Янги конституция, Uzcard-Humo интеграцияси ва зулм стереотипи — ҳафта дайжести
Ўзбекистонда конституциянинг янги таҳрири ёзиб тугатилди. Банкоматлар ва терминаллар Uzcard ва Humo'ни ажратмайдиган бўлади. Ўсмир қизларнинг катта қисми овқат тагига олгани учун эридан калтак ейишни нормал ҳолат деб билади. Ўтган ҳафтанинг асосий хабарлари – Kun.uz дайжестида.
Яхши хабарлардан бошласак. Humo ва Uzcard'нинг узоқ кутилган интеграцияси ниҳоят шу йил якунига етадиган бўлди. Шу ҳафта қабул қилинган президент қарорига кўра, май ойидан бошлаб Humo карталари орқали Uzcard банкоматларидан ва аксинча Uzcard карталари орқали Humo банкоматларидан нақд пул ечиш йўлга қўйилиши керак.
Йил охиригача эса барча терминаллар ҳар иккала карта турини ҳам қабул қиладиган бўлади. 2020 йилдан буён айтиб келинадиган бу янгилик ниҳоят амалга ошса, битта савдо нуқтасида икки хил терминал туриши шарт бўлмайди. Картангиз Uzcard ё Humo бўладими, Visa, Mastercard ёки Unionpay бўладими, фарқи йўқ, битта терминал орқали беш хил картадан тўлов қилса бўлади.
Бундан ташқари, май ойидан бошлаб ўтказиладиган ҳуқуқий эксперимент доирасида, Тошкентдаги Korzinka супермаркетларининг кассаларида 300-500 минг сўмгача пулни картадан нақдлаштириб олиш имкониятини яратиш кўзда тутиляпти. Нақдлаштириш комиссиясини супермаркетнинг ўзи мустақил белгилайди, бу миқдор банкоматдаги 1 фоизлик комиссиядан камроқ бўлиши ҳам мумкинлиги айтиляпти.
Шу қарордаги яна бир янгилик – 1 майдан эътиборан бир қатор тўловларни амалга оширишда тўлов тизимларининг комиссиялари жисмоний шахслар учун бекор қилинади. Бу рўйхатда божлар, жарималар, давлат хизматлари ва бошқалар учун давлат органларига тўловлар, таълим ташкилотларидаги контракт тўловлари, самолёт ва поезд чипталари кабилар бор. Бунда тўлов тизимлари оладиган комиссия максимум 1 фоизгача бўлади ва бу сумма фуқародан ундирилмасдан, тўлов миқдоридан чегириб қолинади.
Референдум – 30 апрелда
Ўзбекистонда конституциянинг янги таҳрири ёзиб тугатилди. Асосий қонун 65 фоизга янгиланадиган бўлди. Ундаги моддалар сони 128 тадан 155 тага, нормалар сони эса 275 тадан 434 тага кўпаяди.
10 март куни Қонунчилик палатаси бу борадаги қонунни қабул қилди. 132 депутат Конституцияни янги таҳрирга ўтказишни ёқлаб овоз берди, 2 депутат бетараф қолди, 3 депутат овоз бермади. Депутатларнинг қарори билан, Конституциянинг янги таҳрири бўйича умумхалқ референдуми 30 апрел, якшанба кунига белгиланди. 13 март куни бу қарорни Конституциявий суд, 14 мартда эса Сенат ҳам маъқуллаши кутиляпти. Янги конституция лойиҳасининг тўлиқ матни шундан кейин эълон қилинади.
Асосий ўзгаришлардан бири – президентнинг ваколат муддати ҳозиргидек 5 йил эмас, 7 йил деб белгиланади. Айни бир шахс президентлик лавозимини кетма-кет икки марта эгаллаши мумкин эмас деган қоида сақланиб қолади. Бу қоида, шунингдек, президентдан ташқари парламент палаталарининг раҳбарлари, ҳокимлар, бош прокурор ва яна қатор бошқа лавозимларга нисбатан ҳам жорий этилади. Яъни Конституция талаби бўйича улар ҳам икки муддатдан кейин лавозимидан кетиши шарт бўлади.
