Жамият | 09:00 / 24.05.2024
11893
10 дақиқада ўқилади

6 йилда 54 та тарихий филм — ўзбек киноижодкорлари бунга тайёрми?

“Тирик тарих” лойиҳаси доирасида Ўзбекистонда 2030 йилгача 54 та тарихий филм cуратга олиниши кутилмоқда. Таъкидланишича, миллий қаҳрамон Широқ, давлатчилик арбоби Алп Эр Тўнга, саркарда Амир Темур ва темурийлар, шайбонийлар, миллий истиқлол курашчилари ҳақида филмлар ишланади. Kun.uz ушбу лойиҳа бўйича қатор саволлар юзасидан кинорежиссёр Музаффар Эркинов ҳамда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, кино ва театр актёри Тоҳир Саидов билан суҳбат ташкил қилди.

Президент Шавкат Мирзиёевга 16 май куни “Тирик тарих” туркумидаги филмлар лойиҳаси тақдимот қилинди. Бу 2024-2030 йилларга мўлжалланган стратегик дастур бўлиб, энг қадимги ўтмишдан тортиб, яқин тарихгача бўлган жуда катта даврни қамраб олади. Лойиҳада чет эллик ҳамкорлар, кино санъати усталари ҳам иштирок этиши режалаштирилган. Хўш, 6 йилга мўлжалланган лойиҳа доирасида суратга олинадиган 54 та тарихий филмни ишлаб чиқиш учун мамлакатимизда кадр орти ва экран ижодкорлари захираси етарлими? Сифат ва савияни туширмасдан тарихий киноларни ишлаб чиқишда бугун санъат аҳлига қандай омиллар халақит беряпти? Kun.uz журналисти айни шу каби саволларга жавоб излаб Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Тоҳир Саидов, “Абдулла Авлоний”, “Ойдинлар”, “Пуанкаре”, “Абдулла Орипов” каби кўплаб филмлар режиссёри Музаффар Эркинов билан суҳбатлашди.

— Дастлаб, ушбу ташаббуснинг тарихий ва ижтимоий аҳамиятига тўхталсак.

Музаффар Эркинов: — Давлат раҳбарининг ўзи кинорежиссёр, актёрлар билан учрашиб, соатлаб вақтини ажратиши биз ижодкорлар учун катта хурсандчилик бўлди. Анча вақтдан бери кутилган воқеа — туркум тарихий филмлар тақдимоти бўлиб ўтди. Хабарингиз бор, охирги 20 йилдан буён тарихий филмлар деярли суратга олинмаётган эди. 2017 йилдан эса бир нечта туркум филмларни тасвирга олиш бошланди, “Исломхўжа”, “Ибрат”, “Авлоний”, “Беҳбудий” шулар жумласидандир. Фикримча, “Тирик тарих" туркум филмлар лойиҳаси миллий кино саноатимизнинг қайта "уйғониш" даврини намойиш этиб, замонавий ва сифатли киноларнинг яратилишида янги босқичга қадам қўйишимизни англатади. Бу эса, ўз навбатида, мамлакатимиз кинематографиясининг халқаро миқёсдаги танилишига, ҳамкорлик алоқаларининг кенгайишига ва маданий дипломатиямизнинг ривожланишига хизмат қилиши, шубҳасиздир.

Тоҳир Саидов: — “Тирик тарих” туркум филмлар лойиҳаси бўйича давлат раҳбарига берилган ҳужжатда 50 та аллома ҳақида филм тайёрлаш назарда тутилган эди, ўша жойнинг ўзида яна 2 та аллома эсланиб, рўйхатга улар ҳам қўшилди. Учрашув ўтди, дастур тасдиқланадиган бўлди. Энди президентнинг, халқнинг ишончига киноижодкорларнинг жавоби қандай бўлади, деган масала бор. Филмларни халққа чиройли қилиб тақдим этишимиз керак. Бу берилаётган эътибор, маблағлар ўзбек киносини, шу орқали ўзбек миллатини дунёга танитиш учун қилиняпти. Жараёнга масъулият билан жавоб берувчилар эса киноижодкорлар бўлади.

