамиз. Ўйнаб-кулиб қолайлик. Эртага бу дунёдан ўтсак, барчаси қолиб кетади. Сенга мен билан охиригача ич демайман. Мана шу пиёладагини ичсанг бўлди. Бошқа қуймайман».
Йигит узр сўраб яна йўқ деди. Шундан сўнг уни анча пайт ичишга кўндира олмадим. Мен қистардим, йигит йўқ дерди.
Охири шерикларга юзландимда «Қани олдик, биз билан ичишни хоҳламаса нима ҳам дердим, у ичмаса ўзим ичаман» деб иккита пиёлани ҳам ўзим бўшатдим.
Бироздан сўнг миям қизиди ва йигитнинг ичмаганига жаҳлим чиқа бошлади. Ароқни олиб яна тўртта пиёлага қуйдим. Боя иккита пиёладаги ароқни ичиб юборганимни кўриб «Хайрият қутилдим» деб ўтирган йигит ишимни кўриб яна хавотирлана бошлади.
Шу пайтда эътибор бердим, у олдимиздан тезроқ туриб кетиш учун овқатини жуда шошилиб еяёган экан. Биз ҳали овқатимизни бошлаганимиз йўқ, унинг идиши бўшаётган эди.
Бу сафар биринчи пиёлани йигитга узатдим. У яна узр сўради ва ичмаслигини айтди. Пиёла ушлаган қўлим ҳавода турар, йигит эса рад этарди. Шерикларим бу ҳолатдан зиқ бўлиб, «ичмаса нима қиласан, қўй энди» дейишди. Уларнинг бу гапини «шунча уринсанг ҳам қўлингдан бир иш келмади, ёш болага гапинг ўтмади» деган маънода тушундим.
Шу пайтда менга нима бўлди билмайман, ўрнимдан туриб йигитга ичасан деб бақира бошладим. У жавоб қайтармасди. Индамай ўтиргани мени баттар мувозанатдан чиқара бошлади. Шу пайт кўзим стол устида турган пичоққа тушиб қолди. Уни қандай олдим, йигитнинг танасига қандай урдим, эсимда йўқ. Ҳушим ўзимга келганда ошхонада барча дод солиб бақирар, йигит эса оёқ остида қонга беланиб ётарди.
Шундан сўнг йигитни касалхонага олиб кетишди. Мен эса ИИБ ходимлари келиб олиб кетгунча ўша жойда ўтирдим.
Ҳибсхонада ўтириб тергов берар эканман, қанчалик оғир гуноҳ қилганимни тушуниб етгандим. Ўтган умримга афсусланардим, бироқ ғишт қолипдан кўчиб бўлганди. Тергов бераётган пайтимда мени энг ёмон қийнаган нарса «Судда йигитнинг онасининг кўзига қандай қарайман?», деган савол бўлди.
Ўша пайтларда судгача жонимни олишини сўраб Худога нола қилардим.
Суд залига кириб борар эканман, ерга қараб олгандим. Аёлнинг кўзига қарашга юрагим дов бермасди. Ўша пайтда «судя неча йилга қамаса қамасин, суд залидан тезроқ чиқиб кетсам бўлди» деб ўйлардим. Барибир аёлнинг кўзига қарашга мажбур бўлдим. У менга қаттиқ нафрат билан қараб турар, ўзига сўз берилганда жуда оғир сўзлар билан лаънатлади. Аёл қарғар экан, мен шунга лойиқман деб турардим.
Адвокатим йигитга пичоқни мастлик туфайли ўзимни билмаган ҳолда урганимни айтиб, судядан енгиллик сўрарди.
Менга сўз берилганда гапирган гапларим ҳалиям эсимда.
«Бир пайтлар ароқ барча ёмонликларнинг онаси дейишганда парво қилмасдим. Мана энди шунга амин бўлдим. Бу сўзларни ўзимни оқлаш учун айтмаяпман. Йигитга пичоқ урганимда маст эмасдим. Ҳушим ўзимда эди. Менга нима жазо берилса кам. Қилган ишим билан энг оғир жазога лойиқман. Шу тобда мен қамоқда қандай ўтиришни эмас, бир бегуноҳ инсоннинг умрига зомин бўлганим учун охиратда қандай жавоб беришни ўйлаяпман», дедим.
Судя менга 15 йил қамоқ жазоси берди. Суд мажлиси тугагандан сўнг адвокат аппеляция ҳақида гапирганди, шартмас дедим.
Қамоқда ўн йил ўтирганимдан сўнг озод қилиб, пробация назоратига ўтказишди. Қамоқнинг бир куни ҳам қамоқ дейишади. Бироқ мен ўзим билан ўзим бўлиб, қилиб қўйган ишимдан виждоним қийналиб ўн йил қандай ўтиб кетганини сезмай ҳам қолдим.
Қамоқдан қайтиб келганимда ёшим қарийб 45 га кириб қолгандим. Мен уёқдалигимда ўғлим уйланибди, қизимни узатишибди. Болалардан тинчидим. Бироқ кўнглим ҳанузгача нотинч.
Бир банданинг Худо омонат қилиб берган жонига қасд қилдим ва унинг бевақт ҳаётдан кўз юмушига сабаб бўлдим. Ўша ҳодисага ўн йилдан ошган бўлса-да, ҳанузгача унутмадим.
Қамоқдан чиқиб келганимдан сўнг бугунгача ароқ бор жойга яқин йўламадим. Маст қилувчи ичимликлар қўйилган дастурхон четига ўтирмадим. Ўтирган жойимга олиб келиб қўйишса туриб кетдим. Номини эшитишни, ўзини кўришни хоҳламадим.
Ёшларга ҳам шуни маслаҳат бераман, ўқиб билим олишсин, яхши касбларни эгаллашсин. Элга, ватанга хизмат қиладиган йигит бўлиб улғайишсин. Инсонни ҳайвон даражасига тушириб қўядиган бу ичимликдан узоқ юришсин».
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Мавзуга оид
13:27 / 03.10.2024
«Дўстимнинг ўлимига сабабчи бўлганман» – «авария» содир этган йигитнинг надоматлари (Ҳаётий ҳикоя)
18:30 / 01.10.2024
“Киевда танишганмиз” — 75 ёшида инглиз тилида гаплаша оладиган нуронийлар ҳикояси
18:18 / 20.09.2024
Она дуосини олмаган кишининг надоматлари (Ҳаётий ҳикоя)
13:43 / 12.09.2024