Жамият | 16:33 / 15.03.2023
55275
7 дақиқада ўқилади

Бир жиноят тарихи: ўзиникининг ўзагини узган қотил

2008 йил Навоий шаҳрида содир этилган жиноят шов-шувларга сабаб бўлади: шаҳарнинг бой хонадонларидан бирига ярим тунда босқинчилик уюштирилган ҳамда хонадон эгасининг укаси ўлдириб кетилганди. Жиноятчиларнинг ҳадеганда топилавермагани ҳамда босқинчилар кутилмаганда уларнинг ҳам уйида пайдо бўлиб қолиши мумкинлиги одамларнинг юрагига қўрқув сола бошлайди. Жиноий тўданинг бошида ким тургани аниқ бўлганида эса кўпчилик ҳайратдан ёқа ушлаб қолади. 

Фото: KUN.UZ

Тундаги босқинчилик

2008 йилнинг 6 сентябридан 7 сентябрига ўтар кечаси. Навоий шаҳар ИИБ навбатчилик қисмига шаҳарнинг Вишновая кўчасида яшовчи Ҳамза Эгамбердиев (мақоладаги барча исмлар ўзгартирилган – таҳририят) хонадонида босқинчилик содир қилингани ҳақида хабар келиб тушади. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари зудлик билан воқеа жойига етиб боришади.

Маълум бўлишича, юзига қора ниқоб тақиб олган 4 нафар босқинчи хонадонга бостириб кирган. Улар аввалига хонадон эгасининг укаси Қодир Эгамбердиевни ўлдиришган. Кейин Ҳамза Эгамбердиев ётган хонага кириб, ўлдириш билан қўрқитган ҳолда ундан пул талаб қилишган. Аммо хонадон эгаси амаллаб уларнинг чангалидан ташқарига қочиб чиқади ва қўни-қўшниларни ёрдамга чақира бошлайди. Режаси амалга ошмаган жиноий гуруҳ воқеадан жойидан яширинишга мажбур бўлади.

Калаванинг учи қаерда?

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари олдида босқинчиларни тезкор топиш ва жиноятни изи совимасдан фош қилишдек масъулиятли вазифа турарди. Аммо бу иш осон эмасди. Сабаби, жиноятчилар ўзидан деярли из қолдирмаган, “тоза ишлашганди”. Бундай вазиятда қилни қирқ ёрадиган тажрибали ходимлар ҳам калава учини йўқотиб қўйиши ҳеч гап эмас.

Қотиллик ва босқинчилик жиноятларининг аломатлари яққол кўриниб турганлиги боис ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноий иш қўзғатилади ҳамда тергов ҳаракатларига киришилади. Шаҳарга кириш-чиқиш йўллари қаттиқ назоратга олинади, судланганлар, жиноятга мойил шахслар бирма-бир сўроқ қилина бошланади. Навоий шаҳар прокуратурасида махсус гуруҳ тузилиб, ҳар куни қидирув натижалари таҳлил қилинарди. Бироқ жиноят изларидан дарак йўқ, тергов тобора чигаллашиб борарди.

Ҳамза Эгамбердиев ўша пайтларда шаҳарнинг энг олди тадбиркорларидан бири эди. Шу сабабли, содир этилган жиноят хабари яшин тезлигида шаҳарга тарқалган, босқинчиларнинг қилмиши ҳаммани саросимага солиб қўйганди. Босқинчилар кутилмаганда уларнинг ҳам уйида пайдо бўлиб қолиши мумкинлиги одамларда қўрқув уйғота бошлайди. 

“Жабрланувчи” қотил

Орган ходимлари олдида жиноятни фош қилиш бўйича учта тахмин бор эди: жиноят жабрланувчи ишлаётган фирма ходимлари, оиланинг молиявий имкониятларини яхши билган яқин қариндошлари ёки муқаддам судланган шахслар томонидан содир этилган бўлиши мумкин. Ана шу учта тахмин бўйича жами 48 та гуруҳ ташкил этилиб, чора-тадбирлар белгилаб олинади.  

Мазкур жиноят иши доирасида 3 минг нафарга яқин шахс билан суҳбатлар ўтказилиб, суриштирув ишлари олиб борилган. Ниҳоят 40 кун деганда калаванинг учи топилади.      