— “Тирик тарих” туркум филмлари лойиҳаси 2024-2030 йилларга мўлжалланган стратегик дастур бўлиб, унда энг қадимги ўтмишимиздан тортиб, яқин тарихимизгача бўлган катта даврнинг қамраб олиниши режа қилинган. 6 йиллик дастур ва унинг доирасида қарийб 54 та тарихий филмнинг суратга олиниши таъкидланяпти. Рақамлар кичик эмас: 6 йил муддатда 54 та филмни сифатли қилиб суратга олиш ва уни томошабинлар эътиборига тақдим этиш учун етарли бўладими? Жараёнларда иштирок этувчи кадр олди ва кадр орти ижодкорлар захираси ҳозирланганми?

Тоҳир Саидов: — 50 дан зиёд филмни сифатли қилиб суратга олишимиз учун, аввало, иш қуролимиз соз бўлиши керак. Тарихий филмлар отсиз, отда бўладиган жангларсиз суратга олинмайди. Шу сабабли, ёш актёр, актрисаларимиз учун қиличбозлик, найзабозлик бўйича амалий машғулотлар ўтилиши зарур. Бундан ташқари, Сижжакда тоғда "Ўзбеккино" миллий агентлигининг базаси бор, ўша ерда отда чопадиган, от устида найзабозлик, қиличбозлик қила оладиган каскадёр-киноижодкорларни тайёрлаш керак. Масалан, Нанай, Сижжак томондаги йигитларни айни шу йўналиш бўйича захира кадр сифатида шакллантириш мумкин, ўзи улар от устида катта бўлган йигитлар. Ойлик маошлари яхши таъминланса, бошланишига ўзларининг отлари билан ҳам келишади тасвирга олиш жараёнларига.

"Ўзбеккино" миллий агентлиги рахбарлари, мутасаддиларига ҳам гапим бор шу ўринда: бизга тарихни яхши ўрганиб, образлар устида ишлай оладиган дизайнерлар, тарихий кийимлар тикадиган цехлар, дунё стандартлари бўйича ишлай оладиган гримёрлар керак.

Айни шу каби ишларни санъат даражасида қила оладиган профессионал мутахассисларни тайёрласак, Ўзбекистон ҳудудида суратга олинадиган чет эл филмлари ҳам кўпаяди, чунки бизда база бўлади. “Баҳодир Ялангтўш” филмига Қозоғистондан каскадёрлар олиб келиб ишлатдик. “Мендирман Жалолиддин” сериалини суратга олишда анча вақтимиз отда юриш, қиличбозлик кабиларни ўрганишга кетди. Умуман, биз маълум бир филмни суратга олишдан аввал шунақа оқсоқ томонларимизни тўғрилашимиз керак бўлади.

— "Тирик тарих" туркум филмларини яратиш жараёнида миллий ўзликни англатувчи элементларни сақлаб қолиш ва уларни халқаро даражада тақдим этишда қандай стратегиялар қўлланади? Сюжетларда нималарга кўпроқ урғу берилади?

Музаффар Эркинов: — Президентимиз дунё ҳамжамияти эътиборини тортишни кино санъатидан бошлаш керак, маънавият, маърифатни йўлга қўймоқчи бўлсак, кинодек нурли йўл йўқ, дедилар. Ўзлигимизни англатадиган нарса бизнинг маънавиятимиз, менталитетимиз. Жаҳонда ҳам шу нарса қадрланади, кинофестивалларда асосий эътибор ўзликка қаратилади. Биз кучли драматургия, кучли сюжет, тарихий шахслар орқали дунёга чиқишимиз мумкин. Янги ишланадиган филмларда айнан шу жиҳатларга кўпроқ эътибор қаратилади.

"Маънавият" сўзи ишлатилганда баъзи одамлар энcа қотиради. Маънавият аслида керак бизга, бунда ўзлигимиз бор. Агар бу нарсани йўқотсак, миллатимизни йўқотиб қўямиз, ҳар бир миллатнинг алоҳидалиги бор. Маънавият керакмас, деганлар ҳам ёши ўтса, болаларидан шу нарсани кутади ҳали.

— Маълумки, филмларнинг ҳам бир қанча тури бор. Масалан, бадиий филмлар, ҳужжатли филмлар ёки муаллифлик филмлари. Нима учун айнан тарихий филмларнинг ишлаб чиқилишига кўпроқ эътибор қаратиляпти деб ўйлайсиз?

