Жаҳон | 12:07 / 20.03.2023
10162
2 дақиқада ўқилади

Шимолий Корея «ядровий жавоб зарбаси» бўйича машқлар ўтказди

Шимолий Корея Жанубий Корея ва АҚШнинг қўшма манёврлари фонида ракеталар учириш ва ҳарбий машқларни давом эттирмоқда.

Фото: Picture Alliance

Шимолий Кореяда икки кунлик ҳарбий машғулотлар бўлиб ўтди, унда мамлакат армияси «ядровий жавоб ҳужуми» амалиётини ўтказди, деб хабар бермоқда 20 март, душанба куни КХДР ОАВларига таяниб, AFP агентлиги.

Машқлар 18 ва 19 март кунлари бўлиб ўтди. Манёврлар давомида «сохта ядро каллаги билан жиҳозланган тактик баллистик ракетанинг учирилиши» ҳам амалга оширилган. Жанубий Корея Бош штаби маълумотларига кўра, КХДР томонидан учирилган қисқа масофали ракета денгизга қулаган.

Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин «тегишли ташкилотларни тактик ядровий зарба бериш топшириғини бажариш тартиби ва жараёнлари билан таништириш» мақсадида ўтказилган машғулотдан мамнунлигини билдирди», — дейилади давлат ахборот агентлиги хабарида.

AFP маълумотларига кўра, КХДР ўқув машғулотлари сўнгги ҳафтадаги тўртинчи «куч намойиши» бўлди ҳамда Жанубий Корея ва АҚШнинг 13 мартда бошланган қўшма манёврлари фонида бўлиб ўтди. Икки давлатнинг сўнгги беш йилдаги энг йирик ҳарбий машғулотлари 23 мартгача давом этиши кутилмоқда.

«Озодлик қалқони» деб номланган машқлар доирасида Вашингтон ва Сеул КХДР томонидан эҳтимолий ҳужумни қайтариш сценарийларини ишлаб чиқмоқда. Пхенян машғулотларни Шимолий Кореяга бостириб киришга тайёргарлик сифатида кўради ва бир неча бор «кучли жавоб» билан таҳдид қилди, дея эслатади AFP. 17 март куни Шимолий Корея «Хвасон-17» қитъалараро баллистик ракетасини синовдан ўтказди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид