Ўзбекистон | 12:20 / 16.03.2023
9176
2 дақиқада ўқилади

«Заковат» клуби президенти Абдурасул Абдуллаев фуқароларни референдумга бефарқ бўлмасликка чақирди

У таълимга, илмга жиддий эътибор қаратилсагина жамият ривожланиши, муаммоларнинг ечимини фақат таълим ва илмда кўришини айтади.

Фото: KUN.UZ

«Заковат интеллектуал клуби» ННТ президенти Абдурасул Абдуллаев «Заковат» клуби аъзолари, билимдонлар ва билимга беэътибор бўлмаган инсонларга мурожаат билан чиқиб, уларни референдумга бефарқ бўлмасликка чақирди.

А.Абдуллаев сўнгги йилларда «Заковат» Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида ёшидан, жинсидан касби-коридан қатъи назар юз минглаб инсонларни илм йўлида бирлаштирганини эътироф этар экан, бу ишларни йигирма йил кутганини айтади.

«Таълим устуворлигини эса қонунларда қатъий белгилаб қўйишимиз керак. Ҳуқуқий асосини яратиб олишимиз зарур. Айниқса, ҳозир Ўзбекистон конституцияси янгиланаётган пайтдан фойдаланиб қолмоғимиз керак. Бу ниҳоятда муҳим, келажагимизни белгилайдиган ҳужжат. Шу сабабли сизларни референдумда фаол иштирок этишга чорлаб қоламан», дейди «Заковат» клуби президенти ўз мурожаатида.

Маълумот учун, «Заковат» интеллектуал ўйинлари юртимизда 2000 йиллар бошидан буён ўйнаб келинади. Дастлаб телекўрсатув сифатида пайдо бўлган ўйин кейинчалик ёшлар орасида оммалашиб, ўзининг атрофига минглаб билимдонларни тўплади.

2022 йилга қадар клуб билимдонларнинг шахсий маблағлари ҳамда ҳомийларнинг ёрдами билан фаолият юритиб келган.

2022 йил 21 январ куни Президент «Заковат» интеллектуал ўйинини аҳоли ўртасида оммавий-маърифий ҳаракатга айлантириш ва бошқа интеллектуал ўйинларни ривожлантиришга оид қарорни имзолади. Қарор билан мамлакатда интеллектуал ўйинларни оммалаштириш мақсадида бюджетдан биргина 2022 йил учун 50 млрд сўм маблағ ажратилди.  

Мавзуга оид