20 йил муқаддам, 2003 йил 20 мартида АҚШнинг Ироққа босқини бошланганди. Америкалик ҳарбийлар бу мамлакатда иккита кампания ўтказишди ва бу ерни фақат 2021 йилга келиб тўлиқ тарк этишди.
2003 йил 21 март. Бағдод. Ироқдаги амалиётнинг дастлабки кунларида коалиция ҳарбий ҳаво кучлари пойтахтни кенг кўламда бомбардимон қилади. Ҳаво зарбалари ҳукумат бинолари, муҳим инфратузилма объектлари, шунингдек Саддам Ҳусайн, унинг оиласи ва Ироқ раҳбарияти яширингани тахмин қилинган бункерларга берилади.
Фото: Jerome Delay / AP / Scanpix / LETA
АҚШ бошчилигидаги халқаро коалиция кучлари Ироққа бостириб кирганига 20 йил бўлди. Мазкур амалиётнинг асосий мақсадлари Саддам Ҳусайн диктатурасини ағдариш ва Ироқда демократик институтлар ўрнатиш бўлганди.
Саддам Ҳусайн ҳукумати бир ойдан кўпроқ вақт ичида ағдарилади: президент кичик Жорж Буш 2003 йил 1 май куни ғалаба ҳақида эълон қилади.
2005 йил баҳорида Ироқда хавфсизлик чоралари кучайтирилган шароитда сўнгги ярим асрдаги илк кўп партиявий парламент сайловлари ўтказилади. 2006 йил майида Ироқда Нури Маликий раҳбарлигидаги илк мунтазам ҳукумат иш бошлайди.
Аммо исёнчиларга қарши кураш узоқ давом этади, фақат 2011 йил 15 декабрига келиб АҚШ Ироқ ҳарбий кампанияси якунлангани ҳақида расман эълон қилади ва Америка контингенти ушбу мамлакатдан олиб чиқилади. 2014 йилда эса АҚШ армияси яна қайтади — бу сафар ИШИДга қарши кураш олиб бориш учун.
АҚШ президенти Жо Байден ва Ироқ бош вазири Мустафо ал-Козимий 2021 йил ёзида америкаликларнинг Ироқдаги жанговар миссияси бутунлай якунлангани ҳақида эълон қилишади.
Сўнгги 17 йил мобайнида Ироқда ҳалок бўлганларнинг аниқ сони маълум эмас — аммо, энг консерватив баҳоларга кўра, Америка ҳарбий амалиётининг дастлабки уч йилининг ўзида камида 100 минг киши қурбон бўлган. Тўрт миллиондан ортиқ ироқлик ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган. 2003 йилдан 2011 йилга қадар коалициянинг 4799 нафар ҳарбий хизматчиси ўлдирилган, шундан 4,4 мингдан ортиғи америкаликлар бўлган. Ироқ урушини ёритиш билан шуғулланган журналистлардан камида 136 нафари ҳалок бўлган.
Қуйида Американинг Ироқдаги икки амалиёти акс этган асосий фотосуратлар.
2003 йил 25 март. Ироқнинг Карбало шаҳри атрофидаги саҳро. Ироқдаги амалиётнинг илк даврида қуруқликдаги ҳарбий ҳаракатларда АҚШ армиясининг 3-пиёдалар дивизияси ҳам иштирок этганди. Ироқ пойтахтидан тахминан 100 километр масофадан бошланган зирҳли техникалар колоннаси марши маълум вақт саҳро бўрони туфайли тўхтаб қолганди. 9 апрел куни 3-пиёдалар дивизияси денгиз пиёдалари билан бирга биринчилардан бўлиб Бағдодга киради.
