Жаҳон | 23:09 / 14.03.2023
54789
4 дақиқада ўқилади

Қора денгизда Америка дрони Россиянинг Су-27 самолёти таъсирида сувга қулади

Президент Жо Байден можародан хабардор қилинди. 

MQ-9 учувчисиз дрони / Фото: Getty Images

АҚШ Қуролли кучларининг Европа қўмондонлиги Россиянинг Су-27 қирувчи самолёти Қора денгиз узра Американинг MQ-9 Reaper учувчисиз самолёти билан тўқнашганини маълум қилди. Баёнотга кўра, воқеа 14 март куни эрталаб содир бўлган. Россия Мудофаа вазирлиги дрон транспондерлар ўчирилган ҳолда учгани ва «махсус ҳарбий операция ўтказиш учун белгиланган ҳаво бўшлиғидан фойдаланишнинг вақтинчалик режими ҳудуди чегараларини бузгани»ни маълум қилди.

АҚШ ҳарбийлари даъво қилишича, Россиянинг иккита Су-27 самолёти Қора денгиз устидаги халқаро ҳаво ҳудудида АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучларининг разведка ва кузатув учун мўлжалланган дронига қарши «хавфли ва нопрофессионал» манёврни амалга оширган.

Қайд этилишича, эрталаб тонгда Россиянинг Су-27 самолётларидан бири MQ-9 парракларига урилиб, шикаст етказган. Оқибатда, АҚШ Қуролли кучлари халқаро сувларда MQ-9 дронини уриб туширишга мажбур бўлган.

«Тўқнашувдан олдин Су-27 самолётлари MQ-9 олдидан ёнилғи тўкиб, экологик хавфли ва нопрофессионал тарзда учиб ўтган. Бу ҳодиса лаёқатсизликни, шунингдек, ишончсизлик ва нопрофессионалликни кўрсатади», дейилади баёнотда.

АҚШ Қуролли кучларининг Европадаги қўмондонлиги, MQ-9 Reaper разведкачи дрони халқаро ҳаво ҳудудида «анъанавий операция»ни бажаргани, у Россия қирувчи самолётлари томонидан уриб туширилганини даъво қилмоқда.

«Бизнинг MQ-9 самолётимиз халқаро ҳаво ҳудудида анъанавий операцияларни бажараётган эди. У Россия самолёти томонидан уриб туширилди, оқибатда MQ-9 ҳалокатга учради ва бутунлай йўқотилди», деди АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондони генерал Жеймс Б. Ҳекер.

«Аслида россияликларнинг бу хавфли ва нопрофессионал ҳаракати икки самолётнинг ҳам ҳалокатга учрашига сабаб бўлиши мумкин эди. АҚШ ва иттифоқчиларнинг самолётлари халқаро ҳаво ҳудудида парвоз қилишда давом этади ва биз россияликларни ўзини профессионал ва хавфсиз тутишга чақирамиз», деб қўшимча қилди генерал.

Россия Мудофаа вазирлиги ўз самолётларининг АҚШ дрони билан тўқнашгани ёки уни уриб туширганини рад қилди. Баёнотга кўра, дрон транспондерлар ўчирилган ҳолда учган ва «махсус ҳарбий операция ўтказиш учун белгиланган ҳаво бўшлиғидан фойдаланишнинг вақтинчалик режими ҳудуди чегараларини бузган».

«Қоидабузарни аниқлаш мақсадида ҳавога қирувчи самолётлар кўтарилган. Кескин манёврлар натижасида MQ-9 дрони назоратсиз парвозга ўтган ва сувга қулаган», дейилади Россия Мудофаа вазирлиги хабарида.

АҚШ президенти Жо Байден Қора денгиз узра MQ-9 Reaper дрони қулаб тушишига сабаб бўлган Россия самолётлари билан боғлиқ можародан бохабар қилинган. Бу ҳақда Daily Beast мухбири Шэннон Вавра ижтимоий тармоқда ёзди. У Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгаши координатори Жон Кирбига ҳавола қилди.

Кирбининг таъкидлашича, Россия самолётлари Қора денгиз узра АҚШ дронларини тез-тез қуршовга олиб туради. Аммо бу ҳодиса «ўйламасдан қилингани аниқ».

Россиянинг Вашингтондаги элчиси Анатолий Антонов ҳодиса юзасидан АҚШ Давлат департаментига чақирилди, деди идора матбуот котиби Нед Прайс.

MQ-9 Reaper дрони катта баландликда узоқ муддатли разведка учун мўлжалланган йирик учувчисиз учиш аппаратидир.

Economist газетасининг мудофаа бўйича муҳаррири Шашанк Жоши сўзларига кўра, рус самолёти катта ҳажмдаги маълумотларни тўплаётган дронни чўчитишга уринган бўлиши мумкин. «Бироқ, оқибатда дроннинг йўқотилиши жуда ғайриоддий», деб таъкидлади у.

Мавзуга оид