Жаҳон | 22:47 / 16.03.2023
12938
4 дақиқада ўқилади

Ростовдаги ФХХ биносида кучли ёнғин чиқди. Бир киши ҳалок бўлди

Россиянинг Ростов областидаги ФХХ чегара бошқармаси биносида ёнғин содир бўлди. Фавқулодда вазиятларга кўра, бир киши ҳалок бўлган, яна икки киши яраланган.

Фото: ERIK ROMANENKO/TASS

Ростов области губернатори Василий Голубевнинг сўзларига кўра, «Ростов областидаги Россия ФХХ (ФСБ) чегара қўшини бошқармаси хўжалик хоналари»да ёнғин содир бўлгани ҳақидаги сигнал соат 12:25 да олинган.

Голубевнинг таъкидлашича, ҳодисага бино ичидаги электр симларининг қисқа туташуви сабаб бўлган. «Ёнғин кенгайиб бораётгани ёқилғи-мойлаш материаллари солинган контейнерларнинг портлашига сабаб бўлди. Ёнғин 800 квадрат метр майдонга тарқалди, натижада иккита девор қулаб тушди», деб ёзди губернатор.

ФХХ «Ростов-на-Дону шаҳридаги ФХХ чегара қўшини гаражида содир бўлган портлаш ёқилғи-мойлаш материаллари алангаланиши натижасида содир бўлди», деб даъво қилмоқда. Ҳодиса оқибатида «жабрланганлар бор», деб маълумот берди хавфсизлик хизмати.

161.RU нашри ҳуқуқ-тартибот тузилмаларидаги манбага таяниб, гаражда ўқ-дорилар портлагани ҳақида хабар берди. Манбага кўра, шундан кейингина ёнғин ёқилғига ўтган.

ТАСС хабарига кўра, бир киши ҳалок бўлган, яна икки киши жароҳатланган. Губернатор Голубевнинг ёзишича, «бир жабрланувчи ўртача оғирликда шифохонага ётқизилган». Ёнғинга иккинчи мураккаблик даражаси берилди, қўшни уйлардан бири ва яқин атрофдаги талабалар турар жойи эвакуация қилинди.

Фото: STRINGER/TASS

Воқеа гувоҳларидан бирининг айтишича, маҳаллий вақт билан соат 16:00 да ёнғин маҳаллийлаштирилган (буни ФВВ ҳам тасдиқлаган), аммо ҳали ўчирилмаган. Воқеа жойига яқинлашиш ва кириш йўллари тўсилган, полиция машиналари бор. Оломон энди тарқалмоқда: кордон сақланиб қолган, аммо полициячилар унчалик кўп эмас.

Ёнғин яқинида яшовчи ёки ишлаётган яна бир неча кишининг айтишича, иш куни ўртасида тўсатдан қаттиқ портлаш овози эшитилган, уйларнинг деразалари силкинган. Кейин яна бир неча портлаш юз берган, аммо секинроқ ва заифроқ.

Яна бир гувоҳнинг айтишича, портлашдан бир неча дақиқа ўтгач, у ҳовлисига югуриб чиққан. Унинг сўзларига кўра, олдин сукунат чўккан, кейин портлаш содир бўлган, тутун кўтарилган. У панжара томон югурган ва деворнинг кичик бир қисми вайрон бўлганини кўрган.

Гувоҳлардан бири ёнган икки қаватли бинони унчалик катта эмас, деб таърифлайди. У хўжалик биноси, омборхона, гараж, устахона ёки ошхона бўлиши мумкинлигини тахмин қилади. Унинг сўзларига кўра, ёнғин содир бўлган бино ҳам, чегара қўшинлари биноси ҳам моҳиятан уйлар билан ўралган. Ёнғин чиққан икки қаватли бинони хусусий сектордан панжара ва том маънода 20-30 метр масофа ажратиб туради.

Фото: STRINGER/TASS

Шу сабабли, гувоҳлар орасида снаряд ҳақидаги версия саволлар туғдиради.

ФХХ Ростов областидаги чегара бошқармаси Украина билан чегарани қўриқлаш вазифасини бажаради.

Россия оммавий ахборот воситалари Ростовдаги ёнғин ва Украинага бостириб кириш ўртасидаги боғлиқлик ҳақидаги версияларни илгари сурмаяпти.

Шунга қарамай, Украина президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Михайло Подоляк воқеа юзасидан изоҳ беришни зарур деб ҳисоблади.

«Россияда, айниқса Ростов областида ФХХнинг ҳар қандай ёнаётган ёки портлаган биноси ваҳима намоён бўлиши ва ҳокимият томонидан вазият устидан назоратнинг заифлашишини аниқ кўрсатмоқда. Украина бунга аралашмайди», деб ёзди у ижтимоий тармоқда.

Мавзуга оид