Жаҳон | 21:19 / 19.03.2023
44215
10 дақиқада ўқилади

«Узун пичоқлар кечаси». Ҳитлернинг мутлақ ҳокимият йўлидаги биринчи қонли «тозалаш» операцияси

1934 йилнинг 30 июн ва 1 июл кунлари Германияда Ҳитлер бошчилик қилувчи Миллий-социалистик немис ишчилар партияси (МСНИП) ичида «тозалаш» ўтказилади. Партиянинг ҳарбийлашган қанотларидан бири бўлган СА (Sturmabteilung) — ҳужум отрядлари раҳбарлари Ҳитлерга қарши фитна тайёрлаш гумони билан қирғин қилинади. Ҳитлер СА раҳбари, ўзининг эски қадрдони, унинг ҳокимиятга келишида катта ёрдам берган Эрнст Рёмга ҳам шафқат қилмайди.

Ҳитлер ва Эрнст Рём

Рейхсвер ва СА зиддияти

СА (ҳужум отрядлари) тузилмаси 1921 йилда Миллий-социалистик немис ишчилар партиясининг ҳарбий қаноти сифатида тузилган эди. Улар 1923 йил Ҳитлер ўтказган «Пиво исёни»да асосий куч бўлган ва бунинг ортидан бироз вақт тақиққа ҳам учраган.

СА Ҳитлер 1933 йил рейхсканцлер этиб тайинланишида ҳам муҳим ўрин тутган. Ўша пайтдаги Германия президенти Паул вон Ҳинденбург рейхсвер (мамлакат армияси) ва СА ўртасида фуқаролар уруши келиб чиқмаслиги учун ҳам Ҳитлер рейхсканцлер лавозимини эгаллашига рози бўлади. Чунки бу вақтга келиб СА таркибида деярли 3 миллионга яқин аъзо бор эди. Рейхсверда эса Версал тинчлик шартномаси талаблари туфайли 100 мингдан ортиқ аскар бўлмаслиги керак эди. Шу туфайли Ҳинденбург Ҳитлерга ён берганди.

Ҳитлер рейхсканцлер лавозимни эгаллаган бўлса-да, ҳали мамлакатда мутлақ ҳукмдор эмасди. У ўз партияси ичида ҳам мутлақ диктатурага эга бўлмаган. СА раҳбари Эрнст Рём анча консерватив руҳдаги ҳарбий бўлиб, Ҳитлерга бу ёқмаган. Ўз навбатида Рём ҳам Ҳитлерга босим ўтказишга ҳаракат қилган.

CA отряди

Рейхсканцлер бўлгач Ҳитлер СА ва рейхсверни бирлаштиришга қарор қилади. У ҳали ҳокимиятда мустаҳкам ўрнашмагани учун мудофаа вазири Вернер фон Бломберг билан яқинлашишга ҳаракат қилади ва бирлашган армия бош штаби раҳбарлигини унга беришни ваъда қилади.

Рёмнинг эса бу борада алоҳида режалари бор эди. У СА ва рейхсверни бирлаштириб, ягона Миллий-социал халқ армияси ташкил қилмоқчи ва унга ўзи раҳбарлик қилмоқчи эди. Табиийки, рейхсвер генералларига бу ёқмасди.

Ҳитлер рейхсвер генераллари ва СА зобитларини яраштиришга ҳаракат қилади. Аммо натижа чиқмайди.

Бу пайтда анча консерватив бўлган СА отрядларида Ҳитлердан норозилик кайфияти кучайиб боради. Рём бундан фойдаланиб, Ҳитлерга босим ўтказишга интилади.

Чапдан ўнгга: Ҳенриҳ Ҳиммлер Ҳитлер Эрнст Рём

Рём Ҳитлердан ҳокимиятни тортиб олмоқчи эмасди, у шунчаки фюрерга босим ўтказиш орқали уни консерватив ислоҳотлар амалга оширишга мажбур қилмоқчи эди.

Бироқ Ҳитлернинг атрофидаги одамлар, жумладан рейхсвер раҳбарияти, Ҳерман Геринг, СС бошлиғи Ҳенрих Ҳиммлер ва бошқалар фюрерни СА ўзбошимчалигига барҳам беришга ундайди. Улар Ҳитлерни СА давлат тўнтариши уюштиришга тайёрланаётганига ишонтиради.

