Ўзбекистон | 17:28 / 21.05.2025
14439
3 дақиқада ўқилади

ИИБ ходимини пичоқлаган шахсни автобусда ушлашган. Ҳодиса тафсилотлари

19 май куни Юнусобод деҳқон бозорида хизмат олиб бораётган патрул-пост хизмати ходими пичоқланди. Жабрланувчи айни вақтда шифохонада. Унга ҳужум қилган шахс қўлида пичоқ билан йўловчи автобусига чиқиб, яширинишга уринган. Уни ушлаш ва зарарсизлантириш пайтида автобус ичидаги йўловчилардан бири қаҳрамонлик кўрсатган. Kun.uz ҳодиса тафсилотларини ўрганди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

7-сонли шаҳар клиник шифохонаси бош шифокори Расул Раҳимовнинг айтишича, бемор касалхонага бўйин соҳасидан шикастланган ҳолда карахт ва оғир аҳволда олиб келинган. Беморда шошилинч жарроҳлик амалиёти ўтказилгач, ҳолати барқарорлашган. Кейинчалик у ИИВ госпиталига ўтказилган. Бўйин соҳасидаги жароҳати 5 сантиметр атрофида бўлган, трахея ва қалқонсимон без томирлари шикастланган.

Кun.uz мухбирининг аниқлашича, ички ишлар ходимига жароҳат етказган шахс қўлидаги пичоқ билан йўловчи автобусига чиқиб, воқеа жойидан яширинишга уринган.

Гумонланувчининг ортидан таъқиб қилиб борган уч нафар ходим уни зарарсизлантиришга муваффақ бўлган. Бунда уларга автобус ичида йўловчи сифатида кетаётган оддий фуқаро – Владимир Авдиянс (гапира олмайди) ёрдам берган, ушбу йўловчи гумондорга ортдан ташланиб, унинг қўлларини қайиришда ёрдам берган.

“Автобусда эдим, қарасам, пичоқ кўтарган одам чиқди, уни ушлаш керак деб ҳисобладим ва ИИБ ходимига хабар бердим. У одам пичоқ билан юрганди, одамларни автобусдан чиқардик, кейин уни ушладик ва ҳаракатсизлантирдик. Спортчи бўлганим учун бундай жараёндан қўрқмадим”, дея сурдо таржимон ёрдамида Владимир Авдиянснинг сўзларини келтиради Kun.uz мухбири.

Маълумот учун, 19 май куни Юнусобод деҳқон бозорида хизмат олиб бораётган ППХ инспектори ўзини шубҳали тутган фуқарони тўхтатиб текширмоқчи бўлганида, у ёнидаги пичоқ билан ходимнинг бўйин қисмига тан жароҳати етказган эди.

Ҳудудда хизмат олиб бораётган патрул-пост хизматининг уч нафар ходими жиноятчини махсус воситалар ва жисмоний куч ишлатиш йўли билан зарарсизлантириб, қўлга олган, бунда ходимларига фуқаро Владимир Авдиянс ҳам фаол ёрдам бериб, ўзининг фуқаролик бурчини сидқидилдан бажаргани учун мукофотланганди.

ИИВ маълумотига кўра, гумондор шахс 1963 йилда Жиззах вилоятида туғилган, Пахтакор туманида яшовчи Акром Ҳасанов бўлиб, 2005 йилдан бери руҳий касалликлар диспансерида рўйхатда туради.

Мавзуга оид