Ўзбекистон | 16:07 / 11.03.2023
132022
7 дақиқада ўқилади

Ўзбек халқининг келиб чиқиши — илк ўзбекларнинг кўриниши қандай бўлган?

Ўзбеклар ташқи кўриниш жиҳатидан бир-биридан фарқ қилади. Уларнинг баъзилари ҳозирги туркларни, айримлари қозоқларни, яна бошқалари европаликларни эслатади. Ўзбекларнинг бугунги қиёфаси шаклланиши қандай юз берган? Уларнинг антропологиясида қайси халқларнинг таъсири катта?

Ўзбек халқининг шаклланиши ҳақида тарихчилар томонидан хилма-хил, шунингдек, бир-бирига қарама-қарши фикрлар айтилади. Бироқ бу мавзуда Ўзбекистонда турли тош даврларига оид муҳим археологик қазишма ишларида қатнашган, ЎзФА академиги, “Ўзбек халқининг этногенези ва этник тарихи”, “Ўзбек халқининг келиб чиқиш тарихи” китоблари муаллифи Аҳмадали Асқаров изланишлари муҳим.

Асқаров ҳозирги ўзбекларнинг тўлиқ шаклланиши антик даврда юз берган деб ҳисоблайди. Антик давр милоддан аввалги 4 ва милодий 4-асрларга тўғри келиб, Ўзбекистонда бу даврга оид юзга яқин манзилгоҳлар топилган.

Бақтрия–Марғиёна археологик комплекси

Умуман олганда, дунё тарихидаги кўп цивилизациялар қатори Марказий Осиёда ҳам илк цивилизациялар дарёлар бўйида пайдо бўлган. Шулардан бири Амударё бўлиб, унинг соҳилларида яшаганлар эроний тилларда, яъни суғдий, хоразмий, бақтарий ва сак тилларида гаплашишган. Улар яшаган шаҳарлар эса Бақтрия, Суғдиёна, Марғиёна, Парфиёна ва Қадимги Хоразм деб аталган. Сирдарё ҳавзаларида эса қадимдан бошлаб туркийзабон аҳоли яшаган. Турклар ва туркий тилда гаплашувчилар ҳозирги Тошкент вилояти Сирдарё, Жиззах, Фарғона водийси Жанубий Қозоғистондан то Жанубий Олтой, Сибир, Енисей, Чукотка ҳудудларига қадар чўзилиб кетган. Бу милоддан аввалги 3-мингйилликларга тўғри келади. Шу даврларгача Амударё атрофидаги сак, бақтрия, суғдийлар ва турклар алоҳида яшаган. Бу ҳол антик давр, яъни ҳозирдан 2-2,5 минг йил олдинги давргача давом этди.

“Бақтрия маликаси”, бронза даври Бақтрия, милоддан аввалги 2 минг йиллик, Япониядаги Миҳо музейи

“Милоддан аввалги 2-минг йиллик ўрталарида Жанубий Сибир, Олтой, Енисей дарёси бўйлари, Жанубий Қозоғистон даштлари, Тяншан ҳудудларидан секин-секин гуруҳ бўлиб туркийзабон аҳоли Сирдарёдан ўтиб бизнинг ҳудудларга кирди. Сирдарёдан то Амударёга қадар бўлган барча ҳудудни эгаллади. Сибир томондан кириб келаётган туркийзабон аҳоли Ўзбекистоннинг барча ҳудудига тарқалиб кетди. Шунинг учун ўзбек халқининг келиб чиқиш тарихини иккита этник асосга боғлаймиз: биринчиси қадимий эроний тилларда гапирган суғдийлар, хоразмийлар, бақтрияликлар; иккинчиси туркий тилда гапирган аждодларимиз. Икки этник қатламнинг 25 аср давомида аралашувидан янги миллат пайдо бўлдики, буни ўзбек деб атаймиз”, — дейди Аҳмадали Асқаров.

Эркак шакли, милоддан аввалги 3 мингйиллик охири — 2 мингйиллик бошлари, Метрополитен санъат музейи

Бронза даврида Сибир туркларининг Сирдарё ва Амударё бўйларига оммавий кўчиб келиши натижасида улар сони қадимги суғдий, хоразмий, бақтрияликларга нисбатан 10-15 баробар кўпайиб кетади. Бундай вазиятда табиийки, ташқаридан келган туркий тилли аҳолининг тили устувор бўла бошлайди. Натижада Амударё бўйларида яшовчиларнинг тиллари 11-12-асрларда йўқолиб кетди. 

“Бақтрия маликаси” типидаги аёл ҳайкалчаси, милоддан аввалги 2500–1500 йиллар, Лос-Анжелес округи санъат музейи

Туркийларнинг кўчиб келиши ерли аҳолининг фақат тилида эмас, ҳунармандчилигида ҳам ўз аксини топди. Масалан, бундан 2,5 минг йил олдин Амударё бўйларида яшаган ўтроқ аҳоли гулсиз, оддий идишлар ясаб, кундалик ҳаётда шулардан фойдаланиб келган. Туркийлар кўчиб келиши билан буюмларга нақш, гул сола бошлади.