Бу даврда ҳақиқатан ҳам социалистлар орасида Ҳитлер инқилобни тўлиқ амалга ошира олмагани ва социалистик ғояларга хиёнат қилгани айтилаётган эди. Гитлер эски қадрдонидан шубҳалана бошлайди.

СА аслида ҳам кераксиз тузилмага айланганди. Рейхсвер энди Ҳитлер қўлига ўтган, партиянинг эса бошқа ҳарбий қаноти — СС (ҳимоя отрядлари) бор эди.

Шу тариқа, 1934 йил апрелдан СА олий раҳбариятига қарши фитнага ҳозирлик кўрила бошланади.

«Узун пичоқлар кечаси»

Мамлакатдаги энг йирик ҳарбийлашган тузилма билан курашиш учун жиддий тайёргарлик кўрилади. СА билан душманлик муносабатида бўлган рейхсвер офицерлари СС бўлинмаларини қурол-яроғ билан таъминлайди. СС Бавария, Берлин, Силезия ва Саксонияда асосий тўқнашувлар бўлишини тахмин қилади ва ушбу ҳудудлардаги аскарлар сонини кўпайтиради.

4 июн куни Ҳитлер ва Рём ўртасида бир неча соатлик мулоқот бўлиб ўтади. Шундан сўнг СА раҳбари 1 июлдан бошлаб барча СА отрядлари бир ойлик таътилга чиқишини эълон қилади. Рёмнинг ўзи ҳам соғлигини тиклаш учун Бавариядаги Бад-Визсе қишлоғига йўл олади. Рейхсвер раҳбарияти буни Рёмнинг мағлубияти сифатида қабул қилади.

Эрнст Рём ва СА зобитлари

Ҳитлер ушбу келишувдан сўнг анча тинчлангандек бўлади, лекин Германия консерватив буржуазияси собиқ император Вилгелм II’нинг ўғли, СА зобити шаҳзода Август Вилгелмни рейхпрезидентликка тайинлашга ҳаракат қилаётгани ва СА билан ҳамкорлик қилмоқчи экани уни охирги қарорни қабул қилишга мажбур қилади. Ҳинденбург вафотидан сўнг президентлик лавозимини эгаллаб мутлақ диктаторга айланмоқчи бўлган Ҳитлер рақибларидан бирданига қутулишга қарор қилади.

28 июн куни Ҳиммлер Ҳитлерга СА тез орада бутун мамлакат бўйлаб исён кўтариши ҳақида ёлғон хабар беради.

Ҳитлер фон Бломбергга СА’нинг барча раҳбарларини Бад-Висзеда йиғишини айтади. Кейин Рёмга қўнғироқ қилиб СА аъзолари Рейн ерида хорижлик дипломатларга қўпол муомала қилганини айтиб, барча СА зобитларини Бад-Висзега тўплашни буюради.

Учрашув 30 июн кунига белгиланади. Унда СА тузилмасининг барча обергруппенфюрер, группенфюрер ва инспекторлари қатнашиши керак эди.

29 июн куни рейхсвер ва барча СС отрядларида «жанговар тревога» эълон қилинади.

Ҳитлер 30 июн куни тунги соат иккида Мюнхен аэропортига келиб қўнади. У фюрерни кутиб олиш учун чиққан МСНИП ва СА аъзолари олдидан ўтиб, рейхсвернинг икки зобити ҳамроҳлигида йўлга чиқади.

Ўшанда у шундай дейди: «Бу менинг ҳаётимдаги энг қора кун. Аммо мен Бад-Висзега бориб энг қаттиқ ҳукмни чиқараман, генерал Адамни чақиринг».

Тонгги соат 6:30 да Ҳитлер Бад-Висзе пансионатига етиб келади ва Рёмни шахсан ўзи ҳибсга олади. Пансионатдаги барча СА зобитлари қўлга олинади ва қамоқхонага юборилади.

Ҳитлер пансионатдан чиқаётган пайт операциянинг энг кульминацион нуқтаси содир бўлади. Пансионатга Мюнхендан ичида Рёмнинг шахсий қўриқчилари бўлган бир нечта юк машиналари келади. Қўриқлов гуруҳи — «штабсвахе» Рёмнинг содиқ аскарлари бўлиб, улар ўз етакчиларини ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳимоя қилишга тайёр эди. Бироқ улар машинадан тушиб, пансионат олдида турган фюрерни кўриб ҳайрон қолишади.