Музаффар Эркинов: — Бошқа халқларнинг тарихий филм ишлаётган ижодкорлари миллий тарихий шахс топишга қийналиб қолишади, ўртамиёна шахсларни ҳам олиб, қаҳрамон сифатида экранга олиб чиқади. Лекин бизда юзлаб тарихий шахсларимиз бор. Масалан, Амир Темурдек шахслар дунё тарихида бармоқ билан санарли. Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Бухорий, Мотуридий каби қанча алломаларимиз бор.

Тоҳир Саидов: — Отимизни қамчилаб қолишимиз керак: бугун тарихий шахслар, соҳавий қаҳрамонлар талаш бўлиб ётибди. Мисол учун, Жанубий Кореяда Тангем сериали суратга олинган. Унда бош қаҳрамон Тангем тиббиёт асосчиси сифатида гавдалантирилган. Ваҳоланки, сериалда Тангем кўрсатаётган муолажаларни бизнинг бобомиз Абу Али ибн Сино бир неча асрлар олдин ёзиб, авлодларга қолдириб кетган. Филмда эса Тангем тиббиётнинг онаси сифатида томошабин онгига сингдирилган. Тасаввур қиляпсизми филмнинг кучини. Бугунги даврда ким олдинроқ ҳаракат қилиб, тарихий қаҳрамонлар ҳақида яхши филм олса, тарихий шахс ўшаники бўлиб қоляпти одамлар шуурида. Буюк бобокалонларимиз ҳақиқатан бизники эканини филмлар орқали намойиш қилиб, буни дунё ҳамжамиятига англатиш вақти келди, назаримда.

— Филмни ишлаб чиқувчи асосий ва бош ижодкор, одатда, режиссёр бўлади. Лекин миллий режиссёрларимиз сони бармоқ билан санарли даражада. Нима учун сифатли ва савияли филмларни томошабин эътиборига тақдим эта оладиган кинорежиссёрлар сони камайиб кетган?

Музаффар Эркинов: — Режиссура соҳасида етишиб чиққан авлодлар орасида катта бўшлиқлар бор. Масалан, Зулфиқор Мусоқов, Жаҳонгир Қосимов, Ҳилол Насимов, Абдуҳалил Менгноров каби режиссёрлар 60 ёшдан ошган. 10-12 йил ўтгач, Аюб Шаҳобиддинов, Ёлқин Тўйчиев, Мирмаҳсуд Охунов кабилар майдонга чиққан. Ундан кейинги авлод Жаҳонгир Аҳмедов, Умид Ҳамдамов, Акбар Бектурдиев, Сарвар Каримов. Яна бир неча йиллар ўтиб етишиб чиққан янги авлод Шокир Холиқов сингари ижодкорлар. Режиссёрларимиз сони бармоқ билан санарли даражада. 37 млн халқимизни сифатли кинолар билан таъминлаш учун аслида кам уларнинг сони. Бундай узилишлар савияли киноларни суратга олишга талаб деярли йўқлигидан пайдо бўлди. Тарихий филмларни мунтазам суратга олиш бўйича тизим ишга тушиб, жараён давомий бўлса, узилишлар, фикримча, бундан бу ёғига кузатилмайди.

— Тарихий қаҳрамонларни гавдалантириб бера оладиган ижодкорлар маҳаллий доирада етарлими?

Тоҳир Саидов: — Тарихий қаҳрамонларни гавдалантириб бера оладиган маҳаллий ижодкорлар бор, уларни саралаб, экранга олиб чиқишда асосий гап. Актёрлик талабларига жавоб берадиган йигит-қизларимиз кўп. Ташқи кўриниш масаласида ҳам ўзимизнинг актёрлар тарихий филмлардаги ролларни ижро этгани яхши, сабаби юз тузилиши жиҳатидан барибир авлод аждодга ўхшаш бўлади.

Тоҳир Саидов ва Музаффар Эркинов яхши филмлар суратга олиш учун катта масштабдаги жамоавий тизимнинг ричагини бураб юбориш кераклиги, янги киноижодкорлар армиясини излаб топиш зарурлигини ҳам таъкидлашди.

Диёрахон Набижонова суҳбатлашди.
Оператор: Абдуқодир Тўлқинов.
Монтаж устаси: Оҳун Нормуродов.

Мавзуга оид