Фото: John Moore / AP / Scanpix / LETA
2003 йил 9 апрел. Бағдод. Пойтахт жангсиз эгалланади. Ҳусайннинг ҳайкали ағдарилиши мамлакатдаги ҳокимият алмашуви рамзи сифатида шу куни бутун дунё телеканалларида намойиш этилади. Ўшанда бир гуруҳ ироқликлар бутун дунёдан келган журналистлар яшайдиган меҳмонхона қаршисидаги майдонга ўрнатилган ҳайкални ағдаришга киришади, аммо якунда уни трактор олиб келган америкалик ҳарбийлар буткул қулатишга эришади. Бу ҳайкал Бағдодда Саддам Ҳусайнга ўрнатилган энг асосий ёдгорлик эмасди, лекин у хорижлик журналистлар яшаётган меҳмонхона яқинида жойлашганди ва унинг снос қилиниши амалиётнинг ушбу фазаси рамзига айланади. 2003 йил апрелида Бағдодда ишлаган журналист Питер Маас шу кунги воқеалар ривожини 2011 йилда The New Yorker нашрида чиққан мақоласида батафсил тасвирлаган.
Фото: Goran Tomasevic / Reuters / Scanpix / LETA
2003 йил 1 май. Тинч океани. АҚШ президенти Жорж Буш «Авраам Линкольн» авиаташувчиси палубасида нутқ сўзламоқда. «Асосий жанговар амалиёт якунланди, — дея эълон қилган Буш. — Қўшма Штатлар ва бизнинг иттифоқчиларимиз Ироқ учун жангда ғолиб чиқишди». Буш Ироқда «ҳали кўп иш қилиш кераклиги», аммо «ҳал қилувчи палладан ўтилгани»ни қўшимча қилади.
Фото: J. Scott Applewhite / AP / Scanpix / LETA
2003 йил 31 май. Ал-Мусайиба шаҳри атрофи, Ироқ. Ҳусайн бошқаруви даврида ўлдирилган шиаларнинг оммавий қабридан эксгумация қилинган жасад қолдиқлари. Ал-Мусайиба атрофидаги биродарлик қабристонида 650 дан ортиқ киши кўмилгани маълум бўлган.
Фото: Marco Di Lauro / Getty Images
2003 йил 16 сентябр. Тикрит, Ироқ. Америкалик ҳарбийлар Ҳусайннинг саройларидан бирида бейсбол ўйнамоқда. Қароргоҳнинг бир қисми талон-торож қилинган, сақланиб қолган ҳашаматли интерьерлар фото ва видеолари бутун дунё бўйлаб матбуотда нашр этилганди.
Фото: Arko Datta / Reuters / Scanpix / LETA
2003 йил 14 декабр. Саддам Ҳусайн коалиция қўшинлари Бағдодга кирганидан саккиз ой ўтиб Тикрит атрофида қўлга олинади. Эскирган кийимдаги, соч ва соқоллари ўсиб кетган кўринишдаги Ироқнинг собиқ президентини бир қарашда таниш қийин эди. Ҳусайнни инсониятга қарши кўплаб жиноятларда, шиа ва курдларни ёппасига қатл эттиришда, шунингдек 1990 йилда Кувайтга ҳужум қилишда айблашади. Ҳусайн ва унинг ҳукуматининг қўлга тушган аъзоларига қарши ишни кўриб чиққан трибунал 2005 йилда Ироқ собиқ президентини ўлим жазосига ҳукм этади. Ўзига қўйилган айбларни тан олмаган Ҳусайн 2006 йил 30 декабрида осиб ўлдирилади.
Фото: US Military / AP / Scanpix / LETA
2004 йил 31 март. Фаллуда, Ироқ. АҚШ ҳукумати билан шартнома асосида ишлаган Blackwater хусусий қўриқлов компанияси ходимлари Фаллужада исёнчилар томонидан ўлдирилади; уларнинг жасадлари таҳқирланади ва Фрот дарёси орқали ўтган кўприкка осиб қўйилади. Америка ҳарбийлари Blackwater ходимлари қатлига қатъий жавоб қайтаради ва Фаллужа штурм қилиб эгалланади. Қурбонларнинг яқинлари Blackwater компаниясини ходимларни етарли даражада тайёрламасдан Фаллужага юборишда айблайди. 2007 йил сентябрида Blackwater ходимлари Бағдод марказида отишма уюштириб, тинч аҳоли вакилларидан 17 кишини ўлдиради ва 20 га яқин кишини яралайди. Ўшанда Ироқ ҳукумати Blackwater’нинг мамлакатдаги фаолияти тўхтатилишини талаб қилиб чиқади.