Ҳитлер уларга ортга қайтиб, кейинги буйруқни кутишни буюради, лекин аскарлар озгина нарироққа бориб тўхтайди. Чунки уларга эрта тонгда шахсан фюрер СС зобитлари қуршовида Бад-Висзега келиши жуда ғалати кўринади. Ҳитлер Мюнхенга айланма йўл орқали боришга мажбур бўлади.

Соат 9:00 да Мюнхендан келган қўнғироқдан сўнг «Узун пичоқлар» операцияси бошланади. Ҳиммлер Берлиндаги СС зобитларига қурбонлар номлари ёзилган рўйхатларни тарқатади. Берлин ва бутун мамлакат бўйлаб СА раҳбариятини овлаш бошлаб юборилади.

1 июл куни Рём қамоқда ўзини ўлдиришдан бош тортгач, отиб ташланади. Шу куни кун бўйи ва кечаси билан қирғин давом этади. СА’нинг деярли барча катта зобитлари йўқ қилинади.

Ҳитлер СА’га қарши операциядан сиёсий душманларини йўқ қилиш учун ҳам фойдаланади. Жумладан, Ҳитлердан олдинги рейхсканцлер, Веймар республикасининг сўнгги ҳукумати раҳбари Курт фон Шлайхер хотини билан бирга ўз уйида отиб ташланади.

Шунингдек, Ҳитлернинг партиядаги асосий рақиби, партия асосчиларидан бири бўлган Грегор Штрассер ҳам СА’га алоқадорликда айбланиб ўлдирилади.

Ҳитлер ва Грегор Штрассер

Нега «Узун пичоқлар»?

Операциянинг бундай номланиши қадимги Британия тарихи билан боғлиқ. Британия оролида яшовчи бритт қабилалари пикт ва скотт қабилаларига қарши курашиш учун германларнинг ют ва сакслар қабилаларини ёрдамга чақиради. Бироқ сакслар уларнинг ўзларига хиёнат қилганидан хабар топгач, бриттлар катта зиёфат уюштиради ва унга барча сакс етакчиларини таклиф қилади. Сакс қабилалари бошлиқлари базмга келгач, бриттлар дастурхонга қўйилган узун пичоқлар билан уларнинг барчасини ўлдиради. Шундан сўнг «узун пичоқлар» ибораси хоинларни қирғин қилиш маъносида ишлатила бошланади.

Немис ҳарбийлари ҳам СА Ҳитлер ва партияга хиёнат қилган деган даъво билан операцияга шундай ном беради. «Узун пичоқлар туни» тугагач Геринг ушбу операцияда қатнашган СС зобитларига мукофот сифатида узун пичоқларни топширади.

Узун пичоқлар кечасига атаб чизилган карикатура. Ундаги қадимги бритт жангчиси узун пичоқлар анъанаси бриттларга бориб тақалашига боғлиқ

Қурбонлар ва операциянинг аҳамияти

«Узун пичоқлар туни» ёхуд «колибри» операцияси давомида икки юздан зиёд СА офицерлари, яна юзлаб сиёсий мухолифат вакиллари йўқ қилинади. Парижда чоп қилинган журналларда бу сон 400 дан ортиқроқлиги айтилади.

1946 йил, фашистлар қулаганидан сўнг очиқланган маълумотларга кўра эса «Узун пичоқлар туни»да мингдан ортиқ немис ўлдирилган, хусусан партиянинг СА’га умуман алоқаси бўлмаган кўплаб аъзолари ҳам.

СА отрядлари шахсий таркибининг катта қисми рейхвсер таркибига ўтказилади. Қолган қисми эса милиция ва қўриқлаш ишлари билан шуғуллана бошлайди. СА амалда йўқ қилиниши билан СС ва унинг раҳбари Ҳенрих Ҳиммлернинг обрўси анча ошади. СА ўрнига СС партиянинг асосий қуролли таянчига айланади.

Германия ички ишлар вазирлиги ушбу қирғинни давлат манфаатлари йўлида қилинган қонуний ҳаракат деб атайди ва Рейхстаг ҳам буни маъқуллайди.

«Узун пичоқлар кечаси» Ҳитлернинг ўз тарафдорлари орасида ўтказган илк қонли «тозалаши» эди. Операциядан сўнг у партияда мутлақ ҳукмронликка эришади. Тез орада кекса президент Ҳинденбург вафот этгач эса президентлик курсисини ҳам эгаллайди ва мутлақ диктаторга айланади.

Мавзуга оид