Ўсмир қизни ўғирлашга уринган собиқ ИИБ ходими қўлга олинди
Самарқанд шаҳрида 14 ёшли қизни ўғирлашга уринган шахс қўлга олинган. У ички ишлар идораларида ишлаб келгани айтилмоқда.
Воқеа гувоҳларининг Kun.uz'га маълум қилишича, ҳолат кундузи содир бўлган ва бахтли тасодифгина қизалоқни мудҳиш фалокатдан асраб қолган.
Самарқанд вилоят ИИБ ахборот хизмати берган маълумотга кўра, 8 март соат 08:00 лар атрофида 1985 йилда туғилган шахс Самарқанд шаҳри Даҳбед кўчасидаги ўқув маркази ёнида турган ўсмир қизга ўзини киракаш деб таништирган. У қизни уйига олиб бориб қўйишини айтиб, машинасига миндирган, бироқ машинани номаълум томонга бошқариб кетган. Қиз тушиб қолишга ҳаракат қилганида, ҳайдовчи машинани ичкаридан қулфлаб олган.
Ҳолат юзасидан қизнинг яқинлари ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига ариза билан мурожаат қилган. Самарқанд вилоят ИИБ ахборот хизмати раҳбари Жаҳонгир Сагдуллаев ҳолат юзасидан Kun.uz мухбирига маълумот берди.
«Тойлоқ туманида истиқомат қилиб келган бу шахс машинани Оқдарё тумани «Бошдархон» МФЙ, Янги обод қишлоғигача бошқариб борган. Шу жойга етганида машина ғилдираги ёрилган. У машинадан тушиб, ғилдиракларга қараётган вақтда қиз қочиб қолишга улгурган ва шу ерда бўлган фуқаролардан ёрдам сўраган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида гумонланувчи С.У. экани аниқланиб, қўлга олинган. Унга нисбатан ЖКнинг 137-моддаси (одам ўғирлаш) 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, процессуал тартибда қамоққа олинган», деди вилояти ИИБ расмийси.
Жаҳонгир Сагдуллаев гумонланувчи С.У. ҳақиқатан ҳам ички ишлар идораларида ишлаб келганини тасдиқлаб, айни вақтда лавозимидан озод этилганини маълум қилди.
Исомиддин Пўлатов тайёрлади,
Тасвирчи ва монтаж устаси Фахриддин Ҳотамов.
Мавзуга оид
08:10 / 21.11.2024
Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятини ривожлантириш юзасидан йиғилиш ўтказди
08:51 / 20.11.2024
Тўрт туманда 614 млн сўмлик электр ва газдан ноқонуний фойдаланилгани аниқланди
13:49 / 14.11.2024
Самарқандда ўқувчи автобус уриб юбориши оқибатида ҳалок бўлди
09:28 / 08.11.2024