Фото: Khalid Mohammed / AP / Scanpix / LETA
2003 йил 12 декабр. Абу-Грейб қамоқхонаси маҳбуси итга талатилмоқда. Абу-Грейбда қийноқлар қўллангани бўйича 11 нафар ҳарбий хизматчига, жумладан икки аёлга айблов эълон қилинади. Улар бир неча ойдан бир неча йилгача бўлган муддатларга озодликдан маҳрум этилади. Абу-Грейбдаги барча маҳбуслар бошқа қамоқхоналарга кўчирилади.
Фото: AP / Scanpix / LETA
2003 йил 4 ноябр. Абу-Грейб қамоқхонаси, Ироқ. Ҳусайн даврида қурилган Абу-Грейб қамоқхонасида америкалик ҳарбийлар коалицияга қарши жиноятларда айбланган маҳбусларни сақлашарди. 2004 йилда маҳбусларни қийноққа солиб, таҳқирлаб келишлари маълум бўлади. Ҳарбийлар қийноққа солиш жараёнларини суратга олишади, ўзлари ҳам таҳқирланаётган одамлар фонида суратга тушишади. Юқоридаги суратда Абу-Грейбдаги маҳбуслардан бири Абду Ҳуссейн Саад Фалоҳ акс этган. Абу-Грейбдаги қийноқлар АҚШ ҳудудида ва ундан ташқарида ҳам кўплаб текширувлар олиб борилишига сабаб бўлади.
Фото: Criminal Investigation Command / U.S. Army / Wikimedia Commons
2004 йил 11 май. Абу-Грейб қамоқхонаси маҳбусларининг яқинлари. Абу-Грейбдаги қийноқлар ҳақида маълум бўлгач, бу ерда сақланаётган тўрт ярим минг маҳбуснинг барчаси бошқа қамоқхоналарга ўтказилади. Бу фото муаллифи, германиялик Аня Нидрингаус бошқа фотографлар билан биргаликда Ироқдаги урушни ёритгани учун Пулитцер мукофотини олган. 2014 йилда у Афғонистонда ҳалок бўлади, унинг автомобили полициячи формасидаги террорчи томонидан ўққа тутилганди.
Фото: Anja Niedringhaus / AP / Scanpix / LETA
2004 йил 8 август. Бағдод. «Маҳди армияси» аъзолари америкаликлар вертолёти дум қисми парраги билан. Радикал шиалар етакчиси Муқтадо ас-Садр бошқарган «Маҳди армияси» 2004 йилда бир неча ой мобайнида Бағдоднинг бир қисмини назорат қилади. Ас-Садрнинг тарафдорлари америкаликлар вертолётини уриб туширишганини даъво қилишади. Америка қўмондонлиги эса фавқулодда қўниш рўй бергани, икки учувчи ҳам омон қолгани ва хавфсизликда эканини маълум қилади.
Фото: Thaier Al-Sudani / Reuters / Scanpix / LETA
2004 йил 22 ноябр. Фаллужа, Ироқ. Фаллужанинг штурм қилиниши америкалик ҳарбийлар Ҳусайн режими ағдарилганидан кейин ўтказган энг йирик амалиёт бўлади. Исёнчилар таянчи бўлган бу шаҳарнинг эгалланиши январ ойида, Ҳусайнсиз ўтказиладиган илк сайловлар арафасида Ироқдаги вазиятни барқарорлаштиришига умид қилганди. Аммо сайловлар кўп сонли терактлар, жумладан худкушлар ҳужумлари билан кечади; жангариларнинг ҳужумлари яна узоқ йиллар давом этади.