Сенаторлар сони 100 нафардан 65 нафарга камаяди. Сенат ва Қонунчилик палатасининг ваколатларида ўзгаришлар бўлади. Қонунчилик палатаси вазирларни ишдан олиш ҳақида президентга таклиф киритиш ваколатини олади. Эътиборлиси, агар гап фақат таклиф киритиш ҳақида бўлса, бироз ғалати ҳолат юзага келади. Чунки амалдаги конституция бўйича депутатларда бош вазирга ишончсизлик вотуми билдириш ваколати бор ва бу рўй берган тақдирда, бош вазир истеъфога чиқарилиши аниқ белгилаб қўйилган. Шундай ҳолатда, бош вазирни ишдан ола оладиган депутатларнинг вазирларга келганда фақатгина таклиф бера олиши ғалати кўриняпти.
Сайлов тизимида ҳам айрим ўзгаришлар бўлиши мумкин. Партияларнинг ролини ошириш учун аралаш сайлов тизимига ўтиш таклиф қилиняпти. Бунда депутатлик ўринларининг бир қисми мажоритар тизимга, иккинчи қисми пропорционал тизимга ажратилади. Мажоритар тизимдаги ўринларни энг кўп овоз тўплаган номзодлар эгаллайди, пропорционал тизимдаги ўринлар эса партия рўйхатлари асосида тақсимланади. Эслатиб ўтамиз, 19 март куни Қозоғистонда бўлиб ўтадиган депутатлик сайловларида ҳам илк марта аралаш сайлов тизимидан фойдаланилади.
Қозоғистон билан солиштириш мумкин бўлган яна бир муҳим жиҳат бор – қўшниларимиз ҳокимлар сайловини аллақачон йўлга қўйган. Ўзбекистонда эса бу масалага узил-кесил нуқта қўйилди: ҳокимлар сайлови бўлмайди.
Конституция ўзгаргач, Тошкент шаҳри ва вилоятлар ҳокимлари 2024 йилги депутатлик сайловларидан кейин кенгаш раиси лавозимидан кетади. Янги таркибдаги депутатлардан бири кенгашга раис бўлади. Раисни маҳаллий аҳоли эмас, кенгаш аъзолари сайлайди. Бу амалиёт туман ва шаҳарлар миқёсида 2026 йилдан бошлаб қўлланади. Яъни туман ҳокимларининг кенгаш раиси мақоми ҳали яна 3 йилдан кейин – 2026 йил 1 январда бекор қилинади.
Зўравонликка тоқат стереотипи
8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан UNICEF'нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ўтказган сўровнома ачинарли ҳолатни ўртага чиқарди. Сўровномада 18-19 ёшли ўсмир қизлар иштирок этган. Маълум бўлишича, уларнинг 37 фоизи эркак киши аёлини гап қайтаргани, овқат тагига олиб кетгани, кўчага сўроқсиз чиққани учун калтаклашини нормал ҳолат деб билади.
UNICEF бу ҳолатга қуйидагича қисқа изоҳ берган: “Стереотиплар қизларни оилавий зўравонлик ва шафқатсиз муносабат қурбонига айлантиради”.
Шуниси аниқки, бу стереотиплар нафақат ўсмир қизларда, балки катта-катта лавозим эгаларининг онгидан ҳам чуқур жой эгаллаган. Биз буни январ ойида, хотин-қизлар ва болаларнинг ҳуқуқларига оид қонун лойиҳаси эълон қилинганида яна бир марта кўрган эдик. Оилавий зўравонлик учун жиноий жавобгарлик киритиш бўйича жамоатчилик таклифлари лойиҳадан чиқариб ташланган. Лойиҳа муаллифлари халқаро нормаларга асосланган муҳим қоидаларни нега инобатга олмаётгани бўйича асосли тушунтириш бермай келяпти.