Жиноятни фош қилишнинг 40 кун чўзилгани бежизга эмасди. Сабаби, қотил ўзини жабрланувчи сифатида кўрсатиб, терговни чалғитиб юрганди. Бу тадбиркорнинг ҳам жияни, ҳам куёви (синглисининг турмуш ўртоғи) бўлган Ихтиёр Ўтбосаров эди. 

Қотилликка етаклаган фирибгарлик

Терговда аниқланишича, Ихтиёр Ўтбосаров 2007 йилнинг декабр ойида каттақўрғонлик бир аёлни алдаб, икки ой муддатга қайтариб бериш шарти билан ундан 7 млн сўм қарз олади ҳамда ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборади. Шу тариқа унинг фирибгарлик йўли билан пул топишга қизиқиши кундан кунга ортиб борган. 2008 йилнинг март ойида яна уч нафар каттақўрғонлик фуқаронинг жами 23,5 млн сўм ҳамда 700 АҚШ доллари пулини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиб, жуфтакни ростлаб қолади. У одамларнинг 170 млн сўмга яқин пулларини қўлга киритиб, йўқ қилиб юборган. 

Аммо бузоқнинг югургани сомонхонагача, деганларидек қарз берганлар уни топиб, пулларини сўрай бошлашади. У эса бу оғир вазиятдан чиқиш йўлларини изларди. 

Кўр кўрни қоронғида топди

Шундай кунларнинг бирида у эски таниши, бухоролик Валижон Зойиров билан суҳбатлашиб қолади. Бир неча бор қамалиб чиққан Валижон Зойиров ҳам тўғри йўл қолиб, эгри йўлдан юрадиганлар хилидан эди. Ихтиёр унга тадбиркор бўлган қайниакасининг уйида катта миқдорда пул борлигини айтади. Буни эшитган Валижон иш хамирдан қил суғургандай осон битишини, шериклари борлигини маълум қилади.  

Шу тариқа қотил куёв бошчилигида жиноий гуруҳ тузилади ва “режа” куни белгиланади.

“Қотил” скочт

Келишилган кунда, 2008 йилнинг 6 сентябрь тунида Ихтиёр 3 нафар бухоролик ва 1 нафар қашқадарёлик жиноятчини тадбиркор қайниакасининг уйи ёнида қолдириб, ўзи ортга қайтади. Режага кўра, бир киши ташқарида қоровуллик қилади, қолганлар ҳовлига киради.

Босқинчилар ҳовлининг ўнг томонидаги хонада кириб, телевизор кўриб ётган тадбиркорнинг укаси Қодир Эгамбердиевнинг устига ташланишади. Улар аввалига шошмашошарлик билан Қодирнинг қўл-оёқларини, кейин эса бақириб-чақирмаслиги учун ўзлари билан олиб келган скочт ёрдамида оғзини боғлаб ташлашади. Кейин тадбиркор ва унинг турмуш ўртоғи ухлаб ётган хонага ўтиб кетишади.

Аммо босқинчилар шошганларидан Қодирнинг бурнини ҳам қўшиб ўраб ташлашганди. Бунинг оқибатида у нафас ололмай, ўлиб қолади.    

 Жиноятчилар тадбиркор ва турмуш ўртоғи ухлаб ётган хонага кириб, тадбиркорга пичоқ ўқталишади ҳамда уйдаги пулларни беришни айтишади. Тадбиркор эса уйида катта миқдорда пул йўқлигини айтиб, қўлидаги ёриткични уларга қарата отади. Босқинчилар чангалидан амаллаб кўчага қочиб чиққан Ҳамза Эгамбердиев қўни-қўшниларни ёрдамга чақира бошлайди. Кутилмаган бу ҳаракатдан шошиб қолган жиноий гуруҳ воқеадан жойидан қочиб кетишга мажбур бўлади.

Куёв 23 йилга “кесилди”

Жиноятнинг бошида ким турганини эшитган одамлар ҳайратдан ёқа ушлаб қолишади. Чунки ўзиникининг ўзагини узган куёв Қодирнинг таъзия маросимларида бош-қош бўлган, қайниакаси билан елкама-елка туриб, кўзёши тўккан эди.

Суд ҳукми билан Ихтиёр Ўтбосаров 23 йилга, жиноий гуруҳнинг қолган аъзолари эса 17 йилдан 19 йилгача озодликдан маҳрум этилган.  

Навоий вилояти ИИБ ахборот хизмати билан ҳамкорликда тайёрланди.

Мавзуга оид