Фото: Scott Peterson / Getty Images
2005 йил 23 феврал. Бағдод. Америкалик ҳарбийлар пойтахт атрофида патруллик қилмоқда. Ироқ ҳарбийлари ва полициясини ўқитиш (кейинроқ хавфсизлик назоратини уларга топшириш учун) Ироқдаги Америка контингентининг кампания бошланганидан кейинги дастлабки йиллардаги асосий вазифаларидан бири бўлганди.
Фото: Joe Raedle / Getty Images
2005 йил 18 январ. Тал Афар, Ироқ. Беш ёшли Самар Ҳассан — ота-онаси ҳарбийлар томонидан ўлдирилганидан кейин. Улар тасодифан америкаликлар патрули машинасига яқинлашиб келган ва тўхташ тўғрисидаги буйруққа бўйсунмаган. Самарнинг 11 ёшли акаси оғир жароҳатланади, унинг танасининг пастки қисми фалаж бўлиб қолади. Болани АҚШда даволашади. Бу сурат муаллифи — америкалик фотограф Крис Ҳондрос — 2011 йилда Ливияда Америка ҳарбийлари иштирок этган бошқа бир кампания чоғида ҳалок бўлади. Бу кадр World Press Photo (2006) танловида «Тезкор янгиликлар» тоифасида иккинчи ўринни қўлга киритади.
Фото: Chris Hondros / Getty Images
2005 йил 30 январ. Басра, Ироқ. Полициячи ногирон киши сайлов участкасига келган эшак аравани текширмоқда. Саддам Ҳусайн режими ағдарилганидан кейин Ироқда ўтказилган илк сайловлар бутун мамлакат бўйлаб терактлар серияси билан бирга кечади, бу портлашлар оқибатида 20 дан ортиқ киши вафот этади. Атеф Ҳассан томонидан олинган бу фото 2005 йилда Reuters талқинига кўра йил сурати деб топилади.
Фото: Atef Hassan / Reuters / Scanpix / LETA
2007 йил 1 феврал. Рамади, Ироқ. Мамлакат ғарбидаги Рамади шаҳри коалиция қўшинларига қаршилик ҳаракатининг асосий таянч нуқталаридан бири эди. Америкалик ҳарбийлар Рамадида исёнчилар билан тўқнашувларда жуда кўп одам йўқотади. Фото тунги кўриш воситаси ёрдамида олинган. Исёнчиларда эса бундай юқори технологик жиҳозлар бўлмаган.
Фото: John Moore / Getty Images
2007 йил 12 феврал. Бағдод. Пойтахтда автомобилга ўрнатилган портловчи қурилма ҳаракатга келтирилиши орқали амалга оширилган теракт жойи. Американинг Ироқдаги кампанияси давомидаги қурбонлар сони бўйича аниқ маълумот йўқ. Турли ҳисоблаш методларига кўра, 2003–2006 йилларнинг ўзида 110 мингдан 650 минггача киши ҳалок бўлган.
Фото: Khalid Mohammed / AP / Scanpix / LETA
2011 йил 13 декабр. Бағдод. Ироқ пойтахтида оёқ учун протезлар ишлаб чиқариладиган корхона. Ҳарбий ҳаракатлар туфайли бундай протезларга талаб кескин ошади. Ироқ соғлиқни сақлаш тизими коалиция операцияси бошлангач амалда бутунлай вайрон бўлганди — кўплаб мутахассислар мамлакатни тарк этишган ёки ҳалок бўлишган.
Фото: Mario Tama / Getty Images
2011 йил 21 ноябр. Бола ва унинг 2006–2008 йилларда сунний ва шиаларнинг қуролли тузилмалари ўртасида ҳукумат қўшинлари ва коалиция кучлари иштирокида кечган ҳарбий ҳаракатлар чоғида қотиллик содир этишда айбланган отаси. Бу йилларда Ироқда яна минглаб кишилар ҳалок бўлиб, тўрт миллиондан ортиқ киши ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлганди.