Қўлда кўтарадиган тош, милоддан аввалги 3 минг йиллик охири — 2 минг йиллик бошлари, Лос-Анжелес округи санъат музейи

“Tуркий халқларнинг Ўрта Осиё, Ўзбекистон ҳудудида пайдо бўлиши Афросиёбдан минг йил олдин бўлган — бронза даврида. Ўша пайтда Сополли деган маданиятимиз бўлган, шунинг ичига ташқаридан туркийзабон аҳоли келиб қўшилиши билан (Андронова қабиласи деб аталади) сопол буюмларда акси кўрина бошлади”, — дейди олим.

Vessel with guilloche pattern; 2000–1500; chlorite; 3.33 x 6.67 x 3.81 cm; Los Angeles County Museum of Art
Нақшли идиш, милоддан аввалги 2000–1500 йиллар Лос-Анжелес округи санъат музейи

Бронза давридан бошланган туркийлашув антик даврга келиб ўз ниҳоясига етди. Яъни бу даврда аҳоли тўлиқ туркийлашиб бўлганди. Бу милоддан аввалги 4-асрдан милодий 4-асргача бўлган даврга тўғри келади. Бу маданиятга Ўзбекистоннинг Амударё ҳудудидан топилган Тупроққалъа, Жонбосқалъа, Қўйқирилганқалъа каби ўнлаб шаҳарлар гувоҳлик беради. Антик даврда бу шаҳарлар мустақил шаҳар-давлатлар сифатида мавжуд бўлиб, ҳарбий чегара ва иқтисодий маданий марказлар бўлган.

Шу бронза даврида Марказий Осиёга туркий тилда гаплашувчилар кириб келиши аҳолининг шакли шамойилига ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмади.

Аҳмадали Асқаровнинг маълумот беришича, асл туркийларнинг юз тузилиши худди ҳозиргидай узунчоқ, кўзлари кўк, қизларининг кўзи бодомқовоқ, бурунлари қиррабурун, ияклари узунчоқ, пешонаси кенг, сочлари малла, тана тузилиши эса хипча бўлган. Эронийзабон туркларнинг кўриниши ҳам худди Сибирдан кириб келган ўғуз туркийлари каби бўлган, лекин уларнинг ёноқ суяклари чиқмаган, ияклари тўғри узунчоқ бўлган.

Туркийлар кириб келгач, аралашув натижасида уларнинг юз тузилиши ҳам ўзгариб, узунчоқ эмас, думалоқроқ бўла бошлади. Европа тарафдан кириб келган туркийларнинг юзлари бироз думалоқроқ, икки ёноқ суяги чиққан, кўзлари қўйкўз, тана ранги буғдoйранг, жуссаси бақувват бўлган. Икки туркий қоришгач, янги ўзбек халқи пайдо бўлди. Уларнинг антропологик типи икки дарё оралиғи типи дейилади.

Тарихчи ҳозирги ўзбекларнинг ташқи кўриниши шаклланиш тарихини 3 босқичга бўлади. Биринчиси ўғузлар таъсири бўлиб, улар мил. авв. 2-мингйилликнинг ўрталарида пайдо бўлиб, Марказий Осиёга бронза даврида кириб келган. Ўғузлар деб умуман мўғулий қиёфа аралашмаган соф европеоид типида бўлганларга айтилади. Кейинги босқич 6-асрларда қарлуқ ва чигилларнинг кириб келиш даври ҳисобланади. Улар 6—7-асрларда Олтойнинг ғарбий қисмида, Чориш дарёси (Об дарёси ўзанларидан бири) ҳавзасида, Иртиш дарёсининг қуйи оқими бўйларида, Тарбағатойда ҳамда Жунғориягача бўлган катта ҳудудда яшаганлар. Бу пайтда улар ҳам мўғулий қиёфага кира бошлагандилар. Учинчи босқич 11-12-асрларда Чингизхон босқини даврида қипчоқларнинг кириб келиши бўлди. Улар кўпроқ мўғулларга ўхшаган.

Ўзбек миллатининг шаклланишида асосий иккита халқнинг қиёфаси бор: бири қадимий эроний, суғдий, хоразмий, бақтарий бўлса, иккинчиси туркий ўғузлар. Учинчиси бўлиб мўғуллар, араблар, форслар кириб келди. Ҳаммасидан оз-оз жиҳатлар олаверди. Лекин европеоид қиёфаси сифатида ўзбеклар 11-12-асрларда шаклланиб бўлган эди. Шаклланиши учун қатор факторлар бор, уларнинг энг охиргилари эса тил ва сиёсий уюшма. Қорахонийлар даврида туркий тил ҳукмрон бўлди. Унга қадар форсий, қадимий эроний тил эканлигини айтади Асқаров. 

Зуҳра Абдуҳалимова, журналист
Оператор – Абдуқодир Тўлқинов
Монтаж устаси – Абдусалим Абдувоҳидов

Мавзуга оид