Қора денгиз соҳилларидан 100 дан ортиқ ўлик делфин топилди
Денгиз жонзотларининг ўлимига Керч бўғозида ҳалокатга учраган танкерлардан тўкилган мазут сабаб бўлган.

Фото: Delfacenter
Экологлар март ойи давомида Қора денгизнинг Краснодар ўлкаси соҳилларидан яна 104 та ўлик делфинни топди. Бунга Керч бўғозида ҳалокатга учраган танкерлардан тўкилган мазут сабаб бўлган, деб хабар беради «Коммерсант».
Апрел ойининг 10 куни давомида 23 та ўлик делфин аниқланган. «Делфа» дельфинларни қутқариш илмий-экологик марказининг маълум қилишича, 2024 йил 15 декабрда нефть маҳсулотлари тўкилганидан кейин Қора денгиз соҳилларидан 84 та ўлик делфин топилган. Март ойининг биринчи ҳафтасида Краснодар ўлкасида яна 22 та делфин жасади аниқланган. Шундай қилиб, мазут тўкилиши оқибатида нобуд бўлган жонзотлар сони 200 тага яқинлашмоқда.
Экологларнинг таъкидлашича, Қора денгиздаги делфинларнинг оммавий равишда нобуд бўлиши ҳар йили март ойидан июнга қадар кузатилади. Ёқилғи тўкилишининг оқибатлари денгиз сутэмизувчилари учун инфекциялар ва иммунитет пасайиши каби одатий ўлим хавфи ҳолатларини янада кучайтирмоқда.
Одатда соҳилга чиқиб қолган жонзотлар — бу қувватсиз ва балиқчилар тўрига тушиб қолганидан кейин жароҳатланган делфинлар бўлади. Баъзида балиқчилар делфинлар тўрга тушиб қолганини яшириш мақсадида жароҳат олган денгиз жонзотларини ўлдиради. «Делфа» мутахассисларининг таъкидлашича, 2025 йилда тўр қўйиладиган қалқонбалиқларни тутиш учун ажратиладиган квота сезиларли даражада ошган.
Март ойида Краснодар ўлкасида мазут тўкилиши оқибатларини бартараф этишга ёрдам бераётган волонтёрлар фалокатдан кейин 87 та делфин, шунингдек, 4123 та қуш ўлик ҳолда топилганини маълум қилганди. Бундан ташқари, яна 7815 та қуш Витязеводаги ҳайвонларни қутқариш марказига олиб борилган.
Аввалроқ эколог ва зоологлар мазут тўкилиши оқибатида 10 миллионга яқинга қушлар заҳарланиш ёки нобуд бўлиш хавфи остида эканидан огоҳлантирган эди.
Эслатиб ўтамиз, 15 декабр куни Керч бўғозида, Қора денгизнинг Краснодар ўлкаси соҳилларидан 50 километр ичкарида «Волгонефт-212» ва «Волгонефт-239» танкерлари ҳалокатга учраган эди. Нефт маҳсулотлари сизиб чиқиши оқибатида сув ифлосланган — расмий маълумотларга кўра, денгизга уч минг тоннадан ортиқ мазут оқиб кетган.
Мавзуга оид

10:05 / 11.04.2025
АҚШ Конгрессига Россия нефтини мусодара қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси киритилди

19:18 / 09.04.2025
Трампнинг ҳаракатлари нефт нархини 2021 йил февралдан буён энг паст даражага туширди — Reuters

08:12 / 08.04.2025
Россия нефти нархи РФ бюджети ҳисоб-китобларидан 25 фоизга пастлади

08:00 / 07.04.2025