Фото: Saad Shalash / Reuters / Scanpix / LETA
2015 йил 23 июл. Бағдод. АҚШ мудофаа вазири Эштон Картер ироқлик ҳарбийларни ўқитиш жараёнини кузатмоқда. Қўшма Штатлар бир неча бор Ироқдаги муҳим вазифалардан бири — маҳаллий ҳарбийлар ва полициячиларни мамлакат хавфсизлигини мустақил таъминлай олишга тайёрлаш ҳисобланишини маълум қилганди.
Фото: Carolyn Kaster / Getty Images
2014 йил 23 июн. Мўсул, Ироқ. ИШИД жангарилари ҳукумат кучларидан тортиб олинган зирҳли техникада. ИШИДнинг кучайиши ва маълум вақт мобайнида Ироқнинг катта қисмини ўз назоратига олиши Америка контингентини ушбу мамлакатга қайтарганди.
Фото: AP / Scanpix / LETA
2017 йил 9 июл. Коалиция авиацияси Мўсулга юришни ҳаводан қўллаб-қувватламоқда. Бундай авиазарбалардан бири оқибатида шаҳарда тинч аҳоли вакиллари бўлган 100 дан ортиқ киши ҳалок бўлган.
Фото: Ahmad al-Rubaye / AFP / Scanpix / LETA
2017 йил 11 март. Ироқ ҳарбийлари ва ИШИД кучлари ўртасида Мўсул учун кечган жанг. Ҳарбий ҳаракатлар 2016 йил 24 мартидан 2017 йил 10 июлига қадар давом этади. Якунда Ироқ қўшини ва унинг иттифоқчилари мамлакатнинг иккинчи йирик шаҳрини назоратига қайтаради. ИШИД Мўсулни 2014 йилда эгаллаб олган ва бу ерни ўз пойтахтига айлантирганди.
Фото: Thaier Al-Sudani / Reuters / Scanpix / LETA
2019 йил 31 декабр. «Ал-Ҳашд аш-Шааби» («Халқ сафарбарлик кучлари») — Ироқда ИШИДга қарши курашган шиаларнинг йирик айирмачи гуруҳи аъзоларининг АҚШнинг Бағдоддаги элчихонаси олдидаги норозилик акцияси. Акция Америка самолётлари айирмачилар лагерига зарба йўллаши ортидан ўтказилган.
Фото: Thaier al-Sudani / Reuters / Scanpix / LETA
2007 йил 27 май. Арлингтон миллий қабристони, АҚШ. Мэри Макҳю қаллиғи — Ироқда қўлбола портловчи қурилма ҳаракатга келтирилиши оқибатида ҳалок бўлган сержант Жеймс Риганнинг қабри устида. Риган «60-участка»да — қабристоннинг Ироқ ва Афғонистонда ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар учун мўлжалланган қисмида дафн этилган. АҚШ мудофаа вазирлигига кўра, 2003 йилдан 2013 йилга қадар Ироқда 4424 нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлган.
Фото: John Moore / Getty Images
2021 йил 21 июл. Нажаф, Ироқ. Шиалар учун муқаддас саналган Нажаф шаҳридаги Вади ас-Салом қабристони. Фотосуратда қабристоннинг ҳарбий ҳаракатлар иштирокчилари дафн этилган ҳудуди акс этган. 2003 йилдан қабристон майдони сезиларли даражада кенгайган, жумладан ИШИДга қарши жангларда ҳалок бўлганларнинг қабрлари ҳисобига ҳам. Америка ҳарбий контингенти ИШИДга қарши курашдаги уч йиллик танаффусдан кейин 2014 йилда Ироққа яна қайтарилади.
Фото: Ali Najafi / AFP / Scanpix / LETA
2021 йил 4 июл. Мўсул. АҚШ Ироқдаги кампанияни якунлашга тайёрланмоқда.
Фото: Abdullah Rashid / Reuters / Scanpix / LETA