Давлат хизматчиларининг соғлиги ўрганилди
Шу ҳафта яна бир тадқиқот натижалари эълон қилинди. Унда Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши ва Ўзбекистон бўйлаб барча ҳокимликларда ишлайдиган 5744 нафар ходим тиббий кўрикдан ўтказилган.
Маълум бўлишича, ҳокимликда ишлайдиган ходимлар орасида сурункали гастрит, артериал гипертония, остеохондроз, қандли диабет ва семизлик каби касалликлар энг кўп учрайди.
Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўтказган текширувлар якуни бўйича, касаллик аниқланган ходимларга даволаниши учун барча шароитларни яратиб бериш бўйича ҳокимликларга тегишли кўрсатмалар юборилган.
Бу ҳафта яна нималар рўй берди?
Сенат ишчи гуруҳи Қорақалпоғистонда ўқувчиларга чириган олма тарқатилишида мактаб директорларини айбдор қилди. Улар жаримага тортилган. Ҳолатни ўрганган ишчи гуруҳ баёнотига қараганда, Қорақалпоғистондаги мактабларнинг ярмига егулик тарқатаётган компанияга сифатсиз маҳсулоти учун ҳеч қанақа чора кўрилмаган.
Самарқанд шаҳрида 14 ёшли қизни ўғирлашга уринган шахс қўлга олинди. Эътиборлиси, у ички ишлар органларида ишлаб келган. 38 ёшли эркак ўқув маркази ёнида турган ўсмир қизга ўзини киракаш деб таништириб, қизни уйига олиб боришини айтган. Лекин қиз машинага ўтиргач, бошқа жойга ҳайдаб кетган. Яхшиямки, йўлда машинанинг ғилдираги ёрилган, ҳайдовчи ғилдиракни алмаштираёганда қиз қочиб кетган ва ўша ердаги одамлардан ёрдам сўраган. Потенциал педофил ҳозир қамоқда.
Тошкент учун ишлаб чиқарилаётган “гармошка” автобуслар март-апрел ойларида етиб келиши кутиляпти. 18 метрли 200 та автобус учун Хитойнинг King Long компаниясига буюртма берилган. Эслатиб ўтамиз, бундан ташқари Хитойнинг Yutong компаниясига 800 та 12 метрли автобуслар ҳам буюртма қилинган. Улардан 300 таси электробус бўлади.
Россияда қамалган ўзбекларнинг Украинадаги урушга олиб кетилиб, жасади келаётган ҳолатлар давом этяпти. Маълум бўлишича, Россияда 5 йил қамоқ жазосини ўтаган Ўзбекистон фуқаросининг жасади 30 январ куни Қорақалпоғистоннинг Элликқалъа туманидаги қариндошларига топширилган. У Украинадаги урушга ўз ихтиёри билан кетганми ёки мажбуран олиб кетилган, бу маълум эмас.
“Ўзбекнефтгаз”ни 3 йил бошқарган Меҳриддин Абдуллаев лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнига компаниянинг Абдуллаевдан олдинги раҳбари Баҳодир Сиддиқов қайтарилди. Бу ўзгаришдан бир неча кун олдин 31 та йирик давлат корхонаси, хусусан “Ўзбекнефтгаз”нинг акциялари Стратегик ислоҳотлар агентлигига ўтказилган эди.
Мавзуга оид
20:00 / 09.11.2024
Машина импортига янги тўсиқ, икки карра қимматлаган пропан ва “замҳоким”га 2 млн $ пора — ҳафта дайжести
21:45 / 02.11.2024
Йўллардаги қоидабузарликлар учун янги жарималар, очилган «ис гази мавсуми» ва сайлов якунлари — ҳафта дайжести
21:48 / 26.10.2024
Алламжоновга суиқасд, қонун устуворлигида пасайиш ва Европага йўл — ҳафта дайжести
22:40 / 19.10.2024