Жаҳон | 19:59 / 23.03.2023
62607
12 дақиқада ўқилади

Путин учун санкциялардан ҳам оғирроқ ордер: у легитимликка берилган зарба

Ҳаагадаги Халқаро жиноий судининг Россия президенти Владимир Путинни ҳибсга олиш бўйича ордерининг ҳозирда тўғридан тўғри юридик оқибатлари рўй бергани йўқ, бироқ аллақачон дипломатик оқибатлар бўй кўрсата бошлади.

Фото: Алексей Никольский / AP / Scanpix / LETA

ХЖС қарори ҳозирнинг ўзида АҚШ ва Европа билан алоқаларига путур етиб бўлган Россиянинг Ғарбдан бўлмаган давлатлар билан яқинлашувини қийинлаштиради. Ордер президентнинг ўз аппарати билан муносабатларига ҳам таъсир қилади: агар Ғарб санкцияларидан сўнг чекловлардан юқори турган Путин санкцияга тушган қўл остидагилар нима қилишини кузатган бўлса, энди атрофидагилар давлат раҳбари билан нима бўлишини кузатмоқда.

Буларнинг бари Россия президентига қандай таҳдид қилиши борасида халқаро тинчлик бўйича Карнеги фонди катта илмий ходими Александр Баунов фикр юритди.

* * *

Роппа-роса тўққиз йил муқаддам Россия элитаси санкциялар остига тушишдан қочувчилар ва ва санкцияга тушишни истовчиларга бўлинди. 2014 йил мартида ғарб ҳукуматлари ва институтлари Қрим аннексияси билан боғлиқ шахсларга қарши илк персонал санкциялар рўйхатини эълон қилди. Ўшанда бу қадам Россия раҳбариятини Путинни фалокатли хатолардан қайтариши мумкин бўлган нисбатан соғлом ва токсик активга бўла олмаган эди.

Ҳаагадаги халқаро жиноят суди Владимир Путинни ҳибсга олиш учун ордер бериб масалага бошқача йўл билан ёндашмоқда. Ғарб ҳукуматларининг санкция стратегияси пастдан тепага қараб йўналган эди, суд эса ўз стратегиясини тепадан пастга қараб қурмоқда.

Санкция келтирган бўлиниш

2014 йилги санкция рўйхатлари бошқа давлат ҳисобига чегараларни кенгайтириш учун жазолаш вазифаси билан бирга Путин сиёсати учун номенклатуравий посанги яратишга қаратилган эди. Лекин ўшандаёқ Россия юқори доираларида Путинни ўз ҳиссиётлари ва истакларига қарши ўлароқ ҳаракат қилишга мажбурлаш учун куч ва воситалар жуда кам эди.

Натижада, Ғарбда обрў-эътибори яхшироқ, санкциялар остига тушиш имконияти камроқ бўлган юқори доира вакиллари шунчаки ёқимсиз даврларни кутиш билан ўтказиб, ўзининг одатдаги ишлари билан шуғуллана бошлашди. Санкция остига тушганлар эса Ғарб томонидан «пешонасига суртилган қора куя»ни Россия ичида ажралиб турувчи нишонга — Россия номенклатураси ичида рақобат устунлигига айлантиришга ҳаракат қилишди. Санкциялар остида эканлиги фактининг ўзини улар душманлар томонидан берилган «Путин ва унинг режимига садоқат сертификати», эвазига шахсий комфорт қурбон қилинган ватанпарварлиги кафолати сифатида тақдим эта бошлашди.

Бундай ҳолатларда одатий тарзда бўлганидек, биринчи гуруҳга жаҳон иқтисодиётига чуқур интеграциялашган функционерлар, ҳар қандай режим: хоҳ у диктаторлик бўлсин, хоҳ либерал — компетенцияларга эга технократлар мансуб эди. Иккинчи тоифадан асосий товари раҳбариятга садоқат бўлганлар: ғарбга қарши унсурлар, постсовет носталгияси, консерватив диний тус олган риторикага эга бўлганлар жой ола бошлади.

Уларнинг айримлари Путин ва Россия аҳолисида санкция остига тушмаганларнинг ватанпарварлиги борасида шубҳа пайдо қилишга ҳам уриниб кўришди. Ғарбни фош қилиш билан бирга Европанинг энг сўлим гўшаларидаги уйларига бориб яшашни биргаликда олиб боришга санкциялар йўл қўймасди. Бошқача айтганда, урушгача бўлган биринчи қисмда биз 2022 йил 24 февралдан сўнг Россияда юз бераётган нарсаларнинг анча эҳтиёткорона шарт-шароитлардагисини кузатдик.

Бу икки стратегия принципал жиҳатдан турлича бўлган иккита карьера инвестицияси эди ва икки турли ташқи сиёсий курс ва турлича давлат риторикасини талаб қиларди. Қрим ва Донбассдан кейинги санкциялар Россия ичидаги олий доираларда Ғарб билан кескин муносабатлардан умумий манфаатларга эга, бу муносабатларни яхшилашга интилувчиларга эса гумон назари билан қаровчи функционерларнинг жипс гуруҳини шакллантирди.

Путиннинг ўзи санкция остида бўлмаган амалдорлар гуруҳига мансуб эди (Ғарб олий даражада мулоқот қилиш учун имконият қолдиришни маъқул кўрган эди), лекин чекловлар остида бўлганларга симпатия билдирарди. Алал-оқибат, президентнинг қарорларини бажариб ва қўллаб улар зиёнда қолишганди, Путин эса бунинг эвазига уларни тезлаштирилган карьера ва ортиқча эътибор билан сийлашга тайёр эди.

Даражаси пастроқ инсонлар ҳам санкциялардан раҳбарият ва давлат аппарати билан муносабатларда фойдаланишга уринди: «санкция уруши ветеранлари ва ногиронлари»га карьеравий ва моддий компенсация назарда тутилган, буни рад этганлар чинакам ватанпарварларга қарши чиқаётганлар, деб баҳоланади. Умуман олганда, шу пайтгача санкция рўйхатлар шу қадар узайиб кетдики, уларда мавжуд бўлиш бошқа амалдорлар ва компаниялар фонида ажралмай қолди. Банк соҳасида ҳам санкциялардан қочиб қолганлик у ёки бу даражада ноёб ва қимматли актив сифатида баҳолана бошланди, ахир ишлаш ҳам керак-да.

Кузатувчилар ва кузатувчи

Бирданига президентни ҳибсга олиш учун ёзилган ордер Россия олий доирасидаги шубҳалар билан тўйинган муҳитда Россия элитаси томонидан ўзларини гадой қилиш у ёқда турсин, қамоққа ҳам олиб бориб тиқадиган Путинни тарк этишга таклифнома сифатида ўқилади. Путиннинг атрофида эмас, унга қарши бирлашув учун чақириқ сифатида. Бу ҳолатда агар ордерлар сони ошиб борадиган бўлса, санкциялар билан боғлиқ вазиятлар такрорланиши ҳам мумкин. Бировлар таъқиб хавфидан ҳимоялана бошлайди, бошқалари эса Путиндан кейин ким ордерни қўлга киритиши бўйича мусобақага киришади.

Бироқ, санкция рўйхати ва Халқаро суднинг ҳозирча калтагина рўйхати ўртасида муҳим бир фарқ бор. Россия номенклатурасига нисбатан санкция рўйхатлари пастдан юқорига қараб қурилган эди. Илк санкциялар муайян ҳаракатлар учун жавобгар дея топилганларга қарши жорий этилган эди: Магнитский ўлими, Қрим аннексияси, Донбассдаги ўша пайтдаги гибрид уруш учун. Энг юқорига — Россия давлати ва ҳукумати биринчи рақамли шахсларига бу рўйхат Россиянинг 2022 йилда Украинага кенг миқёсида бостириб кирганидан сўнг етиб борди. Бу вақтга келиб Россия элитасининг катта қисми санкциялар остида эди, қолганларининг аксарият қисми ҳам тезда бу рўйхатга қўшилди.

Халқаро жиноий суд эса, аксинча, таъқибни энг юқоридан бошлади. Суд бош прокурори Карим Хон Путинга қарши ордерни таассуфли воқеа ва бошқа суриштирувлардаги биринчи қадам деб атади. Бу вертикал, тепадан пасга қаратиб қурилган ёндашув маълум бир шароитларда режим раҳбари ва унинг аппарати ўртасида чизиқ тортиш учун энг яхши восита ҳам бўлиши мумкин.

Ордер билан боғлиқ вазият санкцияларникидан фарқли кўринишга эга. Ўшанда санкциялардан юқори турган Путин ўз атрофидаги санкцияга тушган инсонларга нима бўлишини кузатаётган эди. Энди унинг атрофидагилар унга нима бўлишини кузатади.

Келгусида Россия элитасининг бошқа вакилларга нисбатан ҳибс учун ордерлар ёзилиши ўзининг садоқатли эканини исботлаш учун баҳона ҳам бўлиши мумкин. Бироқ ҳозирча чизиқ ҳали таъқиб остида бўлмаган аппарат ва Путин ўртасида ўтказилган. Ҳозирча у ордернинг бир томонида, унинг атрофидагилар эса бошқа томонда.

Кўп йиллар давомида Милошевичга хизмат қилиб келган давлат аппарати у йиқитилгач, уни дарҳол ушлаб Ҳаагага топширган. Ёки Франсиско Франко томонидан ўз режимини давом эттириш учун қурилган номенклатура уни бузиш учун жон жаҳди билан киришгани, биринчи шахслар кетиши ва уларнинг сиёсат вектори ҳам ўзгаришини ёдга олиш мумкин.

Ташқи сиёсий қийинчиликлар

Россия Хитой ва АҚШ билан бир қаторда Халқаро жиноий суд (ХЖС) юрисдикциясини тан олмайдиган давлатлар сирасига киради, бу борада берилган ордер унинг учун заррача аҳамиятсиз. Путин яқин келажакда ҳеч қандай ордерларсиз ҳам ўзи душман деб биладиган ғарб давлатларига қадам боса олмайди, у хоҳ ХЖС юрисдикциясини тан оладиган Европа бўлсин, хоҳ тан олмайдиган АҚШ.

2022 йилда Россия президенти нафақат иҳоталанишдан чўчиб, ўз хавфсизлигидан ҳам хазир бўлиб Индонезияда ўтган G20 саммитига бормади. Ҳаттоки мамлакат ичида саёҳат қила туриб у самолётлардан кўра махсус зирҳли поездни афзал билмоқда.

Бошқа томондан, Путин агар уни қабул қилишга тайёр ғарбдан бўлмаган давлатлардан бирига боришга қарор қилса, масалан КХШТ аъзоси бўлган Тожикистонга, у ерда маҳаллий ҳукумат томонидан унинг қўлига кишан урилишини тасаввур қилиш қийин. Бу Ғарбдан бўлмаган, ХЖС юрисдикциясини тан оладиган кўплаб давлатларга ҳам тааллуқли.

Лекин Путин учун рухсат берилган нарса, давлат аппаратининг қуйи лавозимидаги шахслар учун имконсиз. Агар уларга ҳам ордер чиқарилса, ХЖС юрисдикциясини тан олувчи мамлакатларда ушланиш ва сўроқ қилиниш хавфи жуда юқори. Путин ҳар қандай давлатга, жумладан, Ғарбдан бўлмаган давлатларга ҳам бир ўзи эмас, каттакон делегация билан йўл олади, ишларнинг катта қисми биринчи шахс иштирокисиз бажарилади.

Ғарб санкциялари Россия номенклатурасининг саёҳат қилиш, кўчмас мулк харид қилиш, халқаро оммавий тадбирларда иштирок этиш имкониятини қаттиқ қисқартирди. Энди Ғарбдан бўлмаган кўплаб давлатлар ҳам хавфли зонага айланиши мумкин. Россия ривожланаётган дунёнинг Ғарбдан норозилигини нечоғлик урғуламасин, уларнинг кўпчилигининг ҳукуматлари ғарб пойтахтлари билан Россияга нисбатан яқинроқ алоқаларга эга. Дунё энди Россия учун янада ёпилади. Россиялик бошлиқлар учун эса бу ўз ходимларини хорижга камроқ қўйиб юбориши учун қўшимча баҳона бўлади.

ХЖС ордери ҳозирча тўғридан тўғри юридик оқибатлар келтириб чиқараётган бўлмаса-да, дипломатик оқибатлар бўй кўрсатмоқда. Айнан ҳозир ХЖС ордери Ғарб ва ривожланган эски Шарқ билан бузилган муносабатлари ўрнига Глобал Жануб билан яқинлашишга ҳаракат қилаётган Москванинг Ғарбдан бўлмаган давлатлар билан муносабатларини қийинлаштиради.

Кремлнинг йирик Ғарбдан бўлмаган суҳбатдошлари — Хитой, Ҳиндистон, Туркия ҳам ХЖСни тан олмайди. Лекин уни Россия ўзини уларга ғарб неомустамлакачилиги учун курашда байроқдор сифатида тақдим этишга уринаётган бутун Африка ва Лотин Америкаси тан олади. Африканинг айрим давлатлари нафақат ХЖСни тан олади, одил судловни амалга ошириш учун жипс ҳамкорлик ҳам қилади.

ХЖС юрисдикциясини тан оладиган Жанубий Африка Республикасида ўтадиган G20 саммитида Путиннинг шахсан иштирок этиш имкониятлари ордергача бўлган даврдан бошқачароқ янграмоқда. Ахир ЖАР Россия Ғарбга қарама-қарши қўйишга ўрганиб қолган БРИКС форматининг аъзоси ҳам, ХЖС юрисдикциясини БРИКСнинг яна бир аъзоси — Бразилия ҳам тан олади.

Диктаторлар доим халқаро алоқалар ва хорижий ҳукуматлар томонидан тан олиниш эвазига легитимликка эришишга ҳаракат қилишади. Мамлакат ичкарисида легитимлик танқислигига дучор бўлган авторитар режим уни халқаро муносабатлар орқали тўлдиришга ҳаракат қилади: қаранглар, бизни кимлар тан олади, бизга кимлар меҳмонга келишади ва бизни кимлар меҳмон қилишдан хурсанд, қабилида.

Франкодан Чаушескугача, Кастродан Путингача исталган диктатура халқаро форматларда ўз иштирокини имкон қадар сезиларли қилишга урингани, ўз доҳийлари ташрифини ташкиллаштириши, хорижий, айниқса демократик давлатларнинг ҳурматли етакчиларини мамлакатга чақириши бежиз эмас. Барчаси эркинлик каби нозик масалаларда ҳам чимчилаб олувчи ҳукуматлар томонидан легитимлик тан олинишида шубҳа бўлмаслиги учун.

ХЖС ордери эса халқаро муносабатлар орқали шундоқ ҳам уруш туфайли имкониятлари анча пасайган Путиннинг бу легитимлигига яна бир зарба беради. 

Мавзуга оид