Жаҳон | 10:21 / 16.03.2023
8216
2 дақиқада ўқилади

АЭХА: Ливияда 2,5 тонна уран йўқолган

Атом энергияси бўйича халқаро агентлик раҳбари Рафаэл Гросси «сариқ кек» деб номланувчи ядровий модда бўлган ўнта контейнер йўқолгани ҳақида маълум қилди.

Фото: Reuters

Ливияда икки ярим тонна уран ғойиб бўлди – ядровий материал Ливия расмийларига кўра, у бўлиши керак бўлган жойда топилмади, деб маълум қилди 15 март, чоршанба куни кечқурун штаб-квартираси Вена шаҳрида жойлашган Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (АЭХА). 

АЭХА ижрочи директори Рафаэл Гроссининг сўзларига кўра, «сариқ кек» деб аталадиган ўнта контейнер йўқолгани бир кун аввал Ливияда ўтказилган текширув чоғида аниқланган, гап айнан қаер ҳақида кетаётгани очиқланмаган. Гросси барча аъзо мамлакатларга воқеа ҳақида ёзма хабар юборди. АЭХА «йўқолган ядровий материалнинг ҳолатини ва унинг ҳозирги жойлашувини аниқлаш» учун қўшимча текширувлар ўтказиш ниятида. 

«Сариқ кек» - сариқ кукун шаклидаги уран тузларининг чўкмаси бўлиб, уран қазиб олиш усулларидан бири натижасида олинади. Қайта ишланган шаклда у атом электр станциялари учун ёқилғига айланиши ва агар бойитилган бўлса, ядро қуролини яратиш учун ишлатилиши мумкин. 

Муаммар Қаддофий ҳукмронлиги даврида Ливия бирмунча вақт ўзининг ядро қуролини ишлаб чиқиш дастурига эга эди, аммо 2003 йилда ундан воз кечди, деб эслайди AFP агентлиги. 1969 йилдан бери ҳокимиятда бўлган Қаддофий 2011 йилда ҳокимиятдан ағдарилган ва қочишга уринган пайтда исёнчилар томонидан ўлдирилган. Ўшандан бери Ливия фуқаролик уруши ҳолатида. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид