Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Шимолий Корея «радиоактив цунами» келтириб чиқарувчи қурол ҳақида маълум қилди
Жанубий Корея ва АҚШдаги таҳлилчилар Шимолий Кореянинг ядровий қуролга эга сувости дрони ҳақидаги даъвосини шубҳа остига олишмоқда.
Шимолий Корея ядровий қурол олиб юришга қодир бўлган янги сувости дронини синовдан ўтказди. Бу ҳақда Пхенян 24 март, жума куни маълум қилди. Унинг вазифаси, айтилишича, операцион зонага яширинча етиб бориш ва сувости портлашидан фойдаланиб, душман кемалари гуруҳлари ва асосий портларини йўқ қилиш учун «ўта кучли радиоактив цунами»ни келтириб чиқаришдир.
Корея марказий телеграф агентлиги (КМТА) маълумотларига кўра, қурилманинг синовдан ўтказилиши АҚШ ва Жанубий Кореянинг яқинда ўтказган қўшма машғулотларига жавоб бўлган. У, КХДР маълумотларига кўра, минтақавий хавфсизлик соҳасидаги вазиятни ёмонлаштирган. Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин жараённи назорат қилди. КМТА, шунингдек, 22 март, чоршанба куни Пхенян «ядро каллагига ўхшаш жанговар каллак билан жиҳозланган» стратегик қанотли ракеталарни синовдан ўтказгани ҳақида хабар берди.
13 март куни бошланган беш йил ичидаги энг йирик Жанубий Корея-АҚШ қўшма манёврлари фонида Шимолий Корея бир нечта ракета учиришларини амалга оширди. Хусусан, ўтган ҳафтада «ядровий каллак макети билан жиҳозланган тактик баллистик ракетанинг учирилиши» содир бўлди. Жанубий Корея Бош штаби маълумотларига кўра, КХДР томонидан учирилган қисқа масофали ракета денгизга тушган.
Бироқ, AFP хабарига кўра, таҳлилчилар Шимолий Кореянинг «радиоактив цунами»ни келтириб чиқарадиган қурол ҳақидаги даъволарига шубҳа билан қараган. Пхенянда «ядровий қурол олиб юришга қодир сувости дрони бор» деган фикрга шубҳа билан қараш керак», деди Сеулдаги Ихва университети профессори Лейф-Эрик Исли. Америкалик таҳлилчи Анкит Панда фикрича, Пхеняннинг баёноти «алдашга уриниш» ёки «психологик операция» эканлигини инкор этиб бўлмайди.